Капурлар сулоласи тақиқини бузган Карина Капур 46 ёшда

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Карина Капур, Капурлар сулоласининг тўртинчи авлоди вакили, 46 ёшга тўлди ва оиладаги аёллар учун актёрлик тақиқини бузиб, Болливудда ўз ўрнини яратди.
- У 1980 йил 21 сентябрда туғилган ва 20 ёшида "Рад этилган" филми билан дебют қилиб, "Энг яхши дебют" мукофотини олган.
- Карина Капур "Гоҳи шодлик, гоҳи ғам", "Уч савдойи" ва "Лаал Сингх Чаддҳа" каби кўплаб муваффақиятли филмларда рол ижро этган.
Болливуднинг машҳур актрисаси, хонанда ва раққоса Карина Капур 46 ёшни қарши олди. Раж Капурнинг набираси ва Капурлар сулоласининг тўртинчи авлоди вакили бўлган Карина нафақат кино соҳасидаги муваффақиятлари, балки оиладаги йиллар давом этган тақиқни бузгани билан ҳам танилган.
Карина 1980 йил 21 сентябрда Мумбайда туғилган. Капурлар сулоласининг аввалги авлодларида актёрлик фақат эркакларга рухсат этилган, оила аёллари учун эса бу йўл ёпиқ бўлган.
Каринанинг онаси Бабита Шивдасани Рандҳир Капурга турмушга чиқишидан олдин 20 та фильмда роль ижро этган. Никоҳдан кейин эса 1970-йилларнинг ўрталарида кинони тарк этиб, икки қизини тарбиялашга бағишланган.
1988 йилда Бабита Рандҳир билан муносабатларини якунлаб, Карина ва унинг опаси Каришмани Лохандвалага олиб кўчган. Шу даврдан сўнг икки қиз ҳам оиладаги анъанани бузиб, профессионал актрисага айланди. Бабита Каринанинг ижодий фаолиятини доим қўллаб-қувватлаб, унга суратга олиш майдонларида ҳамроҳ бўлган ва кейинчалик продюсерига айланган. Оила 2007 йилда яна бирлашган.
Актёрликни бирданига танламаган

Карина мактаб-интернатни тугатгач, Митҳибаи коллежида икки йил иқтисодиёт бўйича ўқиган. Кейин ҳуқуқ соҳасига қизиқиб, юридик коллежга кирган. Бироқ бир йилдан сўнг бу йўналиш унга мос эмаслигини англаб, театр институтида таҳсил олишни бошлаган.
20 ёшида “Рад этилган” фильми билан киносига дебют қилган актриса биринчи роли учун Filmfare’нинг “Энг яхши дебют” мукофотини қўлга киритди.
Кейинчалик “Ажнабий”, “Севги жозибаси” ва “Император” фильмларидаги роллари билан танилди. Айниқса, “Севги жозибаси” 2001 йилда Ҳиндистонда энг кўп даромад келтирган фильмлардан бири бўлди.
Болливуддаги катта муваффақият
“Гоҳи шодлик, гоҳи ғам” фильми Карина карьерасидаги энг муҳим босқичлардан бири бўлди. Унда актриса Шоҳрух Хон, Ритик Рошан ва Кажол билан бирга роль ижро этган. Бюджети 7,5 миллион доллар бўлган фильм Ҳиндистонда 2002 йилнинг энг кўп даромад келтирган иккинчи картинасига айланган ва хорижда 13 миллион доллар ишлаб топган.
Бироқ 2002–2003 йиллардаги бир қатор фильмларининг тижорий муваффақиятсизлиги Каринани ролларини қайта кўриб чиқишга ундади.
2004 йилда эса у яна муваффақиятли образлар ярата бошлади. Говинд Ниҳаланининг “Мураббий” фильмидаги роли учун Filmfare Critics мукофотини олди ва илк бор хонандалик қобилиятини ҳам намойиш қилди.

