Ўзбекистонда автосуғурта нархи рекорд даражада ошиб кетди

Марказий банк 2025 йил майидан 2026 йил майи якунигача бўлган даврда маҳсулот ва хизматлар нархларида қандай ўзгаришлар кузатилганини таҳлил қилди. Унда энг юқори нарх ўсиши автомобилларни суғурталаш соҳасида қайд этилган.
Лимон нархи энг юқори ўсган маҳсулотлардан бири бўлди
Истеъмол нархлари индекси саватига киритилган 167 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг 151 таси, яъни 90 фоизининг нархи 10 фоиздан паст даражада ошган. Бироқ айрим маҳсулотларда кескин қимматлашиш кузатилган.
Хусусан, лимон нархи 86,6 фоизга, бодринг эса 41,6 фоизга қимматлашган. Шунингдек, олма 24,8 фоизга, қўй гўшти 22,8 фоизга, товуқ тухуми 21,4 фоизга ошган. Мол гўшти нархи эса 19 фоизга кўтарилган.
Марказий банк кескин арзонлашган маҳсулотлар рўйхатини ҳам эълон қилди. Жумладан, бақлажон нархи бир йил давомида 27,3 фоизга, пиёз 22,9 фоизга пасайган. Саримсоқ 22 фоизга, тарвуз 21,3 фоизга, сабзи эса 20 фоизга арзонлашган.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархида қандай ўзгаришлар бўлди?
Истеъмол гуруҳига кирувчи 252 турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотларининг 233 тасида, яъни 92 фоизида йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст даражада қайд этилган.
Энг юқори ўсиш жаҳонда олтин нархи қимматлашгани фонида никоҳ узуклари қийматида кузатилган. Уларнинг нархи 24,7 фоизга ошган. Шу билан бир қаторда, пропан 22,1 фоизга, цемент эса 13,5 фоизга қимматлашган.
Арзонлашган маҳсулотлар орасида йирик ошхона жиҳозлари биринчи ўринни эгаллаган бўлиб, уларнинг нархи 3,1 фоизга тушган. Ичимлик тайёрлаш учун мўлжалланган кичик приборлар 2,3 фоизга, чангютгичлар эса 1,5 фоизга арзонлашган.
Автосуғурта хизматлари энг юқори ўсишни қайд этди
Хизматлар тоифасидаги 98 турдан 75 тасининг, яъни 77 фоизининг йиллик қиймати 10 фоиздан паст даражада ошган.
Бироқ мазкур сегментда ҳам кескин қимматлашган хизматлар мавжуд. Улар орасида биринчи ўринни шахсий транспорт воситаларини суғурталаш хизматлари эгаллаган. Бир йил ичида автосуғурта хизматлари нархи қарийб 281,8 фоизга ошган.
Шунингдек, троллейбус йўл ҳақи 100 фоизга, чиқинди олиб кетиш хизмати 28 фоизга қимматлашган. Ҳайдовчилик курслари 22,9 фоизга, совуқ сув нархи эса 22,4 фоизга кўтарилган.
Ўз навбатида, халқаро авиачипталар нархи сезиларли даражада арзонлашиб, 7,7 фоизга пасайган. Пул ўтказмалари учун ҳақ тўлаш 7,6 фоизга, ички авиақатновлар чипталари 4 фоизга тушган. Нодавлат олий таълим муассасаларида ўқиш қиймати ҳам 0,5 фоизга арзонлашган.





























Изоҳлар 0
…