08:33 / 30.10.2020
856

Дональд Трампнинг президентлик даври ҳақида 10 та факт

Дональд Трампнинг президентлик даври ҳақида 10 та факт
Фото: Reuters
3 ноябрь куни АҚШда президент сайловлари бўлиб ўтади, унинг натижалари Дональд Трамп Оқ уйда яна тўрт йилга қолиш-қолмаслигини ҳал қилади. Унинг биринчи президентлик муддати нималар билан ёдда қолди? Булар ҳақида «РБК» ўз мақоласида айтиб ўтади.

Иқтисодиётнинг рекорд даражада узоқ ўсиши ва кескин пасайиши
2019 йилнинг ёзида АҚШда ЯИМ ўсиш даврининг тарихдаги энг узоқ давом этиши қайд қилинган — у 121 ой (ўн йил) давом этган. 2008 йилдаги молиявий инқироздан кейинги қайта тикланиш даври Барака Обаманинг президентлик пайтидаёқ бошланган эди. Ишсизлик даражаси ўтган йили 50 йил ичидаги энг паст даражага — 3,5 фоизга тушди, америкаликларнинг маоши эса йиллик ҳисобда 4 фоизга ўсиб, соатига 28,54 долларга етди. Кейинроқ бу муваффақиятларни COVID-19 коронавирус пандемияси йўққа чиқарди.

Иккинчи чоракда Америка иқтисодиёти қарийб 33 фоизга пасайиб кетди (йиллик суръатларга айлантирганда). Бу қулаш АҚШ ҳукумати бундай статистикани тўплашни бошлаган 1947 йилдан буён антирекордга айланди. 2019 йилда АҚШ ЯИМ 2,2 фоизга ўсди, 2020 йилда эса 5,8 фоизга тушиб кетиши мумкин, Халқаро валюта фонди прогнози шундан дарак бермоқда. 2021 йилда АҚШ ЯИМ 3,8 фоизга ўсади, бутун дунё ЯИМ қайта тикланувчи ўсиши эса 5,2 фоизга тенг бўлади.

Хитой — ортиқ АҚШнинг бош савдо шериги эмас
2019 йил якунларига кўра, АҚШнинг савдо бўйича асосий шериги Мексика бўлди (савдо айланмаси — 614 миллиард доллар), иккинчи ўринда — Канада (612 миллиард доллар), Хитой эса бор-йўғи учинчи ўринни эгаллади (558 миллиард доллар ёки жами айланманинг 13,5 фоизи). Бундай динамика шу йил давомида ҳам сақланмоқда.

АҚШ савдо вазирлиги маълумотларига кўра, Американинг бош савдо шериклари январдан августгача бўлган даврда Мексика ва Канада бўлиб қолмоқда, Хитой учинчида бормоқда. Хитой Трамп маъмурияти томонидан Хитой импортига нисбатан киритилган чеклов чоралари фонида АҚШнинг савдо бўйича бош шериги мақомидан айрилди. Вашингтон Хитой фирмалари, шу жумладан, ZTE телекоммуникация компаниясига қарши санкциялар ҳам киритган.

2010 йилда АҚШ ва Хитойнинг умумий савдо айланмаси 456 миллиард долларга тенг бўлган, 2018 йилда у 660 миллиард долларгача ўсди. 2012—2017 йилларда Американинг ХХРга экспорти 25 фоизга ўсди, Хитойдан импорт эса 27 фоизга ўсди. 2017—2019 йилларда савдо зиддиятлари фонида Америка экспорти ҳажми 18 фоизга, импорти эса 10,5 фоизга қисқарди.

Трамп йўқ қилишга ваъда берган АҚШ ва Хитой савдо танқислиги эса 2015—2016 йиллардаги 347 миллиард доллардан 2017—2018 йилларда 380 миллиард долларгача ошди. Маҳсулотлар ва хизматлар савдоси танқислиги 2019 йилда 308 миллиард долларгача пасайди. Иккала томонга тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми ҳам пасайди. 2016 йилда бу кўрсаткич 60,5 миллиард долларга, 2017 йилда 43,8 миллиард долларга тенг бўлган, 2018 ва 2019 йилларда 20 миллиард долларга етмаган.

Мудофаа харажатларининг ўсиши
Трамп маъмурияти мудофаа бюджетини оширди. Обама президентлигигача Пентагон бюджети 2007 йилда 625 миллиард доллар, 2008 йилда 693 миллиард долларга тенг бўлган. 2012 йилга келиб, АҚШ мудофаа бюджети 529 миллиард долларгача, 2013 йилда эса 527,5 миллиард долларгача қисқарди. 2014 йилга келиб, бюджет яна ўсди — 560 миллиард долларгача. Трамп даврида ўсиш давом этди: 2017 йилда Пентагон харажатлари 606 миллиард долларни ташкил этди. АҚШнинг 2020-молия йилидаги мудофаа харажатлари 700 миллиард доллардан ошди.

