
Берлин шаҳрида Украина президенти Володимир Зеленский билан ўтказилган учрашув давомида Россия бошлаган жанг ҳаракатларини тўхтатиш масаласида сезиларли илгарилашга эришилгани маълум қилинди. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф 14 декабрь куни X ижтимоий тармоғида билдирган.
Унинг таъкидлашича, эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш бўйича АҚШ ва Украина делегациялари ўртасидаги маслаҳатлашувлар беш соатдан ортиқ давом этган. Музокараларда Трампнинг маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнер ҳам иштирок этган.
Стивен Уиткофф ёзишича, томонлар 20 банддан иборат тинчликка олиб борувчи йўл харитаси, иқтисодий масалалар ва хавфсизликка доир қатор йўналишларни атрофлича муҳокама қилган. Учрашувда Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам дастлаб қатнашган, кейинчалик эса ўз вакилини қолдирган ҳолда музокараларни тарк этган.

«Биз Украинада барқарор ва мустаҳкам тинчликни истаймиз. Олдимизда осон бўлмаган масалалар турибди, аммо олға интилишда қатъиятлимиз», — деб ёзди Фридрих Мерц ижтимоий тармоқда.
Маълум қилинишича, 15 декабрь куни музокаралар давом эттирилади. AFP агентлигига кўра, кечки пайтда учрашувларга Европа давлатлари раҳбарлари, шунингдек Европа Иттифоқи ва НАТО вакиллари ҳам қўшилиши кутилмоқда.
Бундан аввал Reuters агентлиги Зеленскийнинг журналистлар билан ёпиқ мулоқотида тинчлик масаласида муайян муросаларга тайёр эканини маълум қилганини ёзган. Жумладан, Украина НАТОга аъзо бўлиш ўрнига АҚШ ва Европа давлатлари томонидан ҳуқуқий мажбурий хавфсизлик кафолатларини қабул қилиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда.
Шунингдек, Зеленский 14 декабрь куни фронтнинг ҳозирги чизиғи бўйича жанг ҳаракатларини музлатишни нисбатан адолатли ечим деб атаган. Россия томони эса аввал ҳам бир неча бор Киевдан Донецк ва Луганск вилоятларининг айрим ҳудудларидан Украина қўшинларини олиб чиқишни талаб қилиб келган.
Берлиндаги ушбу музокаралар эса узоқ вақтдан бери давом этаётган зиддиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш сари қадам сифатида баҳоланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.