Нима учун ҳар ким турлича туш кўради? Олимлар жавоб берди

Нима учун ҳар ким турлича туш кўради? Олимлар жавоб берди
Қисқача

ИМТ олий мактаби тадқиқотчилари тушлар инсоннинг шахсий хусусиятлари, ички кечинмалари ва ҳаётидаги воқеалар билан чамбарчас боғлиқ еканини аниқлади. Тадқиқотда 18 ёшдан 70 ёшгача бўлган 287 нафар иштирокчининг 3 700 дан ортиқ туши икки ҳафта давомида таҳлил қилиниб, хаёлпараст инсонлар узуқ-юлуқ ва ғайриоддий, тушларига катта аҳамият берадиганлар еса изчил ва ҳиссий жиҳатдан барқарор тушлар кўриши кузатилди.

Баъзи инсонлар кўрадиган тушлар ниҳоятда ёрқин, аниқ ва реал ҳаётга жуда яқин бўлади. Бошқаларнинг тушлари эса ғира-шира, узуқ-юлуқ ва тез-тез ўзгариб туради. Олимлар айнан нима учун одамлар турлича туш кўришига изоҳ топишга муваффақ бўлди. Италиянинг Лукка шаҳрида жойлашган ИМТ олий мактаби тадқиқотчилари ўтказган янги илмий изланишлар тушлар тасодифий равишда юзага келмаслигини, аксинча, улар инсоннинг шахсий хусусиятлари, ички кечинмалари ва ҳаётида содир бўлаётган воқеалар билан чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатди.

Тадқиқот доирасида 18 ёшдан 70 ёшгача бўлган 287 нафар иштирокчининг 3 700 дан ортиқ тушлари ҳамда кундузги кечинмалари атрофлича таҳлил қилинди. Илмий кузатувлар икки ҳафта давом этди. Шу муддат мобайнида иштирокчилар ҳар куни кўрган тушларини, шунингдек, кун давомида содир бўлган муҳим воқеалар ва ҳиссий кечинмаларини махсус қайд қилиб борди. Олимлар эса шу вақтнинг ўзида қатнашчиларнинг уйқу режими, когнитив қобилиятлари, фикрлаш жараёнлари ҳамда психологик ҳолатини ҳам изчил ўрганиб чиқди.

Йиғилган катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш жараёнида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилди. Замонавий алгоритмлар орқали тушларнинг характери, мазмуни ва инсон шахсиятига хос хусусиятлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик аниқланди. Хусусан, хаёлпараст ва тасаввури кучли инсонлар кўпроқ узуқ-юлуқ, тез ўзгарувчан ва ғайриоддий сюжетларга эга тушларни кўриши маълум бўлди. Шу билан бирга, тушларга катта аҳамият берадиган, уларнинг маъноси ҳақида кўпроқ ўйлайдиган инсонларнинг тушлари мазмун жиҳатидан бойроқ, изчилроқ ва ҳиссий томондан барқарорроқ бўлиши кузатилди.

Кундузги ҳаётда қайд этилган воқеалар ҳамда тушлар тавсифи ўзаро таққосланганида яна бир қизиқ хулосага келинди. Маълум бўлишича, инсон мияси кундузги ҳаётда кўрилган воқеаларни оддий ҳолда нусхаламайди. Аксинча, уларни қайта ишлаб, турли хотиралар, ҳиссиётлар ва тасаввурлар билан уйғунлаштирган ҳолда мутлақо янги манзараларни яратади. Масалан, ишхона, шифохона ёки мактаб каби инсонга яхши таниш бўлган жойлар тушларда бошқа муҳитлар билан аралашиб кетиб, кутилмаган ва ғайриоддий саҳналарга айланиши мумкин.

Олимлар, шунингдек, инсон ҳаётидаги йирик воқеалар ва кескин ўзгаришларнинг тушларга қай даражада таъсир қилишини ҳам чуқур таҳлил қилди. COVID-19 пандемияси ва карантин даврида йиғилган маълумотлар айнан шу босқичда одамларнинг тушлари янада таъсирчан, кескин ва ҳиссий жиҳатдан кучли бўлганини кўрсатди. Уларда чекловлар, ёпиқ маконлар ва хавотир билан боғлиқ мавзулар тез-тез учраган. Бироқ вақт ўтиши ва одамлар янги шароитга мослаша бошлаши билан бу мавзулар аста-секин тушлардан ҳам йўқола бошлаган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳолат тушлар мазмуни инсон ҳаётида содир бўлаётган катта ўзгаришлар ва уларга нисбатан юзага келадиган психологик реакциялар билан бирга ўзгариб боришини яққол намоён этади.

«Натижаларимиз шуни кўрсатадики, тушлар шунчаки ўтмишдаги тажрибанинг акс-садоси эмас. Улар инсоннинг ким эканлиги, қандай шахсий хусусиятларга эга экани ва айни пайтда нималарни бошдан кечираётганига қараб шаклланадиган мураккаб ҳамда доимий равишда ўзгариб турувчи динамик жараёндир», — дейди ИМТ олий мактаби тадқиқотчиси Валентина Элче.

Мазкур тадқиқот натижалари тушлар ҳақидаги илмий тасаввурларни янада бойитиб, инсон онги, хотираси ва психологияси ўртасидаги мураккаб боғлиқликни чуқурроқ англаш имконини бериши билан аҳамиятли ҳисобланмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар