Пенсия ёшига етган ходимни ишдан бўшатиш мумкинми: Қонун нима дейди?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Пенсия ёшига етган ходимни фақат ёши сабабли ишдан бўшатиш мумкин эмас, чунки бу амалдаги Меҳнат кодексида иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун алоҳида асос сифатида белгиланмаган.
- Агар ходим ўз лавозимига нолойиқлиги ёки меҳнат мажбуриятларини бузгани каби қонунда кўрсатилган бошқа сабаблар мавжуд бўлса, иш берувчи буни аниқ далиллар билан исботлаб, белгиланган тартибда меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин.
Пенсия ёшига етган ходимни фақат ёши сабабли ишдан бўшатиш мумкинми? Бу савол кўплаб ходимлар ва иш берувчилар учун долзарб. Амалдаги меҳнат қонунчилигида ходимнинг пенсия ёшига етгани иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун алоҳида асос сифатида белгиланмаган.
Яъни ходим пенсия ёшига етгани учунгина унинг меҳнат шартномасини бир томонлама бекор қилиш мумкин эмас.
Амалдаги қонунчиликда нима белгиланган?
Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш асослари Меҳнат кодексининг 161-моддасида белгиланган.
Амалдаги нормалар орасида ходимнинг пенсия ёшига етгани алоҳида асос сифатида кўрсатилмаган. Шу жиҳатдан, пенсия ёшига етган ходим ҳам бошқа ходимлар каби меҳнат ҳуқуқларидан фойдаланади.
Бу ҳолат эски Меҳнат кодексидаги тартибдан фарқ қилади. Янги кодексда пенсия ёшига етишнинг ўзи меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббуси билан бекор қилиш учун мустақил асос сифатида белгиланмаган.
Аммо ходим иш талабларига жавоб бермаса-чи?
Бу ерда муҳим жиҳат бор.
Пенсия ёшига етган ходимни ёши учун ишдан бўшатиш мумкин эмаслиги уни ҳар қандай ҳолатда ишдан бўшатиб бўлмайди, дегани эмас.
Меҳнат кодексида назарда тутилган бошқа қонуний асослар мавжуд бўлса, меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин. Масалан, ходимнинг малакаси етарли эмаслиги туфайли эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги шундай асослардан бири ҳисобланади.
Бироқ бу ҳолатни иш берувчи шунчаки «ходим ишни эплай олмаяпти» деган умумий баёнот билан асослай олмайди.
Иш берувчи нолойиқликни исботлаши керак
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 26-сон қарорида бу масалага аниқ тушунтириш берилган.
Унга кўра, ходим фақат меҳнат шартномаси бўйича айнан бажариши шарт бўлган ишни уддалай олмаётган бўлсагина, унинг лавозимига нолойиқлиги асосида меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилади.
Бундан ташқари, ходимнинг нолойиқлиги аниқ фактлар билан тасдиқланиши лозим.
Жумладан, қуйидаги ҳужжатлар далил сифатида баҳоланиши мумкин:
текширув далолатномалари;
бевосита раҳбар ёки назорат қилувчининг билдириш хатлари;
ҳисоботлар;
аттестация ҳужжатлари;
ишнинг паст сифатда бажарилганини тасдиқловчи ҳужжатлар;
иш ҳажми ёки ишлаб чиқариш нормаси бажарилмаганини кўрсатувчи маълумотлар.
Олий суд Пленуми таъкидлаганидек, аттестация комиссиясининг хулосаси ҳам ходим малакаси етарли эмаслигини тасдиқловчи далиллардан бири бўлиши мумкин.
Меҳнат интизоми бузилса, вазият бошқача
Ходимнинг ёши ва унинг меҳнат интизоми масалаларини бир-биридан ажратиш муҳим.
Агар ходим меҳнат мажбуриятларини айбли равишда бажармаса ёки лозим даражада бажармаса, қонунчиликда назарда тутилган интизомий чоралар қўлланиши мумкин. Олий суд Пленуми ҳам Меҳнат кодексининг 161-моддаси 2-қисмидаги айрим асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш интизомий жазо хусусиятига эга эканини тушунтирган.
Демак, бундай вазиятда масала ходимнинг пенсия ёшига етганида эмас, балки унинг аниқ меҳнат мажбуриятларини бузган-бузмаганида бўлади.
Энг муҳим хулоса
Пенсия ёшига етиш — ишдан бўшатиш учун автоматик асос эмас.
Иш берувчи ходимни фақат «пенсия ёшига етди» деган сабаб билан ишдан бўшата олмайди. Бироқ ходимнинг лавозимига нолойиқлиги ёки меҳнат мажбуриятларини бузгани каби қонунчиликда назарда тутилган бошқа асослар мавжуд бўлса, улар белгиланган тартибда қўлланиши мумкин.
Бунда иш берувчи ҳар бир ҳолатни ҳужжатлар билан асослаши ва меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қонуний тартибига риоя қилиши керак. Олий суд Пленуми ҳам ишга тиклашга оид низоларда меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қонунийлиги масаласига алоҳида эътибор қаратишни белгилаган.































Изоҳлар 0
…