13:49 / 28.07.2020
2 927

Юртдошларимизни хориждан тезроқ қайтарайлик...

Юртдошларимизни хориждан тезроқ қайтарайлик...
Эшитишимча, Туркиядан ватанга қайтиш учун элчихонамизга 15000 киши ариза берган. Агар уларни ҳозирги даражада қайтарсак (ҳафтасига битта чартер), ўртача 15 ойда уларни қайтара оламиз. Табиий у 15000 ойига камида 1000 та қайтишга талабгор билан тўлиб бораверади. Унда бу вазифани тўлиқ бажаришга 4-5 йил бемалол кетиб қолади.

"Чартерни кўпроқ қўйса, муаммо тез ечилади-ку", десак, "Бирданига 3-4 баробар кўп одам оқимини карантинга олиш имкони йўқ" дейишади.

Жаҳон ахборотини кузатсак, бу борадаги энг оммавий карантин тури "самоизоляция", яъни ўз-ўзини иҳоталаш эканини кўрамиз. Бунда сафардан қайтган одамни ўз уйида яккаланиши мажбурий қилиб қўйилган. Агар иҳотлашига ишонилмаса, битта миршаб ёки маҳалла фаолини бириктириб, уларнинг иш ҳақини иҳолатанган киши ёки яқинлари зиммасига қўйиш мумкин. Қаранг, бунда сафардан қайтганнинг маблағи ва давлатнинг ресурслари иқтисод бўлади.

Меҳмонхонадаги ғурбатдан кўра уйдаги яқинларининг тафтини ҳис қилиш кишига қанчалар руҳ бағишлайди. Агар аэропортдан чиқаётган кишида вирус аниқланса, шифохонага ёки шубҳа бўлса, махсус карантин зонага жойланиши мумкин. Буни аниқлашнинг қандай услубини қўллаш шифокорлар измида. Ҳатто келишга номзодлар ўзлари турган мамлакатларида вирусга текширув ўтказганлари ҳақида маълумотнома тақдим қилишларини шарт қилиб ҳам қўйиш мумкин.

Мени ажаблантираётган икки жиҳат бор.

1. Мамлакат ичкарисида одамлар коронавирус тўфони остида қанчалар қийналаётганини ҳамма кўриб турибди. Яқинларини шифокор кўригидан ўтказа олмаётганлар, сифатли тиббий муолажа ололмаётганлар, ҳатто вирус учун анализ топшира олмаётганлар, ҳаво бериш ускуналарини ўзи сотиб олиб (отлиқлар), айрим кўнгиллиларнинг хонадонлар аро юриб, беморларни муолажасини қилиб юрганлари каби. Энди мана шундай талотўп манзарасида, четдан келаётган мусофирларларга энг тараққий этган ва бу бало билан муваффақиятли курашаётган давлатлар талабини қўйиш жуда ғалати.

2. "Коронавирусга қарши кураш фонди"дан 500 миллиард сўм ёрдам олган жонажон Ҳаво йўлларимизнинг ҳозирги аҳволи. Эътибор бераётган бўлсангиз, чет эл авиакомпаниялари мунтазам ҳаво қатновларини қўйиш режаларини эълон қилиб ётишибди. Лекин бизнинг Транспорт вазирлигимиз совуққонлик билан, улар нотўғри ахборот бераётгани, аэропортларимизни очмасликлари ва биз ҳам учиш хаёлидан воз кечишимиз лозимлиги ҳақида баёнот бериб ётибди.

Нега бу хориж авиакомпаниялари бундай шошилинч эълон бериб ётибди? Чунки улар учун ҳар бир кун ва ҳар бир мижоз ғанимат. Агар иш шундоқ кетса, синишлари аниқ. Гарчи уларда ҳам давлат ёрдами мавжуд бўлса-да, унинг ҳисоб-китоби бор ва қайтариш кераклигига аминлар. Бизда-чи? Бу саволга жавобни ҳамма билади. Ўзингиз тасаввур қилинг. Отангиз ҳар кун чўнтагингизга керагидан ортиқ пул солиб қўйса, сизда ишлашга иштиёқ бўладими?

Лоақал чартер рейсларни кўпроқ қўйиб, “Ҳаво йўллари” бензин пулини чиқариб турса бўларди.

Гапирсам роса гап кўп экан, гапни чўзмай. Хуллас, озгина ҳаракат қилсак, ватанига келишга муштоқ ватандошларни тезроқ қайтара оламиз. Қарзи кўпайиб бораётган миллий авиакомпаниямиз белига дармон бўламиз.

Мубашшир Аҳмад

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Юртдошларимизни хориждан тезроқ қайтарайлик...