22:44 / 26.09.2017
5 602

Омонат ғор сири (28-қисм)

Омонат ғор сири (28-қисм)
Бердимурод хўжайининикига келганида қош қорайиб қолганди. Бахтга қарши дарвозани хизматчи эмас, Лазокат очди. Очди-ю, бўлажак эрининг бўйнига осилди ва бирдан ортига тисарилиб, қовоғини солди.

— Сиздан духи ҳиди келаяпти, Бердимурод ака.

— Тўппа-тўғри, — илжайди Бердимурод, — бугун нақ ярим вагон духи сотдим. Хурсанд бўлганимдан ишчиларга қарашиб ҳам юбордим.

Бердимурод шундай деди-ю, ақлига ўзи тан берди. “Ҳамманинг ҳам калласига бунақа гап келавермайди”, хаёлидан ўтди унинг. Лазокат унинг алдаётганини билиб турса-да, айни чоғда Бердимуроднинг вазиятдан чиқиб кетишини истарди.

— Яхши, — деди у хурсандлигини билдирмай. — Юринг уйга.

Лазокат Бердимуроднинг ишончини тўла қозондим, энди хиёнат кўчасига кирмайман, битта эрга қаноат қилиб яшайман, деган ўйда эди. Онаси ҳам хиёнатнинг оқибати ёмон бўлишини роса қулоғига қуйганди. Эрим ҳам бошқа аёлларга кўзини сузмаса, фақат мени деб яшаса, дерди. Аммо бу хомхаёл экани ҳозироқ аён бўлди. “Ҳар ким қўлидан келганча яшайди-да”, деган хулосага келди Лазокат.

Бердимурод бўлғуси қайнотаси — Халил бойваччанинг ёнига кираётиб Нилуфарга дуч келди. Беихтиёр иккаласининг кўзи тўқнашди. Шу лаҳзада у Лазокатга уйланишга розилик бериб, катта хато қилганини фаҳмлади, ичида афсусланишга ҳам улгурди. Лекин энди бўлар иш бўлиб, бўёғи сингиган эди.

Гарчи Нилуфар ҳам тикилиб қараган эса-да, «йилт» этган учқун йўқ, аксинча, “Уйланаётган қизинг сен ўйлаганчалик соддамас, эҳтиёт бўл”, қабилидаги маъно зоҳир эди.

Бир қўлида пиво шишаси, иккинчисида тутаётган сигаретани қистирган Халил бойвачча оромкурсида кўзларини юмиб хаёл сураётир. Бердимурод кирганида, бойвачча кимлигини билмаса-да, шарпани сезиб кўзини очди. Бердимуродни кўриб юзига табассум ёйилди.

— Келинг, ўғлим, — деди юмшоқ овозда. — Ўзи сизни кутиб ўтиргандим.

Бердимурод рўпарадаги юмшоқ стулга ўтирди.

— Пиво ичасанми? — сенсираб аввалги ҳолига қайтди Халил бойвачча.

— Сиз билан ичиш шараф-ку, — илжайди Бердимурод.

— Унда анави шкафни оч, “Бавария” бор, Германияда чиқарилган. Биз сенларга ўхшаб сохтасини ичмаймиз. Битта ичсак ҳам, тозасини ичамиз.

— Сизга тозаси ярашади-да, устоз, — ялтоқланиб ўрнидан турди Бердимурод.

“Баччағар, — ўйлади бойвачча, — хушомадга суягинг йўқ-да. Энди менга куёв бўлдинг ҳисоб, асаканг кетсаям озгина ўзингни эркин тут. Ялтоқланма, одамга ўхшаб ўтир”.

— Хўжайин, — деди Бердимурод пивони олиб, жойига ўтираркан, — Дониёрнинг ўрнига анави Бобурни сафимиздан чиқарсак бўларкан.

— Биринчидан, энди оғзингдан «хўжайин» деган сўзни эшитмай. Иккинчидан, менга латта болалар керакмас, — Халил бойвачча аччиқланди.

— Унда, — деди Бердимурод пиво симириб, — икковиниям тинчитган маъқулми, дейман. Бобурдан ҳам яхшилик чиқмайдиганга ўхшайди. Авзойи бошқача.

