107 ёшли блогер узоқ умрининг оддий сирини очди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- 107 ёшли Мария Моралес Тирадо, «Доня Мами» номи билан танилган, ижтимоий тармоқларда машҳурликка еришганидан сўнг вафот етди.
- Унинг узоқ умрининг сири меҳнацеварлик, оилага эътибор ва анъанавий турмуш тарзи бўлган.
- Доня Мами 14 фарзанд, 48 набира, 71 чевара ва 28 евара кўрган.
- Унинг ўғли Тони Моралеснинг айтишича, онаси ўз шартлари билан тинч ҳаётдан кўз юмган.
Пуэрто-Рикода ижтимоий тармоқлар орқали машҳурликка эришган Мария Моралес Тирадо 107 ёшида вафот этди. Кўпчиликка «Doña Mami» номи билан таниш бўлган аёл бир неча йил аввал узоқ умр кўришининг оддий сирини очиб берган эди.
Мария 107 ёшга тўлган кунини нишонлаганидан атиги уч соат 45 дақиқа ўтиб ҳаётдан кўз юмди. У 28 сентябрь, душанба куни Пуэрто-Рикода тинч ва осойишта вафот этган.
Doña Mami оиласи, анъанавий турмуш тарзи ва ёшлик йилларидаги Пуэрто-Рико ҳаёти ҳақидаги хотираларини ижтимоий тармоқларда бўлишиб, интернет фойдаланувчилари орасида машҳурликка эришган.
У 2019 йилда 100 ёшини нишонлаганида узоқ умр кўриш тарзи ҳақида ҳам сўзлаб берган.
«Мен бу 100 йилни ишлаш билан ўтказдим. Рақсга тушмадим, базмларга бормадим ва ичмадим. Фарзандларимни катта қилдим, фермада ишладим ва кўплаб funche едим», — деган эди у.
Funche — Пуэрто-Рикога хос анъанавий маккажўхори унидан тайёрланадиган таом.
Yabucoa шаҳрида яшаган Doña Mami ёшлигидан ер билан ишлаган ва ҳатто 80–90 ёшларида ҳам экин етиштиришни давом эттирган.
Унинг набираси Хулио Сесар Леброн бувисини кексайган даврида ҳам жуда бақувват бўлганини эслаган. У Doña Mami’ни «30 ёшли инсон каби куч билан кетмон кўтариб ишлаётганини» кўрганини айтган.
Оддийлиги, самимий феъл-атвори ва ғайрати уни ижтимоий тармоқлардаги машҳур шахслардан бирига айлантирди. Бу ҳақда Need To Know хабар берган.
У интернетда илк бор 2017 йилда пайдо бўлган. Ўша пайтда набираси унинг иштирокидаги видеоларни Facebook’да жойлашни бошлаган. «Mami is my Attitude 4 a Lifestyle» саҳифаси эса 200 мингдан ортиқ обуначи тўплаган.
Шунга қарамай, Doña Mami ҳаётининг марказида доимо оиласи турган. У турмуш ўртоғи Виктор Моралес Мартинес, яъни «Papi» билан биргаликда 14 нафар фарзандини тарбиялаган.
У 48 нафар набира, 71 нафар чевара ва 28 нафар эвара кўриш бахтига ҳам эришган.
Унинг вафоти ҳақида ўғли Тони Моралес таъсирли мурожаат орқали хабар берди.
«Онажоним 107 йил, уч соат ва 45 дақиқа яшади», — деб ёзди у.
Тонининг сўзларига кўра, соат 03:45 да Doña Mami турмуш ўртоғи Papi, Хуана Мария, Толедо, ака-ука ва опа-сингиллари, куёвлари ҳамда ундан аввал ҳаётдан кўз юмган кўплаб яқинлари билан қайта бирлашган.
«У қандай яшаган бўлса, шундай кетди — ўз шартлари асосида ва тинчгина», — деди Тони.
Унинг таъкидлашича, Doña Mami’нинг сўнгги йилларида жисмоний куч-қуввати пасайган. Бунга бутун умри давомида меҳнат қилгани, ерга экин эккани, овқат тайёрлагани ва фарзандларини тарбиялагани сабаб бўлган.
Бироқ у умрининг сўнгги лаҳзаларига қадар яқинларига ўз тажрибасини улашиб, уларга сабоқ беришда давом этган.
«Унинг ҳаётини шунчаки йиллар билан ўлчаб бўлмайди. Чунки унинг ҳақиқий мероси ортида қолдирган авлодлари орқали яшашда давом этади. Биз унинг фидойилиги маҳсулимиз ва жангчи аёлнинг авлодларимиз», — дея таъкидлади Тони Моралес.






























Изоҳлар 0
…