Айни пайтда АҚШнинг мудофаа харажатлари ЯИМга нисбатан қисқарди. 2010 йилда 4,9 фоиз, 2013 йилда 4 фоиз, 2016 йилда эса 3,4 фоизни ташкил этди. 2019 йилда ҳам мудофаа харажатлари АҚШ ЯИМнинг 3,4 фоизини ташкил қилган, дейилади дунё муаммоларини тадқиқ этиш бўйича Стокгольм институти ҳисоб-китобларида.

Бирорта ҳам ҳарбий операция ўтказилмагани
Бошқа мамлакатлар (биринчи навбатда Эрон ва Шимолий Корея)га қаратилган кескин баёнотларга қарамай, Трамп маъмурияти хорижда бирорта ҳам янги ҳарбий операция бошламади. Обама Американинг Афғонистон ва Ироқдаги кампаниялардаги иштирокини камайтира бошлади, аммо НАТО бўйича шерикларини қўллаб-қувватлади ва Ливияда тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун ҳарбий аралашувда иштирок этди.

Обама, шунингдек, Сурияга Башар Асад режимига мухолифатчи бўлган отрядларни қўллаб қувватлаш учун, шу жумладан, ИШИДга қарши курашиш мақсадларида Америка ҳарбийларини йўналтирди. Обамага қадар кичик Жорж Буш Ироққа ҳужум қилишга рухсат берган, ундан аввалги президент Билл Клинтон даврида эса АҚШ Болқондаги урушга аралашган эди.

Трамп АҚШнинг Афғонистондаги операцияларини тугата бошлади, кейинроқ эса Суриядан ҳам ҳарбийларни чиқариб кетишга ваъда берди. Муддатининг охирига келиб, у Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги контингентнинг бир қисмини чиқариб кетди, аммо АҚШнинг ушбу мамлакатларда кампаниялардаги иштирокини тўхтатмади.

2016 йил ҳолатига кўра, АҚШнинг чет мамлакатлардаги қўшинлари ва ҳарбий бўлмаган мутахассислари сони 268,4 минг кишини ташкил этди (шулардан 198,5 минги — мунтазам қўшинлар), 2020 йил июнидаги ҳолатга кўра, бу кўрсаткич 224,4 минг кишигача камайди (мунтазам қўшинлар — 171 минг). Чет элдаги америкалик ҳарбийларнинг энг кўпи Японияга (55,3 минг), Германияга (34,1 минг), Жанубий Кореяга (26,5 минг), Италияга (12,1 минг) ва Бирлашган Қиролликка (9 минг) жойлаштирилган.

Шу билан бирга Америка маъмурияти Украинага қурол сотилишини маъқуллади ва АҚШнинг ушбу мамлакатдаги контингентини бироз кенгайтирди. 2016 йил июнидаги ҳолатга кўра, у ерда Америка контингенти сони 18 киши эди, 2020 йил июнига келиб, 35 кишига етди.

Янги турдаги қўшинлар яратилиши
Трамп президентлиги даврида коинотдаги ҳаракатлар учун мўлжалланган янги турдаги АҚШ қўшини яратилди. Бу қарор Россия ва Хитойда шундай кучлар тайёрланишига жавоб бўлди, дея аниқлик киритди Трамп. «Мен Россия нима қилаётганини, Хитой нима қилаётганини кўрдим. Мен биз ҳам шундай қилишимиз керак, дедим. Бу осон бўлди деб ўйлаётган бўлсангиз, аслида бу қийин бўлди», — деди президент.

Миграциянинг пасайиши, депортациянинг ўсиши
2016 йилдаги сайловолди кампанияси чоғида Трамп ноқонуний иммиграцияга қарши фаолроқ курашишга ва оддий америкаликларни иш ўринлари билан таъминлашга ваъда берган эди. У Оқ уйни эгаллаб турган даврда АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритган чет элликлар сони пасайди. 2015 йилда бу кўрсаткич 1,051 миллионни, 2016 йилда 1,183 миллионни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда бу рақам 1,127 миллионгача, 2018 йилда эса 1,096 миллионгача тушиб кетди. Бу ҳақда ички хавфсизлик вазирлиги маълумотларида айтилади. Аммо 2013 йилдаёқ бу кўрсаткич 1 миллиондан паст эди.

