«Муҳандис ҳеч қачон «ҳаммасини биламан» демаслиги керак». Газ-кимё муҳандиси Фозил Абдурахмонов билан суҳбат

Жамият5 дақиқа ўқиш2
«Муҳандис ҳеч қачон «ҳаммасини биламан» демаслиги керак». Газ-кимё муҳандиси Фозил Абдурахмонов билан суҳбат
Фозил Абдурахмонов

Хўш, аввало ер қаъридан чиққан табиий газдан этиленни ажратиб оламиз. Сўнг махсус катализатор ёрдамида уни полимерга айлантирамиз. Ҳосил бўлган оқ кукунни экструдерда эритамиз ва гранула қиламиз. Тайёр: уйингиздаги сув қувури, дўкондаги пакет ва ошхонадаги пластик идиш учун хомашё бор.

Бу кимё дарслигидаги масала эмас. Фозил Абдурахмонов сўнгги ўн йил давомида айнан шу жараённи барқарор, хавфсиз ва сифатли ушлаб туриш билан шуғулланиб келади.

Унинг ҳикоясида бир жиҳат алоҳида эътиборни тортади: ўн йил ичида у Ўзбекистон газ-кимё саноатининг уч муҳим бекатидан ўтган. Булар – Марказий Осиёдаги энг йирик Устюрт мажмуаси, 2001 йилдан бери ишлаб келаётган Шўртан мажмуаси ва минтақада MTO технологияси илк бор татбиқ этилаётган Бухородаги янги мажмуа.

Шаҳрисабз мактаби

Кўпчилик касбини университетда танлайди. Фозилда эса ишга муносабат ундан анча олдин, Шаҳрисабзда, беш фарзандли оилада шаклланган. Оилада катталарга ҳурмат ва меҳнатсеварлик энг асосий қадрият эди.

«Болаликдан бир нарсани тушуниб улғайганман: инсон натижага ўз меҳнати билан эришади. Қийинчиликдан қочмаслик, бошлаган ишни охирига етказиш – буларнинг илдизи ўша йилларда», – деб эслайди у.

Мактабдан сўнг Тошкент давлат техника университетининг Нефть ва газ факультети, «Нефть ва газ конларини ишга тушириш ва улардан фойдаланиш» йўналиши. Нега айнан нефть-газ? «Бу соҳа мураккаб технология ва жиддий муҳандислик билимини талаб қилади. Мен бу касбни диплом учун эмас, йирик саноат лойиҳаларида ишлаш учун танлаганман».

Завод – иккинчи университет

2014 йилда диплом олган ёш мутахассис 2015 йил июнида Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманига, Сурғил кони ёнидаги Устюрт газ-кимё мажмуасига йўл олади. Ўзбекистон ва Корея компаниялари тенг улушда қурган, 4 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритилган мажмуа ўша пайтда эндигина ишга туширилаётган эди: илк полиэтилен партияси ўша йилнинг октябрь ойи охирида олинди. Лойиҳа қуввати – йилига 387 минг тонна полиэтилен ва 83 минг тонна полипропилен. Маҳсулотлар Туркия ва Шарқий Осиё давлатларига экспорт қилина бошлаган эди.

Фозил Абдурахмонов ҳамкасблари билан
Фозил Абдурахмонов ҳамкасблари билан

Фозил энг қуйи поғонадан – 3-разрядли операторликдан бошлайди. Кўп ўтмай бир ҳақиқатни англайди: университетда ўрганилган жараён заводда ўнлаб омилларга боғлиқ бўлиб чиқади.

«Китобдаги жараён билан реал ишлаб чиқариш ўртасидаги фарқни тажрибали ҳамкасбларимдан ўргандим. Савол бердим, кузатдим. Ўша давр менга интизомни ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни ўргатди».

Бир ярим йил ичида у 6-разрядга кўтарилиб, заводдаги мураккаб қурилмаларни мустақил бошқариш ваколатини олади.

«Ҳар бир лавозим янги билим ва янги масъулият талаб қилган. Менимча, ўсишнинг асосий шарти – ўз устида мунтазам ишлаш ва билимни амалий натижа билан исботлаш».

Заводнинг юраги

Полимер заводидаги энг нозик бўғинлардан бири – экструдер. Кукун ҳолидаги полимер айнан шу ерда эритилади, қўшимчалар билан аралаштирилади ва гранулага айланади. Ҳарорат ёки босим меъёрдан оғса, гранула сифати бузилади. Ундан тайёрланадиган қувур ёки плёнка сифати ҳам шунга боғлиқ.

Фозилнинг асосий тажрибаси айнан шу бўғинда шаклланган: экструдерни ишга тушириш ва тўхтатиш, параметрлар назорати, пеллетизация тизимининг барқарор ишлаши.

