Сурайё Қосимова: “19 йилдан бери ижарада яшайман” (видео)

Яқинда хонанда Сурайё Қосимова видеомурожаати орқали соғлиғи сабаб ижодида бироз танаффус қилиши ҳақида маълум қилгани ҳақида хабар берган эдик. Дилмурод исмли блогер хонанданинг ҳолидан хабар олиш учун унинг хонадонига борди.
Суҳбат давомида блогер Сурайё Қосимовадан соғлиғидаги муаммо ҳақида сўради. Хонанда жинсий томондан ўсимта аниқланганини маълум қилди.
Суҳбатда унинг оилавий ҳаёти ҳам тилга олинди. Блогер хонандадан турмуш ўртоғи бор-йўқлигини ва ҳозир қаердалигини сўради.
“Бор, лекин бизни ташлаб кетди. Нарсаларини йиғиштириб, кетди”, — деди Сурайё Қосимова.
Блогер хонандадан танишлари ва яқинлари ҳақида ҳам сўради. Бунга жавобан санъаткор сўнгги бир ярим йил ичида ҳаётида кўплаб синовлар бўлганини айтди.
“Танишлар, дўстлар кўп эди. Мана шу бир ярим йил ичида бошимга жуда кўп ишлар тушди. Ташвишлар, айрилиқларни кўрдим. Ўшанда ҳамма ўзи билан ўзи овора эканини билдим. Кўп танишлар эшигини ёпишди”, — деди хонанда.
Сурайё Қосимова фарзандлари ҳали ёш эканини, уларни ўқитиб, оёққа турғизиши ва келгусида ҳам халққа хизмат қилишни давом эттириш ниятида эканини таъкидлади.
“Фарзандларим ҳали кичкина. Уларни ўқитишим, оёққа қўйишим керак. Халққа хизмат қилишим керак. Менинг режаларим кўп. Мен саҳнага кўз учида қарамаганман. Мен саҳнани жуда кенг олганман. Мен халққа хизмат қилишим керак”, — деди у.
Хонанда ўз дарди билан ҳеч кимнинг раҳмини келтиришни истамаслигини ҳам таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳаётидаги кўплаб оғир кечинмалар ва синовлар ижодида ҳам акс этган.
Суҳбат давомида блогер хонанданинг соғлиғидан ташқари, уй-жой масаласига ҳам эътибор қаратди. Маълум бўлишича, Сурайё Қосимова узоқ йиллардан бери ижарада яшаб келмоқда.
“Дилмурод, мен ижарада тураман, ўн тўққиз йилдан бери”, — деди хонанда.
Блогер унинг гапини аниқлаштириб, “Ўн тўққиз йилдан бери ижарада турасизми?” дея сўради.
“Агар сиз ижарада яшаб кўрмаган бўлсангиз, барибир тушунмайсиз. Ижарада яшаш қанчалик қийинлигини ижарада яшаган одам билади”, — дея жавоб берди Сурайё Қосимова.
Блогернинг ушбу видеомурожаатидан сўнг ижтимоий тармоқларда хонандага далда берувчи изоҳлар кўпайди. Кўплаб кузатувчилар Сурайё Қосимовага тезроқ соғайиб кетишини тилаб, унга Аллоҳдан шифо сўраб, яхши тилакларини йўллади.






























Изоҳлар 0
…