Археологлар 500 минг йиллик фил суягидан ясалган болғани аниқлади

Буюк Британиянинг жанубида жойлашган Боксгроув археологик ёдгорлигида топилган ва қарийб 500 минг йиллик тарихга эга бўлган фил суягидан ясалган асбоб олимларни ҳайратда қолдирди. Мутахассислар ушбу топилмани Европада аниқланган энг қадимий фил суягидан тайёрланган меҳнат қуроли деб баҳоламоқда.
Тадқиқот натижаларига кўра, мазкур буюм аввал оддий суяк парчаси деб ҳисобланган. Бироқ замонавий 3D-сканерлаш ва электрон микроскоплар ёрдамида ўтказилган таҳлиллар унинг инсон томонидан қайта ишлангани ва меҳнат қуроли сифатида фойдаланилганини тасдиқлади. Асбоб юзасидаги зарба излари ҳамда чақмоқтош бўлаклари унинг тош қуролларни чархлаш ва қайта шакллантиришда ишлатилганини кўрсатди.
Олимларнинг фикрича, ушбу қурол тахминан 480–500 минг йил аввал яшаган қадимги инсонлар — Homo heidelbergensis ёки илк неандерталлар томонидан ясалган бўлиши мумкин. Улар фил суягининг мустаҳкам ва чидамли ташқи қисми тош асбобларга аниқ ишлов бериш учун жуда мос материал эканини яхши билган.
Мутахассислар бу кашфиёт қадимги инсонлар аввал ўйланганидан кўра анча юқори техник билим ва маҳоратига эга бўлганини яна бир бор исботлашини таъкидламоқда. Суякдан ясалган бу болға бир неча бор ишлатилгани аниқланган бўлиб, бу унинг тасодифий эмас, мақсадли тайёрланган меҳнат қуроли бўлганини англатади.
Тадқиқот муаллифларининг қайд этишича, органик материаллардан ясалган асбоблар вақт ўтиши билан яхши сақланиб қолмайди. Шу боис бундай топилмалар жуда кам учрайди ва қадимги инсонларнинг кундалик ҳаёти ҳамда технологиялари ҳақида қимматли маълумот беради.






























Изоҳлар 0
…