“Толибон” янги қоида: телефон ишлатганлар ишдан ҳайдалади

“Толибон” янги қоида: телефон ишлатганлар ишдан ҳайдалади

Афғонистондаги “Толибон” ҳукумати чекловлар доирасида мактабларда смартфонлардан фойдаланишни тақиқлади. Янги қоидага мувофиқ, ёнида смартфон борлиги аниқланган ўқитувчилар ҳамда таълим соҳаси ходимлари ишдан бўшатилиши мумкин. Бу ҳақда Kabul Now нашри маълум қилди.

Нашр қўлга киритган аудиоёзувда таълим соҳаси масъулларидан бири бу ҳақда гапирган. У 13 июньдан бошлаб ўқитувчилар ва барча таълим тизими ходимлари учун мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланганини билдирган. Манбаларга кўра, ушбу аудиоёзув Балх вилоятидаги таълим ходимларидан бирига тегишли.

Унинг айтишича, “Толибон” вакиллари смартфонга эга бўлган шахслар судга топширилишини маълум қилган. Шунингдек, уларнинг телефонлари синдириб ташланиши айтилган. Бундай шахслар эгаллаб турган лавозимларидан ҳам озод этилиши эҳтимол қилинмоқда.

Ўтган ҳафта “Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода махсус буйруқ чиқариб, ҳаракат аъзолари ҳамда ҳукумат ходимлари учун смартфонлардан фойдаланишни тақиқлаган эди. Ҳарбий судларга юборилган кўрсатмаларда ушбу қоидани бузганлар “жиноятчи” сифатида баҳоланиши таъкидланган.

Уларга нисбатан жазо чоралари кўрилиши учун ишлар ҳарбий судларга йўналтирилади. Шу тақиқдан сўнг ҳаракат аъзолари ижтимоий тармоқларда ўз смартфонларини синдириб ташлаётгани акс этган видеоларни ҳам жойлаштирган.

Тақиқ сабаблари ва оқибатлари

Янги тартиб “Толибон” раҳбариятининг ички интизомни кучайтиришга қаратилган ҳаракати сифатида баҳоланмоқда. Улар бу орқали гуруҳ аъзолари ўртасидаги ахборот оқимини назорат қилишни мақсад қилган.

Смартфонлардан фойдаланишни чеклаш асосан хавфсизлик масалалари билан изоҳланмоқда. “Толибон” маълумотларнинг сизиб чиқиши ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали рухсат этилмаган контент тарқалишидан хавотирда.

Бироқ смартфонлардан фойдаланишга чекловлар Афғонистонни халқаро дунёдан янада узиб қўйиши мумкин. Зеро, мамлакат ҳозирда жиддий сиёсий ва иқтисодий муаммолар билан юзма-юз келмоқда. Смартфонлар эса бугунги кунда мулоқот, ахборот олиш, таълим ва касбий ривожланишнинг энг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар