Аёл «Кальмар ўйини» актёри билан кўришиш учун 350 минг доллардан айрилди

Аёл «Кальмар ўйини» актёри билан кўришиш учун 350 минг доллардан айрилди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Жанубий Кореяда 50 ёшлардаги аёл «Калмар ўйини» сериали юлдузи Ли Жонг Же билан муносабатда эканига ишониб, фирибгарга тахминан 350 минг доллар юборди.
  • Фирибгар актёрнинг сунъий интеллект ёрдамида яратилган суратларидан фойдаланиб, аёлнинг ишончини қозонган ва унга «азизим», «шириним» деб мурожаат қилиб, романтик ҳислар уйғотган.

Жанубий Кореяда 50 ёшлар атрофидаги аёл машҳур «Кальмар ўйини» (Squid Game) сериали юлдузи Ли Жонг Жэ билан муносабатда эканига ишониб, интернет фирибгарига 500 миллион вондан ортиқ, яъни тахминан 350 минг доллар юборди. Фирибгар актёрнинг сунъий интеллект ёрдамида яратилган суратларидан фойдаланиб, аёлнинг ишончини қозонган.

Жанубий Кореянинг Мирян шаҳрида яшовчи, оммавий ахборот воситаларида «А» деб аталган аёлга ижтимоий тармоқ орқали ўзини машҳур актёр деб таништирган шахс мурожаат қилган. Кейинчалик улар KakaoTalk мессенжерида мулоқот қилишни бошлаган. Фирибгар аёлга «азизим» ва «шириним» деб мурожаат қилиб, унда актёр унга нисбатан романтик ҳислар пайдо қилган деган тасаввурни уйғотган.

«Мен актёр Ли Жонг Жэман. Мухлислар билан мулоқот қилиш учун сизга ёздим», — деган у дастлабки хабарларидан бирида.

Аёл сохта актёрнинг пул сўрашларига ҳам ишонган. Фирибгар гўёки хориждаги аэропортда қолиб кетгани ва уйига қайтиш учун маблағ кераклигини айтган. Ишонч қозониш учун эса шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва ҳайдовчилик гувоҳномасининг сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган суратларини юборган.

«У Кореяга қайтишим билан пулингизни қайтараман, деб айтганди. Мен унга ишондим», — деган аёл кейинчалик полицияга. Аммо бу вақтга келиб у фирибгарга 500 миллион вондан ортиқ маблағ юбориб бўлган эди.

Аёлнинг айтишича, у сохта актёр билан шахсан учрашиш имконини берувчи VIP рухсатнома учун ҳам тахминан 7 500 доллар тўлаган. Бироқ ҳар сафар турли баҳоналар пайдо бўлиб, учрашув амалга ошмаган. Фирибгар яна пул талаб қилишда давом этгач, аёл полицияга мурожаат қилишга қарор қилган.

Кёнсаннам-до провинцияси полиция агентлиги аёл романтик муносабатлар орқали амалга ошириладиган фирибгарлик қурбони бўлганини тасдиқлади. Ҳозирча ўзини Ли Жонг Жэ деб таништирган шахснинг асл кимлиги аниқланмаган.

Воқеа кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, актёрнинг агентлиги ҳам мухлисларни огоҳлантирди. Баёнотда Ли Жонг Жэ номидан пул сўраётган шахсларга маблағ юбормаслик сўралган.

Афсуски, аёлнинг йўқотган пулини қайтариб олиш имконияти жуда кам. Бундан бир неча ой аввал ҳам Францияда бир аёл интернет орқали ўзини Брэд Питт деб таништирган фирибгарга ишониб, 850 минг доллардан айрилган эди.

Бу воқеалар машҳур шахслар номидан ёзадиган нотанишларга ишонишдан олдин уларнинг шахсини текшириш, айниқса, шахсий муносабатлар баҳонасида пул талаб қилинса, эҳтиёткор бўлиш зарурлигини кўрсатади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар