Николай Амосов машҳур жарроҳ, юракшунос олим эди. У бутун илмий фаолиятини юрак сирларини ўрганишга бағишлаган. Овозаси оламни тутган бу ғаройиб инсон бундан бир неча йиллар муқаддам хориж журналларидан бирига интервью беради ва бу суҳбат шов-шувга айланади. Унда олим инсон умри учун ўта муҳим нарсалар ҳақида мулоҳаза билдирган.
Ўқиймиз:
“Қарилик дегани нима? Аввало, бу ирсий ҳужайраларда белгилаб қўйилган табиий бир ҳолатдир. Ҳар қандай тирик вужудда ҳам дастлабки ўсиш ва ривожланиш, кўпайиш жараёнлари кечади. Кўпайиш дастури ниҳоясига етгач (асосан қирқ ёшга қадар), инсон энди табиат учун, ўз биологик турини давом эттириш учун ортиқ керак бўлмай қолади. Шундан сўнг қариш жараёни ўз йўли билан тезроқ ёки секинроқ кечаверади, бу энди одамнинг ўзига ато қилинган энергияни қай тариқа сарфланишига боғлиқ.
Ҳайрон бўлманг, бизнинг ҳар биримизга ўлчаб берилган энергия захираси бор! Шу захирани сарф қилиб бўлдингизми тамом, бу дунё билан хайрлашаверинг! Бу фараз соф назарий мазмунга эга, агар ҳар қандай жонзот туғилган кунидан бошлаб шу энергияни иқтисод қилса, умри ўртача 30-40 фоиз узаяди.
Қариликнинг иккинчи сабаби жигарда, буйракда, мия ва бошқа аъзоларда турмуш муаммолари туфайли турли хил асоратлар тўпаланиб қолишидадир. Бунда ташқи муҳит, бемаъни ҳаёт тарзи ҳам таъсирини ўтказади. Ва шу тариқа одам аста-секин сафдан чиқиб қола бошлайди... Ниҳоят, жисмоний залвор камаяди, машқий кўникмаларнинг бузилиши кучаяди. Бу қариликнинг учинчи сабаби. Мен айни шу ҳолат билан курашмоққа қарор қилдим.
Бунинг учун ҳар куни эрталаб уч километр масофага югурар эдим. Гимнастик машқларга келсак, ҳар бир машқдаги ҳаракатлар сони тўрт баравар оширилди. Ҳозир мен тўрт минг ҳаракат бажараман, шундан уч мингтасини гантел билан адо этаман. Гантелларнинг иккитаси беш килограммдан, биттаси ўн килограммдан иборат. Бундан ташқари, мунтазам равишда тош кўтариш машқлари билан ҳам шуғулланаман. Умумий ҳисоб билан айтганда, кунига уч-тўрт соат тош кўтариш машқлари билан банд бўламан. Қария одамга бундан бошқа қандай иш ҳам бўлсин? Бадантарбиядан сўнг албатта совуқ ваннага тушиб ювинаман. Илгарилари бундан қўрқардим. Қарангки, қарилик туйғуси йўқ бўлди, нафас олгандаги ҳансираб энтикишлар ҳам барҳам топди. Яна аввалгидек бир оёқда туришга ўргандим. Бўлмаса, шимимни ўтирмасдан кия олмас эдим. Хотира, эслаш қобилиятига келсак, у мен ўйлагандек яхшилангани йўқ. Лекин қон айланиш кучайди, буни ҳар ярим йилда текширтириб тураман.
“Бемуҳлат тажрибаларим” давом этган шу икки йил мобайнида касалга чалинмадим. Сўнгги йилларда пайдо бўлган стенокардия белгилари ғойиб бўлди. Ҳаттоки эски “душманим” умуртқа поғонаси ҳам безовта қилмай турибди. Хуллас, ўзимни бутунлай соғлом сезмоқдаман. Энг муҳим ўзгариш шундан иборатки, вужудимда жисмоний бардамлик туйғусини ҳис қилиб турибман.
Табиийки, ҳаддан ташқари куч-қувват талаб қиладиган бундай машқларни бажариш учун қай тариқа овқатланиш керак, деган савол туғилади. Кексаликнинг яна бир чатоқ томони шундаки, организмдаги сентиз суръати сусайиб, парчаланиш суръати ўзгаришсиз қолади. Бинобарин, кекса одам зарур миқдордаги оқсилнинг парчаланишига эришмоқ учун ёш одамга нисбатан кўпроқ жисмоний ҳаракат билан банд бўлмоғи лозим. Шунинг учун мен овқатланиш режимини вазнимни қатъий назорат қилиб бориш асосида ташкил этганман. Тамадди қиладиган емакларим ҳам оддий. Асосийси, овқатнинг калорияси кам бўлиб, мева-сабзавотлар кўпроқ бўлиши керак. Чунки уларда витамин, микроэлементлар, яъни организм нима билан тирик бўлса, шу нарсаларнинг барчаси мавжуд. Мен кунига тахминан 300 грамм хом сабзавот маҳсулотлари ва 100-200 грамм олма тановвул қиламан. Нонни иштаҳа билан ейман. Нонуштага ярим литрли кружкада сутли қаҳва ёки какао ичаман. Сариёғ, сметана истеъмол қилмайман. Сабзавотларга ўсимлик мойини хотиним жуда кам миқдорда солади. Гўштдан ҳам ўзимни тияман. Эрталаб бир дона котлет, кечқурун бир паррак колбаса менга кифоя.
Бундан ташқари, умрнинг узун-қисқалиги инсоннинг феъл-атворига ҳам боғлиқ. Бировга ҳасад қилмайдиган кишилар ҳаммадан узоқ умр кўради. Ён-атрофидагиларга хушмуомалада бўладиган оқкўнгил одамларнинг ҳам умри дароз бўлади.”
"Халқ сўзи" нашридан олинди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?