11:50 / 04.02.2021
3 162

Абдукарим Мирзаев уч кун туз тотмай, касалхонага тушиб қолгани ҳақида гапириб берди (видео)

Абдукарим Мирзаев уч кун туз тотмай, касалхонага тушиб қолгани ҳақида гапириб берди (видео)
Фото: «Дарё»
«Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад узоқ йиллар мобайнида пойтахтда ижара уйларда яшаб, ижаранинг турли хил қийинчиликларини бошидан ўтказган ва ўтказаётган таниқли инсонлар билан интервью қилди.

Таниқли журналист, режиссёр Абдукарим Мирзаев талабалик вақтидаги ижара ва очлик азоби, уч кун туз тотмагани сабабли касалхонага тушиб қолгани ҳақида гапириб берди.

- "Биз талаба бўлган пайтда мен онам билан бир ойда бир гаплаша олардим ёки йўқ. Уйда телефон йўқ эди, қўшнининг уйига телефон қилиш керак эди, унинг учун телеграфга бориш керак, номер бериб, навбат кутиш керак, улар бир амаллаб тушгандан кейин, уёқдаги қўшнилар бизнинг уйга югуриши керак эди, онам яна югуриб қўшнининг уйига чиқиши керак эди, бунинг учун унга отам рухсат бериши керак эди, бунча узоқ вақтдан кейин «Алло, болам...» деган гапни эшитгандан кейин томоғимга бир нарса тиқиларди, суҳбат битарди.

Ҳозирги ёшлар бундай нарсаларни ҳис қиладими, ҳис қилмайдими, бундай соғинч борми, йўқми, билмайман. Лекин бизда шунақа эди.

Уни айтаман, буни айтаман, мана бу муаммони айтаман... Кимгадир дардиҳол қилгингиз келади, кичкиналигингиздан онангизга қилгансиз дардиҳолингизни. Энди у онаизорни ҳаллослаб югуриб келиб, «болам» дейиши билан муаммоларни айтолмай қолардик.

Мен Тошкентда эски уйда яшардим, 40—50 йилларда қурилган бўлса керак, ҳозир борми, йўқми билмайман. «Бобур» боғининг у томонида, «Ракат» маҳаллада эди. Жудаям эски эди. Бир куни эрталаб уйғонсам, кўча кўриниб турибди, уйнинг девори йиқилиб тушибди-да, ёмғир ёғгани сабаб. Мен деворга қараб ётардим, кўзимни очсам оёқлар, кўчадаги одамлар эгилиб қараб ўтяпти.

Сув сизиб, деворга оққан, хом ғишт сабаб ўпирилган. Кейин амаллаб уни тўғирладик. Шундан кейин деразага, умуман ҳамма жойига консерва идишларини қўйиб чиқадиган бўлдим, ёмғир ёғса, тақирдаб товуш чиқади, уйғонардимда, кейин ташқарига чиқиб турардим. «Уй қулаб тушса тагида қолиб кетмай», деб ўзимни ҳимоя қилардим. Бир ўзим яшардим.

Ижара ҳовлининг ўртасида бир ўрик дарахти бор эди. Баҳорда ғўрасини ердим, ёзда мевасини ердим, кузда ерга тушган қоқисини ердим, қишда данагини ердим. Шу биргина дарахт мени 4 та фаслда боқарди. Илҳом ака деган акамиз бор эди, раҳматли, рассом эди, бирга яшардик. Иккаламизни қуруқ чой олишга пулимиз бўлмасди, сувни қайнатиб, буханка нонни ботириб нонушта қилардик. Кечки овқатга ҳам қайнаган сув ва буханка. Тушликда институтдан 2 та картошкали перажки ёки бўлмаса, ётоқхонада бирорта ўртоғимизнинг хонасида яна буханка ердик.

Ётоқхонада ҳайкалтарош ўртоғим бор эди, Шоҳруҳ деган. Турғун деган бир дўстимиз бўларди, қашқадарёлик. Бир куни кириб келди, жуда ҳазилкаш йигит эди. Биз Шоҳруҳни хонасида буханкани еб бўлдик, буханкани ушоғи кўп бўлади, ушоқлари қолди. Турғун ушоқларга қараб, «Ооо, бу шоҳона дастурхон» деб бармоғида ушоқларни териб еди.

