Хитойда 11 ёшли бола 14 соат дарс қилгач шифохонага тушди

Хитойда 11 ёшли бола 14 соат дарс қилгач шифохонага тушди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Хитойнинг Чанша шаҳрида 11 ёшли бола 14 соат давомида танаффуссиз дарс қилгач, гипервентиляция билан боғлиқ нафас олиш бузилиши туфайли шифохонага тушди.
  • Бола эрталаб 8:00 дан кечки 22:00 гача уй вазифаларини бажарган, натижада унинг аҳволи ёмонлашиб, тез нафас олиш, бош айланиши ва қўл-оёқларда увишиш каби аломатлар кузатилган.

Хитойнинг Чанша шаҳрида яшовчи 11 ёшли бола ота-онаси назорати остида 14 соат давомида танаффуссиз уй вазифаларини бажариб, дарс қилганидан сўнг шифохонага олиб борилди. Узоқ вақт давом этган ўқиш ва руҳий босим унинг саломатлигига жиддий таъсир кўрсатган.

Хитойда таълимда юқори натижаларга эришишга бўлган интилиш ҳеч кимга сир эмас. Бироқ айрим ҳолларда ўқишдаги муваффақият учун ҳаддан ташқари қаттиқ ҳаракат қилиш болалар саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин.

Яқинда содир бўлган ушбу воқеа ҳам бунга мисол бўла олади. 11 ёшли бола эрталаб соат 8:00 дан кечки 22:00 гача дам олмасдан уй вазифаларини бажарган. Соат 23:00 га келиб эса унинг аҳволи ёмонлашган: бола безовталаниб, тез-тез нафас ола бошлаган, боши айланган, бош оғриғи ва қўл-оёқларида увишиш пайдо бўлган.

Бутун кун давомида унинг дарс қилишини назорат қилган ота-онаси хавотирга тушиб, болани маҳаллий шифохонага олиб борган. Шифокорлар текширувлардан сўнг унда ҳаддан ташқари тез нафас олиш — гипервентиляция билан боғлиқ нафас олиш бузилиши кузатилганини аниқлашган.

14 соатлик ўқиш боланинг аҳволини ёмонлаштирди

Ҳодиса ўтган ойнинг охирида содир бўлган. Фақат Лянлян исми билан танилган болага шифокорлар нафас олиш ниқобини тақиб, нафасини бир маромга келтиришни ўргатишган.

Мутахассислар таъкидлашича, болада кузатилган ҳолат ҳаддан ташқари тез ва чуқур нафас олиш натижасида юзага келган. Бунга эса ота-онасининг уни 14 соат давомида узлуксиз дарс қилишга мажбурлаши оқибатида пайдо бўлган руҳий зўриқиш сабаб бўлгани айтилмоқда.

Бундай нафас олиш бузилиши кўкрак қафасида сиқилиш, нафас етишмаслиги ҳисси, бош айланиши, қўл-оёқлар, лаблар ва ҳатто бутун танада увишиш каби аломатлар билан намоён бўлиши мумкин. Оғир ҳолатларда мушаклар қаттиқлашиши, бармоқларнинг тортишиши ва қўл панжаларининг ғайриоддий ҳолатга келиши ҳам кузатилади. Ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, бу ҳолат бемор ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин.

Шунга ўхшаш ҳолатлар кўпаймоқда

Лянлян билан содир бўлган воқеа камдан-кам учрайдигандек туюлиши мумкин. Бироқ Чанша марказий шифохонаси маълумотларига кўра, фақат болалар шошилинч тиббий ёрдам бўлимининг ўзи август ойида шунга ўхшаш аломатлар билан мурожаат қилган 30 нафардан ортиқ вояга етмаган беморни қабул қилган.

Бу кўрсаткич аввалги ойларга нисбатан ўн баробар кўп экани қайд этилган. Мутахассислар бундай ҳолатларнинг асосий сабаблари сифатида ўқишдаги босим, имтиҳонлар туфайли юзага келадиган хавотир ва мобиль телефонлардан узоқ вақт фойдаланишни кўрсатишган.

Лянляннинг воқеаси Хитойда таълимда юқори натижаларга эришишга бўлган кучли интилиш ва ўқувчилар зиммасига тушаётган босим масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.

Мамлакатда «гаокао» деб аталадиган мураккаб университетга кириш имтиҳонлари ёшларнинг келажагига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли айрим ўқувчилар юқори натижаларга эришиш учун жуда катта руҳий босим остида қолишади.

Бу воқеа болаларнинг таълим олиши муҳим бўлса-да, уларнинг саломатлиги ва дам олиши ҳам эътибордан четда қолмаслиги кераклигини кўрсатади. Узлуксиз ўқиш ўрнига мунтазам танаффус қилиш, етарли дам олиш ва боланинг руҳий ҳолатини ҳисобга олиш унинг соғлом ривожланиши учун муҳимдир.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар