15:09 / 02.07.2023
581

Актриса Жайрона Ҳасанова онасини эслай олмаслиги ва ўгай онаси билан бугунги муносабатлари ҳақида гапирди

Фото: Instagram / @djayronajana

Актриса Жайрона Ҳасанова вайнер Индира Мифтаҳованинг “Меҳмонда” YouTube каналига берган интервьюсида шахсий ҳаёти ҳақидаги саволларга қуйидагича жавоб берди.

— Ота-онам севиб, оила қуришган экан. Афсуски, онам юрагида нуқсон бўлган, шу боис шифокорлар унга фарзандли бўлиш мумкин эмаслигини айтган. Аммо онам раҳматли мендан воз кечишни ицамаган экан. Юрак хуружи сабаб, ҳомилани етти ойлигида туғдириб олишган. Онам эса мени дунёга келтириб, 19 ёшида оламдан ўтган. Аввалига онамнинг йўқлиги сезилмаган. Чунки дадам ҳамма шароитларни яратиб берарди. Ўзи давлат ишида ишлагани учун ҳар доим ҳам ёнимда бўлолмасди.

Баъзан ойлаб бир-биримизни кўрмасдик. Бу вақтда энагалар қарарди, ҳатто овқатимни ҳам қиладиган опалар бор эди. Дадам шахсий ҳаёти ҳақида гапиришни унчалик истамасди. У ўлганидан кейин аввал у билан ишлаган инсонлар болалигим билан боғлиқ хотираларни сўзлаб беришганди. Дадам институтда ўқитувчилик қилаётган пайтда мени коляскага солиб, ишхонасига олиб борар экан. Бутилкага эчкининг сутини солиб, ҳеч ким йўғида ичириб қўяркан.

Дадам меҳрибон бўлган, аммо эркак киши барибир аёлсиз қийналар экан. Шу боис, 11 ёшга тўлганимда оила қурди. Турган гапки, бу аввалига менга ёқмади. Чунки уйда бор эътибор менга бўлишига ўрганиб қолгандим. Аввалига ўгай онам билан зиддиятли вазиятлар жуда кўп бўлган. Аммо отам ўлгач, у ҳаётимдаги энг яқин инсонимга айланган. Икки нафар сингилларим бор, улар билан ҳам муносабатларимиз яхши, — дейди актриса Жайрона Ҳасанова.

Актриса ўгай онасидан ҳамиша миннатдорлиги ва ҳаётидаги фожиалар уни актриса бўлишга ундагани ҳақида сўзлаб берди.

Фото: Instagram / @djayronajana


— Ўгай онамдан ҳамиша миннатдорман, балки бу гапларни унинг ўзига айтолмасман, аммо ич-ичимдан раҳмат айтаман. Чунки отам ўлганидан кейин унга кўпчилик “Етим боқсанг оғзи бурнинг қон бўлади, тезроқ эрга бериб қутилгин”, деб маслаҳат беришган. Ҳатто, бундай гапларни ўз қулоқларим билан ҳам эшитганман. Ўгай онам эса “Ўқийсанми?” деб савол берган. “Ҳа, санъаткор бўлиш ниятим бор, институтда ўқимоқчиман”, деганимда “Майли, ўзинг ёқтирган касбингни танла, фақат менга ишонма, сенга ёрдам беролмайман”, деган.

Аммо атрофдаги инсонларнинг олдида менга ўқиш имкониятини бергани ҳам катта гап эди. 23 ёшимга қадар “тезроқ оила қуришинг” керак деб кўп гапирди. Чунки отамдан кейин мени ишончли қўлга топшириш унга юклатилганди. Аммо мен буни истамадим. Карьера қилиб, уй-жой, машина олишим керак дедим. Дадам жуда бадавлат инсон бўлган, бу ҳақида гапиришни истамайман-у, аммо ундан менга ҳеч нарса мерос бўлиб қолмаган. Ҳаммасини ўз меҳнатим билан топдим.

Ўгай онамдан миннатдор эканлигимнинг яна бир сабаби, мен сабаб унга кўп маломат тошларини отишган. Айниқса актриса бўлганимдан кейин хулқи бузуқликда айблашган. Тўй-хизматлари ёки съёмкалардан кеч қайтсам, маҳалламиздаги бир аёл онамга чиқиб арз қилган. Нима эмиш, менинг кеч, турли машиналарда қайтишим сабаб унинг қизига совчи келмаётганмиш. Жуда кулгили гаплар, ўгай онам уларнинг кўпи билан курашган.

Ҳозир ҳам уйга совчи келса, ўзингиз кутасиз, тўйимда бош-қош бўласиз деб айтаман. Ҳар куни қўнғироқлашиб турмасам ҳам, у инсондан миннатдорман, — дейди актриса Жайрона Ҳасанова.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Актриса Жайрона Ҳасанова онасини эслай олмаслиги ва ўгай онаси билан бугунги муносабатлари ҳақида гапирди