Ноқонуний муҳожирлар депортацияси кўпайди, аммо сезиларли даражада эмас. 2015 йилда у 333 мингтани, 2016 йилда 340 мингтани, 2017 йилда (Трамп президентлигининг биринчи йили) 295 мингтани, 2018 йилда 337 мингтани ташкил қилган. Шу билан бирга, 2012—2014 йилларда депортациялар сони 400 мингтадан ошган.

АҚШнинг халқаро шартномалардан чиқиши
Трамп президентлиги даврида бир нечта шартномалардан чиқиш ҳақида эълон қилди ва АҚШнинг бир қатор ташкилотлардаги аъзолигини бекор қилди:
  • Россия билан очиқ осмон бўйича битим (расман АҚШ битимни ноябрь охирида тарк этади);
  • Россия билан ўрта ва қисқа масофали ракеталарни йўқ қилиш ҳақидаги шартнома (битим амал қилишдан тўхтади);
  • Эрон бўйича ядро битими (АҚШ 2018 йилда чиқди);
  • Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (АҚШ ундан чиқиши ҳақида майда эълон қилди);
  • БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши (АҚШ 2018 йилда чиқди);
  • ЮНЕСКО (АҚШ 2017 йилда чиқди);
  • БМТнинг фаластинлик қочоқларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш учун Яқин Шарқ агентлиги (UNRWА) — 2018 йилда АҚШ ташкилотни молиялаштиришни тўхтатганини эълон қилди.

Бундан ташқари, Трамп Мексика ва Канада (NАFTA) билан, шунингдек, Жанубий Корея (KORUS) билан савдо бўйича битимларни қайта кўриб чиқди.

Қонун чиқарувчиларнинг Россияга нисбатан эътиборининг ошиши
Трамп ҳукмронлиги даврида конгрессга Россия тилга олинган 387 та қонун лойиҳаси ва резолюция киритилди — govtrack.us сайтидаги ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқда. Обаманинг сўнгги муддатида бу кўрсаткич 143 тага, унинг биринчи муддатида эса 134 тага тенг бўлган. Конгресс босими остида Трамп маъмурияти Россияга қарши Украина инқирози бошланган вақтдан буён энг қатъий — «Америка рақибларига қарши санкциялар орқали курашиш тўғрисида»ги (SААTSА) қонун лойиҳасини имзолади.

Унинг низомларига кўра, америкалик бўлмаган фуқароларнинг SDN санкция рўйхатидаги россиялик шахслар билан транзакцияларда қатнашиш тақиқланади. Бундан ташқари, Трамп маъмурияти россияликларга қарши шахсий санкцияларнинг бир нечта раундини киритди — уларга, масалан, бизнесмен Евгений Пригожин ва унинг атрофидагилар дуч келди. Шунингдек, Nord Stream 2 газ қувури лойиҳаси иштирокчиларига нисбатан қўлланилаётган мавжуд санкция қоидалари ҳам кучайтирилди. Ниҳоят Трамп даврида АҚШ Буюк Британия ҳудудида кимёвий қурол қўллагани учун Россияга қарши санкциялар киритди.

Мексика билан чегарада қуриб битказилмаган девор
Сайловлар арафасида Трамп АҚШнинг жанубий чегарасида қарийб 1,6 минг километрлик девор қуришга ва Мексикани унинг пулини тўлашга мажбур қилишга ваъда берган эди. Охир-оқибат АҚШ маъмурияти Мексикага девор учун пул тўлаттира олмади, тўсиқни молиялаштириш масаласи эса вакиллар палатасида демократлар ва республикачилар ўртасида қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Натижада Трамп девор қурилиши учун бошқа давлат дастурларидан пул жалб қилишга мажбур бўлди.

Унинг президентлик муддати охирига келиб, АҚШ жанубий чегарасидаги девор узунлиги 400 километрдан зиёдни ташкил этмоқда, аммо Трамп даврида унинг бир неча мил қисмигина қурилди, холос, қолгани — аллақачон бўлган тўсиқлардир. Чегаранинг жами 1,7 минг мил қисми тўсиқлар билан ҳимояланган. Мексика ва АҚШ ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 3,2 минг километрдан ортиқ, унинг бир қисми табиий тўсиқлар билан ҳимояланган.

Импичмент
Демократлар импичмент жараёнини 2019 йил кузида бошлаган эди. Трампга қадар Эндрю Жонсон ва Билл Клинтонга нисбатан ҳам бундай импичментлар олиб борилган. Трамп устидан суд сенатда 12 кун давом этди (22 январдан 5 февралгача), Клинтон устидан — 35 кун (1999 йил 7 январь — 12 февраль), Жонсон устидан эса 71 кун (1868 йил 5 март — 16 май) давом этган. Бу жараёнлардан ҳеч бири президент истеъфоси билан тугамаган, ҳаммасида сенат оқлов ҳукмини чиқарган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)