Солиқ қарзи "Hongqi ehs 9" ҳисобидан қопланди ...

Мажбурий ижро бюросининг иш юритувида Тошкент шаҳар Солиқ бошқармасининг 10 та қарорига асосан қарздор “M.T.S.” МЧЖдан давлат фойдасига жами 580 миллион сўм солиқ қарздорлигини ундириш ҳақида ижро иши мавжуд бўлиб, давлат ижрочилари томонидан қарздорликни ихтиёрий тартибда қоплаш юзасидан бир неча бор огоҳлантиришлар берилган.
Бироқ қарздор томонидан қарздорликни тўлаш ўрнига, унга тегишли қимматбаҳо "HONGQI EHS9" русумли автотранспорт воситасини яширишга ва ижро ҳаракатларидан четлаштиришга уринишлар қилинган.
Шунга қарамасдан, давлат ижрочилари томонидан олиб борилган қидирув ва мажбурий ижро чоралари натижасида мазкур автотранспорт воситасининг ҳаракат йўналиши аниқланиб, у белгиланган тартибда хатланди ҳамда сақловга олинди.
Қонун талабларига мувофиқ, қарздор томонидан белгиланган муддатда қарздорлик бартараф этилмагани сабабли автомашина аукцион савдосига чиқарилди. Савдо натижасида транспорт воситаси сотилиб, тушган 457 миллион 914 минг сўм пул маблағи давлат фойдасига солиқ қарздорлигини қоплаш учун йўналтирилди.
Мазкур ҳолат ҳар қандай қарздорликдан қочиш ёки мол-мулкни яширишга уриниш қонун олдида барибир жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор кўрсатди. Давлат ижрочилари томонидан суд ҳужжатлари ва ваколатли органлар қарорларининг ижросини таъминлаш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда.