АҚШ ва Исроил Теҳрондаги стратегик объектларга зарба бермоқда

Фото: Anadolu via Getty / АҚШ ва Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлган генерал Али Муҳаммад Наиний шараф билан дафн этилди.
Яқин Шарқдаги вазият тобора кескин тус олмоқда. АҚШ ва Исроил томонидан Эрон пойтахти Теҳрон ҳамда мамлакатнинг бошқа ҳудудларида жойлашган муҳим стратегик объектларга ҳаво зарбалари берилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Шанба куни Исроил ҳарбийлари ўз авиацияси Теҳронда жойлашган Ядровий ишланмалар илмий-тадқиқот марказига аниқ зарба берганини расман маълум қилди. Бу объект Эроннинг ҳарбий ва технологик салоҳияти учун муҳим нуқталардан бири сифатида баҳоланади.
Исроил армияси маълумотига кўра, ушбу марказ Malek Ashtar University of Technology қошида жойлашган бўлиб, у ерда Эрон мудофаа саноати эҳтиёжлари учун ядро қуролига оид айрим компонентлар ишлаб чиқилган. Шу сабабли мазкур объект “стратегик аҳамиятга эга” деб баҳоланган.
Қайд этиш жоизки, Эрон мудофаа вазирлигига бўйсунувчи ушбу университет мамлакатнинг ядро ва ракета дастурлари билан боғлиқлиги сабабли аввалданоқ Ғарб давлатлари томонидан санкциялар рўйхатига киритилган.
Айни пайтда Эрон расмийлари ҳам кескин баёнотлар билан чиқмоқда. Жумладан, Эрон парламенти раиси Муҳаммад Боқир Ғолибоф мамлакат урушнинг янги ва янада хавфли босқичига кириб бораётганини таъкидлади.
Унинг фикрича, бу жараён олдиндан режалаштирилган стратегияларни амалга ошириш босқичи бўлиши мумкин. “Агар Исроил кучли ҳимояга эга деб ҳисобланган Димона ҳудудида ҳам ракеталарни тўлиқ тўхтата олмаса, бу ҳарбий нуқтаи назардан можаро янги босқичга ўтганини англатади. Демак, Исроил осмони аввалгидек хавфсиз эмас”, — дея таъкидлади у X платформасидаги баёнотида.
Мутахассислар фикрича, бу каби ўзаро зарбалар ва кескин баёнотлар минтақадаги вазиятни янада издан чиқариши мумкин. Ҳар икки томоннинг ҳарбий фаоллиги ортиши эса кенг кўламли можарога айланиш хавфини кучайтирмоқда.
Ҳозирча халқаро ҳамжамият вазиятни диққат билан кузатмоқда. Дипломатик ечим топиш имкониятлари сақланиб қолмоқда, бироқ ҳар бир янги зарба бу имкониятларни янада қисқартираётгани ҳам аён.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!