Бугунги кунда кўплаб инсонлар уйғонган заҳоти телефонини қўлга олиб, соатлаб ижтимоий тармоқларда вақт ўтказади. Бу ҳолат “doomscrolling” — яъни фақат салбий ва хавотирли маълумотларни ўқиш одатига айланиб, кайфият ва руҳий саломатликка жиддий зарар етказмоқда. Мутахассислар буни ҳатто “психологик зўравонлик”ка қиёсламоқда, деб ёзмоқда Peopletalk.
Сўнгги пайтларда эса интернет фойдаланувчилари бу зарарли одатга қарши янги йўл топишди — “umidscrolling”. Бу атама ижобий маълумотларни онгли равишда танлаб ўқиш ва истеъмол қилишни англатади. Масалан, спорт, санъат, мода, пазандачилик, фойдали маслаҳатлар ёки янги трендлар ҳақидаги контент кайфиятни кўтаради, мотивация беради ва салбий хабарларнинг руҳиятга босимини камайтиради.
Шу билан бирга, "umidscrolling" оддийгина алгоритм эмас, балки интизомни ҳам талаб қилади:
-
салбий ҳис уйғотувчи саҳифалардан воз кечиш;
-
экран вақтини босқичма-босқич қисқартириш;
-
онгли равишда ижобий контентга йўналтириш.
Масалан, машҳур қўшиқчи Селена Гомез аллақачон бу амалиётни қўллаб келмоқда. У кераксиз ва салбий контентни кузатмайди, вақти-вақти билан эса ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини менежерларига топшириб, рақамли детокс ўтказади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, "umidscrolling" — нафақат стрессдан қочиш, балки ижтимоий тармоқлардан фойдали ва соғлом тарзда фойдаланишнинг самарали усули ҳисобланади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!