«Кальмар ўйини» сабаб 12 ёшли бола ўлдирилдими?

Москва вилоятининг Орехово-Зуево шаҳар округида 12 ёшли мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди. Жиноятда гумонланаётган 15 ва 16 ёшли икки нафар юқори синф ўқувчиси қўлга олинган. Бу ҳақда «Meduza» хабар берди.
Маълум бўлишича, 12 ёшли бола 26 август куни Кабаново қишлоғида бедарак йўқолган. Уни қидириш ишларига кўнгиллилар ҳам жалб этилган. Бир кун ўтиб, боланинг жасади ташландиқ бинодан топилган. Терговчилар қотиллик бўйича жиноят иши қўзғатган.
Кўп ўтмай, маҳаллий 15 ва 16 ёшли икки қиз гумонланувчи сифатида ушланган. Оммавий ахборот воситалари ва Telegram-каналларидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга яқин манбаларга кўра, қизлар жиноятни олдиндан режалаштирган бўлиши мумкин. Улар зарур буюмларни тайёрлаб, болани қишлоқдаги қўшниси сифатида танишган.
Тахминларга кўра, бола йўқолган куни қизлар уни сайр қилишга чақирган ва ташландиқ бинога олиб борган. «Комсомольская правда» нашрининг полициядаги манбаси қизлар «одамлар қандай ўлишини кўришни» истаганини билдирган.
Айрим манбалар жиноят жараёни телефонга тасвирга олингани ва бу қандайдир «видео челленж» билан боғлиқ бўлганини ёзган. Бошқа версияга кўра эса, гумондорлар изларни қолдирмаслик учун телефонларини ўзлари билан олмаган. Жиноятдан кейин улар уйларига қайтган.
«Кальмар ўйини» билан боғлиқ версия

Ҳалок бўлган боланинг онаси Ирина «msk1» нашрига берган интервьюсида гумонланувчилар бошқа жиноятларни ҳам режалаштирган бўлиши мумкинлигини айтган.
Унинг сўзларига кўра, тергов версияларидан бири қизлар Жанубий Кореянинг машҳур «Кальмар ўйини» сериали таъсирида ҳаракат қилган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Сериалда қаҳрамонлар ҳаёт-мамот учун шафқатсиз ўйинларда иштирок этади. Онаси терговчилар бундай тахминга гумонланувчилардан бирининг хонасида сериал қаҳрамонлари тасвирланган плакатлар бўлгани ва унинг TikTok аккаунтида сериалдагиларнинг зўравонлик саҳналари жойлангани асосида келганини айтган.
Қишлоқ аҳолисидан бири эса «msk1»га қизларни тинч ва жанжалкаш эмас, деб таърифлаган. Унинг айтишича, икки ўсмир бир-бири билан яқин дўст бўлган ва кўп вақтини бирга ўтказган.
Шунингдек, гумонланувчилардан ҳалок бўлган бола ҳам киритилган 50 нафардан иборат рўйхат топилгани ҳақида маълумот тарқалган. Аммо бу маълумот ҳам ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Гумонланувчилар сўроқда нима деган?
Силовикларга яқин РЕН манбаси гумонланувчилар сўроқда берган кўрсатмалари ҳақида ҳам маълумот тарқатган.
Унга кўра, қизлардан бири анчадан бери қон ва одам ўлимига қизиққанини айтган. Бошқа гумонланувчи эса дугонаси билан романтик муносабатда бўлгани, ҳалок бўлган бола бу сирни ошкор қилиб қўйишидан хавотирланганини билдиргани айтилмоқда.
Айрим манбалар гумонланувчиларнинг ҳеч қандай субмаданият, жумладан, сатанизм билан боғлиқ эмаслигини, аммо «Кальмар ўйини» сериалига катта қизиқиш билдирганини таъкидламоқда.
Ҳозирча тарқалаётган маълумотларнинг бир қисми ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан расман тасдиқланмаган. Тергов давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…