18:05 / 01.10.2020
3 432

Россия ТИВ Сурия ва Ливиядаги жангарилар Тоғли Қорабоғга ташлангани ҳақида баёнот берди

Россия ТИВ Сурия ва Ливиядаги жангарилар Тоғли Қорабоғга ташлангани ҳақида баёнот берди
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги жанглар вақтида вайрон бўлган уй, 2020 йил 30 сентябрь.
Фото: Meduza

Озарбайжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғда ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони икки мингдан ошганини маълум қилди. Арманистон Мудофаа вазирлиги 30 сентябрь куни тонгда Тоғли Қорабоғда тўқнашувлар қайтадан бошланганидан бери Арманистон 2300 нафаргача одам йўқотганини маълум қилди (уларнинг айнан қанчаси ҳалок бўлган, қанчаси яраланган — аниқлик киритилмаган).

Арманистон Мудофаа вазирлиги эса озарбайжонликлар бир кун давомидаги ўз йўқотишларини Арманистон армиясига қўшиб айтаётганини таъкидлади. Низо ҳудудида тўқнашувлар давом этмоқда, ҳар иккала томон тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётгани ва душманнинг ҳарбий техникаси йўқ қилинаётгани ҳақида хабар бериб турибди.

Грузия низони тартибга солиш бўйича музокараларни Тбилисида ўтказишни таклиф қилди. «Минтақада имкон қадар тезроқ тинчлик ўрнатилиши бизнинг умумий манфаатларимизга мос келади», — деди Грузия бош вазири Георгий Гахария. Аввалроқ Россия (у музокараларни Москвада ташкил этишни ва унда ўзи воситачи сифатида қатнашишни таклиф қилганди), АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва халқаро ташкилотлари, хусусан, БМТ ва ЕХҲТ ҳар иккала томонни ўт очишни тўхтатишга чақирган эди.

Боку алоҳида мамлакатлар томонидан илгари сурилаётган мулоқотга киришиш чақирувларини маънисиз деб атади. «У ёки бу мамлакат томонидан бўлаётган мулоқотга чақирувлар ўринсиздир. Бундай чақирувлар халқаро ташкилотлар, БМТ томонидан бўляпти ва биз буни, табиийки, қабул қиламиз, шундай чақирувлар ЕХҲТ тарафидан ҳам янграмоқда, чунки уларда ҳам ваколат бор.

Шунчаки: ‘Мулоқотни бошланглар, биз ёрдам берамиз’, деб айтаётганларга келсак, бундай чақирувларга ҳожат йўқ. Ҳозир ҳақиқат қарор топадиган фурсат
», — деди Озарбайжон президенти Илҳом Алиев. Унинг сўзларига кўра, агар халқаро ҳамжамият Арманистон ҳукуматини Қорабоғдан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга мажбур қила олмаса, у ҳолда «Озарбайжон аскари уларни тўхтатади ва уларни ўз ҳудудидан чиқариб юборади, шу билан адолат тантана қилади». Аввалроқ Арманистон томони юзага келган ҳозирги вазиятда — то ўчиш тўхтатилмагунича — музокаралар ҳақида сўз очиш ўринсизлигини таъкидлаган эди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Сурия ва Ливиядаги жангарилар Қорабоғ низоси ҳудудига ташланаётганини маълум қилди. Айни вақтда вазирлик бу иш низолашувчи томонларнинг қай бири томонидан амалга оширилаётганига аниқлик киритмади. Аввалроқ жангларда чет эллик ёлланма жангарилар қатнашаётгани ҳақида Озарбайжон ҳам, Арманистон ҳам гапирган (табиийки, бир-бирини айблаган ҳолда).

Арманистон ҳукуматининг таъкидлашича, ёлланма жангариларни Туркия юбормоқда. Арманистоннинг Россиядаги элчиси Вардан Тоганяннинг сўзларига кўра, Суриядан Тоғли Қорабоғга «тўрт мингга яқин жангари» ташланган. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев бу маълумотни рад этиб, Туркия Озарабйжонга фақат «руҳий-маънавий ёрдам кўрсатаётгани»ни қатъий айтиб ўтган эди. Ўз навбатида, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги жангларда ҳалок бўлган Арманистон вакиллари орасида «Сурия ва Яқин Шарқнинг турли мамлакатларидан бўлган арман миллатига мансуб кўплаб ёлланма жангарилар бор»лиги ҳақида баёнот берган эди.

Озарбайжон ва Арманистон диаспоралари Москвада яшаётган ватандошларини «босиқлик»ка чақирди. «Кескинлик Россия ҳудудига кўчиб ўтишига ва шу билан икки халқ жамоалари ўртасида низо ўчоқлари юзага келишига асло йўл қўйиб бўлмайди», — дейилади Москва мерияси томонидан эълон қилинган икки мамлакат диаспораларининг қўшма баёнотида. 2020 йил ёзида, Қорабоғ низоси навбатдаги марта «қайталаган» вақтда, озарбайжонлар ва арманлар Москвада оммавий муштлашув, тўполонлар келтириб чиқарган эди.

Москва кинофестивали дастуридан Қорабоғ низоси ҳақидаги фильм олиб ташланди. Гап 1990 йилларда Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларни ёритиб борган фронт операторлари ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи «Жаннат дарвозалари» картинаси ҳақида бормоқда. Фестиваль ташкилотчилари бу қарор эҳтиёт чораси сифатида қабул қилинганини билдирди. «Москвада ва Қорабоғ атрофида озарбайжонлар ва арманлар ўртасидаги тўқнашувлар олдини олиш мақсадида биз, картина яхши бўлса-да, уни намойиш этишдан тийилишга қарор қилдик», — деди фестиваль дастурий директори Кирилл Разлогов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия ТИВ Сурия ва Ливиядаги жангарилар Тоғли Қорабоғга ташлангани ҳақида баёнот берди