— Ундай бўлса, ўзинг ҳал қилиб келавермадингми? — бойваччанинг пешонаси тиришди.

— Сизнинг рухсатингизсиз қилолмайман-да.

— Бу ишинг дуруст. Лекин Бобур менга керак. Аввал айтмагандим, энди сен менга бегонамассан… Хуллас, унинг отасидан ўн килодан зиёдроқ тилла қолган.

Бердимуроднинг кўзи олайиб кетди:

— Ўн кило?!

— Нима, ўн кило шунчалик кўпмиди, бўғиласан, одамнинг кўзи бунчалик оч бўмайди… Лекин Бобур буни билмайди. Ойиси билиши мумкин. Ҳотам ака, дейишарди Бобурнинг отасини. Тўртта шериги билан ўлишидан бир йил аввал Қозоғистонга борган. Ўша ёқда нима сотган, нима қўйган, билмайман… Балки бирорта банкни ўмаргандир. Хуллас, ўн кило олтин билан қайтишган. Тиллани тоққа яширишган, деб эшитганман, лекин қайси тоққа — буниси номаълум. Кейин шериклар билан кетаётган автобус жарликка қулаб, ҳаммаси ўлган. Тилла кўмилганидан кейин олти ой ўтиб шундай бўлган.

— Сиз… Сизга айтишганмиди?

— Биттаси билан олди-бердим бориди. Бир куни чойхонада ўтириб роса ичдик. У маст бўп қолди — билмай айтиб қўйди. Лекин паразит, қанча сўрамай, қаерга яширгани ҳақида лом-мим демади. Барибир ўзларигаям буюрмади-ку, ўлиб кетишди. Танишимнинг ота-онаси йўқ, хотини билан ҳам ажрашганди.

— Унда, ҳозир Бобур касалхонада, уйига бориб онасини мажбурласам, айтар. Билиб олганимдан кейин, уни гумдон қилиб сизга адресни опкесам…

— Бердимурод, менга куёв бўлаяпсан-у, лекин ҳалиям довдирлигинг бор. Биз Бобурнинг касалхонадан чиқишини кутишимиз керак. Кейин унинг ўзи ёрдам беради. Албатта, менинг таълимимни олганидан кейин. Иш битгандан сўнг сен уни адасининг ортидан жўнатасан.

* * *

Барон барибир ниятига етди: иккала қиз ҳам унинг кўнглидаги аҳволга тушди. Сафаридан хурсанд бўлиб қайтган Барон дам олаётиб қизларни эслаб қолди ва Ҳасанни чақириб, уларни ўрадан чиқаришни буюрди.

Лола Наргизага қараганда анча чайир экан, Бароннинг қаршисида ҳам қоматини тик тутиб турарди.

— Ой, менинг оҳуларим, — деди Барон ўзининг тилида қизларнинг атрофида айланаркан, — қийналиб қолибсизлар-ку.

— Сенга шу керак эди. Мана, ниятингга етдинг. Энди ўлдир, сенинг кучинг фақат аёлларга, қизларга етади! — деди ғазаб билан Лола. У ўлимни бўйнига олган, лекин шунгача Баронга обдон нинасини санчиб олмоқчи эди. Бароннинг кўзлари қаҳрдан ёниб, ғазаби қўзиди. Шартта пичоқни олиб, Лолани сўйиб ташламоқчи бўлди, бироқ шаштидан тушди. Бундай қилса, “улоқ” қизда кетар — у осон қутуларди. Барон Лоланинг юзига тарсаки тушириш билан қаноатланди. Қиз дармонсизлигидан кучсиз зарбага ҳам дош беролмай йиқилиб тушди.

— Сенинг бошингга тилинг етади, мараз! — сўкинди Барон. — Яхши кўрувдим. Хотиним бўлганингда маза қилиб яшардинг. Энди терингни шилиб, туз қуйиб жазоламайман. Бу, ўзинг айтганингдай, шаънимга тўғри келмайди. Сен манжалақини ҳозир чўлга, ҳеч ким йўқ жойга олиб бориб, қўйиб юбораман. Ярим соатдан сўнг орқангдан қувиб етиб оламан — шунда аҳволингга маймунлар йиғлайди. Ўлигинг далада қолади, итларга ем бўласан.