Жуда ажойиб даврлар эди. Лекин биз «қорнимиз оч, нима еймиз, нега қийналиб яшаяпмиз», деб ўйламасдик. Тожинисо холам, ҳафтада бир марта якшанба куни ош қиларди, якшанба куни бориб бир товоқ ош ердим. Мастава қилиб берардилар, ёғли-гўштли овқатлар ҳафтада бир марта бўларди. Ўсаётган пайтларимиз эди...

Масалан, бир воқеани айтиб бераман, ҳеч қаерда айтмаганман. Пул қолмади, ейишга ҳеч нарса йўқ. Ғурур ҳам шу қадарки, буни бировга айтишнинг иложиси йўқ. Орадан бир кун ўтди, сув ичаман, ётаман. Иккинчи кун яна сув ичаман, ётаман, 3 кун ўтди, яна сув ичаман, ётаман. Сувни ҳам кўп ичолмайман, озгина ичаман. Чунки оч қоринга сув ичаверсангиз, худди бўш идишга сув солиб чайқатгандек, юрсангиз ичингиз ғулт-ғулт қилиб қимирлаб, безовта қилади.

Бошқа нарса йўқ. Ҳолим йўқ, ухлаб қоламан. 3-кунми, 4-кунми кечқурун, эслолмайман, эшик тақиллаб қолди. Очсам бир ўртоғим, қишлоқдан келибди, уйдагилар пул бериб юборган экан, «Мен ҳозир кийиниб чиқай, бирдан овқатлангани борамиз» дедим. Пул йўқ, ҳам бир ўзим, ёшман, ичимда бир ғазаб ҳам бор. Нафс исён қилиб турган бир пайт. Ўртоғим келиши билан ғазаб ва алам аралаш «кетдик» дедим.

«Бобур» боғининг олдида шашлик қилишарди. Ўртоғимдан нечта шашлик ейишини сўрадим, иккита деди, буюртма олгани ҳам келиб турибди, мен 10 та дедим. Хуллас 12 дона шашлик олиб келди, ўтирдим, едик, у ҳам еди, мен ҳам едим, чойни ичдик, нонни едик, шакаробни едик. Ўрнимдан шундай тураман десам туролмадим, ошқозоним «приступ» бериб қолди, ўтирган ўрнимдан тўғри бўлолмадим, тез ёрдам чақиришди, ўша ердан «инфексионний»га олиб кетишди. Тўрт кун деганда шифохонадан чиқдим.

Бу нарсаларнинг ҳаммасини бугун мен хурсандчилик билан эслайман, ҳеч қандай оғриқ, ҳеч бир алам йўқ. Бундай босқичлардан одам ўтиши керак эди. Инсонлар ҳар доим қийин йўллардан ёшлигида ўтса, унинг ҳаёти гўзал бўлади. Қийин йўллар қариганда келса, кучсиз бўлиб қолганда келса, ундан ёмони йўқ.

Шундай экан, Аллоҳ таоло бизга ёш эканмиз, бақувват эканмиз, қийинчилик даврларни берса, биз енгиб ўтсак ўшанда ҳақиқий олтин давр бўлади. Бизга энг кўп сабоқларни берган ҳаётимизнинг энг қимматли даври ўша бўлади.

Масалан, бундай қийинчиликларни кўрмасдан ҳам талаба бўлиш мумкин. Албатта, талабалар шундай қийинчиликларни кўриши керак деган қоида йўқ. Мен айтмоқчи бўлганим, бундай синовлар, очлик синовлари, пулсизлик синовлари, ёлғизлик синовлари, бу нарсаларни ёшликда енгиш осон
", - деди журналист, режиссёр Абдукарим Мирзаев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Абдукарим Мирзаев уч кун туз тотмай, касалхонага тушиб қолгани ҳақида гапириб берди (видео)