2006 йилда “Омкара” фильмида, 2007 йилда эса “Биз учрашганимизда” мелодрамасидаги роли билан яна бир қатор нуфузли мукофотларга сазовор бўлди.
“Уч савдойи” ва халқаро лойиҳалар
2009 йилда Карина Акшай Кумар билан “Қойилмақом жуфтлик” комедиясида иштирок этди. Фильмда Силвестр Сталлоне ва Денис Ричардс ҳам қатнашган.
Шу йили у “Уч савдойи” фильмида Амир Хон, Мадхаван ва Шарман Жоши билан бирга роль ижро этди. Картина Болливуд тарихидаги энг юқори даромадли фильмлардан бирига айланиб, тўрт йил давомида рекордни сақлаб турди.
2015 йилда Карина “Ака-ука жангчилар” драмаси актёрлар таркибидан жой олди. Машҳур актёрлар иштирокига қарамай, фильм 18 миллион долларлик бюджетини қоплай олмади.
2019 йилдаги “Яхши хабар” комедияси эса унга Filmfare мукофотининг “Энг яхши актриса” номинациясини олиб келди.
Саиф Али Хон билан оила қурди

Карина 2007 йилда актёр Саиф Али Хон билан танишган. Уларнинг муносабатлари “Ўзгача услуб” фильмини суратга олиш жараёнида бошланган.
Саиф Али Хон Патауди сулоласидан бўлиб, унинг отаси Мансур Али Хон Патауди Ҳиндистон крикет жамоаси сардори бўлган.
Карина билан муносабатлари бошланган пайтда актриса Шаҳид Капур билан учрашар, Саиф эса аввалдан оилали ва икки фарзанднинг отаси эди. Кейинчалик у ажрашиб, Карина билан турмуш қурди.
Жуфтликнинг тўйи 2012 йил 16 октябрда бўлиб ўтди. 2016 йилда уларнинг Таймур Али Хон, 2021 йилда эса Жаҳонгир Али Хон Патауди исмли ўғиллари туғилди.

Кино билан бирга жамоатчилик фаолияти
Карина Капур кино фаолиятидан ташқари UNICEF билан ҳамкорлик қилиб, болалар таълими, аёллар хавфсизлиги, гигиена ва болалар ўлимини камайтиришга қаратилган лойиҳаларда қатнашиб келади.
У мазкур мавзуларда мақолалар ёзган, ҳужжатли фильмлар продюсери сифатида ҳам ишлаган. 2010 йилда Ҳиндистондаги қишлоқлардан бирини ҳомийликка олиб, уни электр энергияси билан таъминлаш учун маблағ ажратган.
Карина, шунингдек, кийиниш услубига оид китоблар нашр этган, турли брендларнинг амбассадори бўлган ва “Бебо” лақаби билан ҳам машҳур.
2022 йилдаги муҳим роли
Каринанинг сўнгги йиллардаги эътиборга молик ишларидан бири 2022 йилда экранга чиққан “Лаал Сингх Чаддҳа” фильми бўлди. Адвайт Чандан режиссёрлигидаги мазкур картина “Форрест Гамп” фильмининг ҳинд тилидаги мослаштирилган версияси бўлиб, унда Карина билан бирга Амир Хон ва Нага Чайтаня ҳам роль ижро этган.
Фильмнинг бюджети 22,2 миллион долларни ташкил этган ва у бутун дунё бўйлаб 16 миллион доллар даромад олган.
Каринанинг ижодий фаолияти давомида “Гоҳи шодлик, гоҳи ғам”, “Мураббий”, “Омкара”, “Биз учрашганимизда”, “Уч савдойи”, “Ки ва Ка”, “Лаал Сингх Чаддҳа” каби кўплаб фильмлар бор.
Исми ҳам алоҳида тарихга эга

Каринанинг исми ҳам тасодифий танланмаган. Онаси Бабита унга ҳомиладорлик пайтида Лев Толстойнинг “Анна Каренина” асарини ўқиган ва қизининг исмини асардаги қаҳрамон шарафига Карина деб қўйган.
Унинг севимли актёрлари орасида бобоси Раж Капур ва Наргис бор. Севимли фильмлари эса “Жаноб” ва “Сангам” ҳисобланади.
Шу тариқа Карина Капур машҳур Капурлар сулоласининг навбатдаги вакили бўлиш билан бирга, оиладаги узоқ йиллик тақиқни бузган ва Болливудда ўз номини яратган актриса сифатида 46 ёшини қарши олди.






























Изоҳлар 0
…