У Лоланинг қўрқиб йиғлаб юборишини кутганди, бироқ қиз тик қараб тураверди. Бундан баттар жаҳли чиққан Барон энди тепкилашга тушди. Бу сафарги зарба анча кучли эди, аммо қиз додламади, жим ётди. Фақат Наргиза Лоланинг бошини силаб йиғлаб юборди.

— Олиб чиқ! — бақирди Барон йигитларига. Шернинг қорни тўйиб, ўлаксани чала ташлаб кетишини кутиб турган шоқоллардай шотирлари қизларга ташланиб, бир зумда оёқ-қўлларини боғлашди. Оғизларига латта тиқишга Барон қўймади:

— Мияси чириганлар! Ўзи ўлай деяпти-ю, тағин латта тиқасанми!

“Айтилган гап — отилган ўқ”. Йигитлар қизларни арқондан бўшатишиб, ташқарига олиб чиқишди-да, машинага ўтқазишди.

Ҳовлидан чиқиб жўнаган бир жуфт машина қирга бурилди. Уларнинг бирида Наргиза билан Лола ва Бароннинг иккита одами ўтирарди. Бароннинг ўзи эса, Ҳасан билан олдинги машинага чиққанди.

Йўл-йўлакай Лола шумлик қилиб, шу билан Бароннинг чангалидан чиқиб кетмоқчи бўлди: ҳайдовчининг ёнидаги йигитнинг елкасига секин қўлини қўйди.

— Илтимос, — деди у йигит ортига ўгирилганида ўзининг лаҳжасида, — орқамда нимадир ўрмалаяпти, қаший десам қўлим етмайди. Дугонамнинг дармони йўқ айтай десам.

Йигит ўшшайиб, патак бўлиб кетган соқолини қашлади. Сўнг ҳайдовчини туртиб:

— Эшитдингми, орқасини қашиб қўярканман. Мошинни тўхтат, — деди.

— Ўлгинг келаяптими? — эътироз билдирди ҳайдовчи. — Мошин тўхтаса шеф терингни шилади.

— Бўлмаса мошиннинг ичида қашиб кетаверарканман-да. Бизга нима фарқи бор. Шундайми, Лоличка?

— Одаммассан бирортанг. Мен тўғри маънода айтгандим. Дарров бошқа ёққа бурасан… Лекин алам қилаяпти-да. Мен тенги лўли қизлар маза қилиб юришибди. Бир-иккитасини биламан, иккитадан эр қилиб олган. Мен бечора…

— Хўжайинга нега тегмадинг? Сенам маза қилиб юрардинг.

— Фу, унга теккандан кўра ҳўкизга текканим минг марта яхши. Масалан, сенга тегардим, менга сендай йигитлар ёқади. Манави ҳам, — дея ўзини тақдирнинг измига ташлаб қўйиб, бефарқ бўлиб қолган Наргизани кўрсатди у, — сенга теккан бўларди.

— Ҳе, — ҳайдовчи илжайди, — бизам эркакликни боплаймиз. Лекин энди кеч, икковингам зўрсилар-ку-я… Хўжайин нима деса шу.

— Нима, ундан қўрқасиларми?

Бу савол йигитларга оғир ботди. Ҳайдовчининг ёнидагиси ортига бурилиб хўмрайиб қўйди-ю, бироқ бир нима дейишга ботинолмади.

Шу билан гап узилиб қолди. Ниятига етолмаган Лола алам билан ташқарига қаради. Йўл четида битта-яримта дарахт учрар, машина тобора қирга тирмашиб баландлаб борарди. Лола чўлга эмас, тоққа кетишаётганини пайқади. Туйқусдан эшикни очиб сакраб тушиб қолсам-чи, деган хаёлга борди-ю, дарҳол ниятидан қайтди. Бароннинг тепкисидан биқини ҳануз оғрир, устига-устак, тинка-мадори қуриган, қолаверса, Наргизани ташлаб кетолмасди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (28-қисм)