Муаммо чиққанда-чи? Муҳандиснинг жавоби аниқ:

«Биринчи навбатда – хавфсизлик. Кейин параметрлар, сигнал ва алармлар таҳлили. Гранула сифати ёмонлашса, муаммони битта параметрга боғлаб қўйиш хато. Ҳарорат профили, босим, хомашё узатилиши, винт юкламаси, пеллетизация – ҳаммасини бирга кўриш керак. Мақсад – сабабни топиш ва муаммо қайта такрорланмаслигига эришиш».

Унинг учун энг эсда қоларли лаҳзалар – йирик ускунани ишга тушириб, ишлаб чиқаришни барқарор режимга олиб чиқиш. Бундай пайтда назария, тажриба ва жамоа бир нуқтада синовдан ўтади.

«Инсон ўз билимининг ҳақиқий қийматини мураккаб вазиятда кўради. Ишга туширишдан олдин барча тизимларни текшириш, параметрларни тўғри белгилаш, кутилмаган вазиятларга тайёр туриш керак. Ускуна барқарор ишлай бошлаганда катта профессионал қониқиш ҳис қиласан».

Она юртга қайтиш

2019 йилда йўл Фозилнинг она вилояти – Қашқадарёга бурилади. Энди у Шўртан газ-кимё мажмуаси қувватларини кенгайтириш лойиҳасида муҳандис. Лойиҳа кўлами катта: мажмуанинг йиллик 125 минг тонналик полиэтилен қувватини 505 минг тоннагача ошириш режалаштирилган.

Фозил Абдурахмонов қурилиш майдонида
Фозил Абдурахмонов қурилиш майдонида

Оператор заводнинг бир қисмини кўради, лойиҳа муҳандиси эса бутун тизимни. Фозил учун бу янги кўриш бурчаги бўлди.

«Бундай лойиҳада технолог, механик, энергетик ва автоматика мутахассиси биргаликда ишламаса, натижа бўлмайди. Бу тажриба менга тизимли фикрлашни ва муаммоларни комплекс ҳал қилишни ўргатди».

2021 йилда у 10-разрядли етакчи муҳандис лавозимига кўтарилади.

Пудратчи кўзи билан

Қисқа муддат «Uzbekistan GTL»да ишлагач, 2023 йилда Фозил заводга бошқа томондан қарай бошлайди. Марказий Осиёдаги энг йирик EPC пудратчиларидан бири – «Enter Engineering»нинг бизнесни ривожлантириш департаментида муҳандис-технолог сифатида у заводлар қандай қурилишини ичидан кўради. Ускуналарнинг техник варақалари, материал талабномалари, таклифларнинг техник баҳоланиши, харид буюртмалари – буларнинг барчаси унинг иш столидан ўтади. Ускуналардаги носозликларни эса технология лицензиарлари ва хорижий ишлаб чиқарувчилар билан бевосита муҳокама қилади.

Оператор ускунани ишлатади, лойиҳа муҳандиси уни кенгайтиради, пудратчи эса нолдан қуради. Шу тариқа Фозил заводни учала томондан ҳам ичидан билган мутахассисга айланади.

Айнан «Enter Engineering» Бухородаги MTO мажмуасининг бош пудратчиси эди. 2025 йил февралида Фозил мажмуанинг ўзига – «Gas Chemical Complex MTO Central Asia»га ишга ўтади.

Метанолдан полимергача

MTO (Methanol to Olefins) – газдан аввал метанол, метанолдан эса этилен ва пропилен олиш технологияси. Марказий Осиёда у илк бор Қоракўл эркин иқтисодий зонасидаги шу мажмуада қўлланмоқда.

Кўламини тасаввур қилиш учун битта таққос. Бир неча йил аввал мамлакатда йилига 510 минг тонна атрофида полиэтилен ишлаб чиқарилган. MTO мажмуасининг ёлғиз ўзи эса йилига 1,1 миллион тоннадан ортиқ полимер маҳсулотлари беришга мўлжалланган. Бу – газни хомашё сифатида сотиш ўрнига уни юртнинг ўзида юқори қийматли маҳсулотга айлантириш демак. Фозилнинг фикрича, келгуси йилларда соҳада автоматлаштириш, рақамлаштириш, энергия самарадорлиги ва экологик талаблар ҳал қилувчи бўлади, янги лойиҳалар эса ёш мутахассислар учун катта имконият яратади.

«Янги компанияга ўтишимнинг асосий сабаби – янги технологияни ўрганиш ва тажрибамни йирик газ-кимё лойиҳасида қўллаш. Ҳар бир янги иш жойи мен учун янги мактаб бўлган», – дейди муҳандис-технолог.

Уч тамойил

Яхши муҳандис қандай бўлиши керак, деган саволга Фозил учта тамойил билан жавоб беради:

«Биринчидан, хавфсизлик ҳамма нарсадан устун. Иккинчидан, муҳандис фақат техник билим билан чекланмаслиги керак: у жамоада ишлай олиши, бошқаларни тинглаши, фикрини аниқ тушунтира олиши лозим. Учинчидан, ҳеч қачон «мен ҳамма нарсани биламан» деб ўйламаслик. Технологиялар ўзгаради, ўрганиш эса доимий жараён».

