Янги Зеландия соҳилида 50 га яқин кит нима сабабдан ҳалок бўлди?

Янги Зеландия соҳилида 50 га яқин кит нима сабабдан ҳалок бўлди?
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Янги Зеландиянинг Шимолий оролидаги Нгави соҳили яқинида 50 га яқин узун сузгичли қора кит қирғоққа чиқиб қолди ва уларнинг аксарияти нобуд бўлди.
  • Тирик қолган китларни қутқариш учун маҳаллий маори қабиласи ҳамда Прожект Жонаҳ ташкилоти вакиллари ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
  • Мутахассислар ушбу ҳайвонларнинг нима сабабдан гуруҳ бўлиб қуруқликка чиқиб қолганини ҳозирча аниқлай олмаган.

Янги Зеландиянинг Шимолий ороли соҳилларидан бирида 50 га яқин узун сузгичли қора кит (pilot whale) қирғоққа чиқиб қолди. Уларнинг аксарияти нобуд бўлган, тирик қолганларини эса яна очиқ денгизга қайтариш учун қутқарув ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда “Japan Today” хабар берди.

Маълум қилинишича, китлар Шимолий оролнинг энг жанубий нуқтаси ҳисобланган Кейп Паллисер яқинидаги Нгави соҳилидан топилган. Дастлаб қирғоққа чиқиб қолган китлар сони камида 20 та экани қайд этилган. Бироқ маҳаллий аҳоли “Radio New Zealand” нашрига берган маълумотида тун давомида соҳилда қолиб кетган китлар сони 50 тагача етганини билдирган.

Айни пайтда китларни қутқариш ишлари маҳаллий маори қабиласи ҳамда бундай тадбирларга ихтисослашган Project Jonah ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ҳозиргача икки китни денгизга қайтаришга муваффақ бўлинган.

Қутқарувчилар тирик қолган китларнинг аҳволини барқарорлаштириш ва уларни сув билан таъминлаш учун турли чораларни кўрмоқда. Жумладан, ҳайвонлар устига челакларда сув сепилмоқда, шунингдек, уларнинг танаси қуриб қолмаслиги учун нам сочиқлардан фойдаланилмоқда.

Project Jonah ташкилотининг 5 ноябрь куни Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилган хабарига кўра, ўша вақтда тўртта кит тирик қолган бўлган. Уларни сув сатҳи кўтарилган пайтда яна денгизга қайтариш режалаштирилган.

Маҳаллий аҳоли вакили Роб Баргнинг таъкидлашича, тирик қолган китларнинг ҳам аҳволи анча оғир бўлган.

Маълумот учун, Янги Зеландия ва унга қўшни Австралия қирғоқларида китларнинг оммавий равишда қуруқликка чиқиб қолиши тез-тез кузатиладиган ҳодисалардан бири ҳисобланади. Бунинг сабаби сифатида икки мамлакат атрофидаги чуқур океанларда узун сузгичли қора китларнинг йирик популяцияси яшаши кўрсатилади.

Шунга қарамай, китларнинг нима сабабдан гуруҳ бўлиб қирғоққа чиқиб қолиши ҳозиргача аниқланмаган. Мутахассислар бу ҳодисанинг асл сабабларини ҳанузгача тўлиқ тушунтириб бера олмаган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар