63 ёшида талабалик орзусини рўёбга чиқарган аёл ҳаммани ҳайратга солди

Қашқадарё вилоятида яшовчи 63 ёшли аёл кўп йиллик орзусини амалга ошириб, олий таълим муассасасини муваффақиятли тамомлади. Нишон туманида истиқомат қилувчи Гулсум Хуррамова Қарши давлат университетини битириб, бакалавр дипломини қўлга киритди.
Маълум бўлишича, у 2020 йилда, 58 ёшида университетнинг Тарих факультети қошидаги “Ижтимоий иш” йўналишига ўқишга қабул қилинган. Беш йил давомида ёш талабалар билан бирга таҳсил олиб, таълимни муваффақиятли якунлади.
Гулсум Хуррамованинг таъкидлашича, олий маълумотли бўлиш унинг болаликданги энг катта орзуларидан бири бўлган. Маҳалла тизимида олий маълумотга эга бўлмаган ходимлар учун яратилган имкониятдан фойдаланиб, ҳужжат топширишга қарор қилган.
Айни пайтда у Нишон туманидаги Абдулла Қодирий маҳалласида ижтимоий ходим сифатида фаолият юритмоқда. У узоқ йиллар маҳалла тизимида меҳнат қилиб, турли маҳаллаларда раис лавозимида ҳам ишлаган.
Гулсум Хуррамованинг энг ёрқин хотираларидан бири эса невараси билан бир вақтда талабалик гаштини сурганидир.
«Энг қувонарлиси, мен фарзандим билан эмас, неварам билан бир вақтда университет талабаси бўлдим», — дейди у.
Ҳамкасбларининг айтишича, у маҳаллада хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш йўналишида ҳам фаол иш олиб борган. Унинг ташаббуси билан эҳтиёжманд аёллар учун касб-ҳунар тўгараклари ташкил қилиниб, бир қатор хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган.
63 ёшида бакалавр дипломини қўлга киритган Гулсум Хуррамованинг ҳаёт йўли илм олиш ва ўз устида ишлаш учун ёш ҳеч қачон тўсиқ эмаслигини яна бир бор исботлади. Унинг ҳикояси кўплаб инсонлар учун кучли мотивация ва ибрат бўлмоқда.






























Изоҳлар 0
…