Келажак

Фозил Абдурахмонов
Фозил Абдурахмонов

Уч фарзанднинг отаси бўлган Фозил иш ва оила ўртасидаги мувозанатни ҳам муҳим деб билади. Унинг фикрича, инсон фақат иш билан банд бўлиб, оиласи ва саломатлигига вақт ажратмаса, узоқ муддатда самарали ишлай олмайди. Кейинги 5–10 йилда у ўзини мураккаб технологик жараёнларни бошқарадиган, ёш мутахассисларга тажриба ўргатадиган ва кучли муҳандислар жамоасини шакллантирадиган мутахассис сифатида кўрмоқчи.

Бугунги маррасида оиласи, устозлари ва тажрибали ҳамкасбларининг ҳиссаси катта эканини у алоҳида таъкидлайди: «Баъзан биргина маслаҳат инсоннинг келажакдаги фаолиятига катта таъсир қилади. Эришган натижаларим фақат ўзимнинг эмас, менга ишонган ва ёрдам берган инсонларнинг ҳам ҳиссаси».

Кейинги сафар қўлингизга пластик қувур ёки пакет олганингизда, унинг ортида газни гранулага айлантирган муҳандислар меҳнати турганини эсланг. Фозил Абдурахмонов ана шу меҳнатнинг бир қисми.

«Мен учун муваффақият фақат юқори лавозим ёки моддий натижа эмас. Муваффақият – ўз касбини яхши билиш, ҳалол меҳнат қилиш, оилага муносиб ҳаёт яратиш, мамлакат ривожига фойда келтириш ва ортингдан яхши из қолдириш», – дея сўзини якунлайди у.

Кейинги янгилик

Мақола сизга ёқдими?

Обуна билан реклама бўлмайди

Zamin Premium — ойига 4 900 сўм

Изоҳлар0

…

  1. Футбол академиялари учун Skaut: тўлов, давомат ва ота-она билан алоқа энди битта тизимда
  2. Тошкентдан Америкага: Нурмухаммад Исмоилов Akinda орқали ҳалол инвестицияни глобал миқёсга олиб чиқмоқда
  3. Автосервисингизни рақамлаштиринг: Bip Business билан мижозларни йўқотманг
  4. Машина ойнасига рақам ёзиш хавфлими? Bip ҳайдовчилар учун янги ечим топди!
  5. 8 та кенг тарқалган молиявий хато: нималардан сақланиш керак?
  6. Playmatch: майдон эгалари ишини анча енгиллаштиради
  7. Playmatch: футбол ўйнаш учун керакли барча хизматлар битта иловада
  8. Кундалик харажатлар учун картани қандай танлаш мумкин?
  9. Элдор Шомуродов футбол академияси ва TBC Bank: болалик орзуларидан катта футболгача
  10. ANORBANK Бўстонлиқдаги 168-сон мактаб-интернат тарбияланувчиларини табриклади
  11. Ҳайдовчилар ва ташувчилар учун ОСГОП суғуртасининг афзалликлари...
  12. Pure Milky’дан навбатдаги креатив: Ҳар қадам — азиз инсонларга меҳр билан!
  13. Кредит олиш имкониятини ошириш учун қаерда ишлаш керак?
  14. Бизнес имкониятингизни кенгайтиринг
  15. Фаннинг ривожланишига барчамиз масъулмиз!
  16. XIV Тошкент халқаро кинофестивали қандай ўтказилмоқда?
  1. Спорт
    Синдаров ва Гукешнинг ўзаро ўйинларида ким устун?
  2. Жамият
    Самарқандда келинини тракторда олиб кетмоқчи бўлган куёвнинг кортежи жарима майдончасига жойлаштирилди
  3. Техно
    Хитойда фақат гуманоид роботлардан иборат К-поп қизлар гуруҳи яратилмоқда (видео)
  4. Маданият
    Женисбек Пиязов янги лавозимга тайинланди
  5. Ўзбекистон
    Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазо кучайтирилади
  6. Маданият
    Афғонистонлик ўзбекларнинг миллий либослардаги жўшқин рақси тармоқларни ларзага солди
  7. Дунё
    АҚШда байрамона тушликдан сўнг 18 киши заҳарланди, 15 нафари шифохонага ётқизилди
  8. Дунё
    Ким Чен Ин россиялик хонанда билан саҳнада кўришди
  9. Спорт
    Энди Крус Артур Субханқуловни мағлуб этиб, енгил вазнда IBF жаҳон чемпионига айланди
  10. Дунё
    Ҳиндистонлик депутат қизининг тўйига 400 минг меҳмон чақириб, катта шов-шув кўрсатди