Қашқадарёда Uzum Market ҳайдовчиси олти ойдан сўнг суд залидан озод қилинди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Uzum Market ҳайдовчиси 249 миллион сўмлик 101 та телефонни ўзлаштирганликда айбланиб, олти ойдан ортиқ қамоқда сақланганидан сўнг, апелляция суди уни суд залида озод қилди.
- Ишни қайта кўриб чиқиш натижасида ҳайдовчи 64,4 миллион сўмлик 21 та телефонни ўзлаштиргани аниқланди ва оиласи компанияга 92,7 миллион сўмлик зарарни қоплагани ҳисобга олинди.
Қашқадарё вилоятида Uzum Market компаниясида ҳайдовчи бўлиб ишлаган 41 ёшли эркак телефонларни ўзлаштиришда айбланиб, олти ойдан ортиқ вақт қамоқда сақланди. Апелляция суди ишни қайта кўриб чиқиб, унга нисбатан тайинланган жазони енгиллаштирди ва уни суд залининг ўзида озод қилди.
Тергов органи ҳайдовчини Тошкентдан Қашқадарёга олиб келинаётган умумий қиймати 249 миллион сўм бўлган 101 та телефонни омборга топширмасдан ўзлаштирганликда айблаган. Биринчи инстанция суди унга уч йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Бироқ 2026 йил 6 октябрь куни Қашқадарё вилояти судида иш қайта кўриб чиқилганида, ҳайдовчи 101 та эмас, балки 21 та телефонни ўзлаштиргани, уларнинг умумий қиймати 64,4 миллион сўмни ташкил этгани аниқлангани айтилмоқда.
Қолган 80 та телефоннинг йўқолгани қайд этилган бўлса-да, ушбу йўналишда қатнаган бошқа 15 нафар ҳайдовчининг фаолияти текширилмагани ва камомад тўлиқ равишда бир кишининг зиммасига юклангани билдирилган.
Шунингдек, ҳайдовчининг оиласи тергов даврида компанияга пул ва телефонлар кўринишида жами 92,7 миллион сўмлик зарарни қоплагани маълум бўлган. Суд ушбу ҳолатларни инобатга олиб, жазони енгиллаштирган.
Ҳайдовчининг қамоқда ўтказган олти ойу 12 куни янги тайинланган жазо муддатига ҳисоблангани сабабли у суд залининг ўзида озодликка чиқарилган.
Маълумотларга кўра, суд қарорига биноан, компания ҳайдовчининг оиласига ортиқча тўланган 27,5 миллион сўмни қайтариши керак. Йўқолган 80 та телефоннинг тақдири ва уларнинг йўқолишига кимлар сабабчи бўлгани ҳақида эса ҳозирча аниқ маълумот йўқ.






























Изоҳлар 0
…