Нозанин Ғаффорова 9 йилдан бери кўрмаган дадасига мурожаат қилди (видео)

Актриса Нозанин Ғаффорова “Омон-Омон” дастурида дадаси ҳақида гапириб, уни тўққиз йилдан бери кўрмаганини айтди. Актриса дадаси Кореяда яшаб, меҳнат қилаётганини, яқинда Ўзбекистонга қайтишини кутаётганини маълум қилди.
“Дадамни кўрмаганимга тўққиз йил бўлди. Кореяда яшаб, ишлайдилар. Лекин яқинда келишлари керак. Энг катта орзуларимдан бири — ота-онамни зиёратга олиб бориш”, — деди Нозанин.
Суҳбат давомида актриса келажакдаги энг катта мақсадларидан бири ота-онасини Ҳаж сафарига юбориш эканини ҳам айтди.
“Менда мақсадлар жуда кўп, жуда катта. Шу пайтгача кўп нарсаларни фақат онам учун қилиб келганман, чунки дадам Кореяда бўлганлар. Худо хоҳласа, келгуси йил дадам келадилар. Дадам билан онамни Умрага, катта Ҳажга юбориш ниятим бор”, — деди у.
Бошловчилардан бири Нозаниндан дадаси билан охирги марта қачон кўришганини сўраганида, у қисқа қилиб “Тўққиз йил бўлди”, дея жавоб берди.
Шундан сўнг бошловчи Нозаниндан дадаси айни вақтда уни томоша қилаётган бўлса, уларга нима деган бўларди, деб сўради.
“Дада мавзуси мен учун қайсидир маънода бироз оғриқли мавзу. Чунки мен дадам билан бирга катта бўлмаганман. Бир муддат бирга яшаганмиз, кейин дадам Кореяга кетганлар. Шундан кейин ўртада барибир узилиш бўлган”, — деди актриса.
Нозанин отасига бўлган соғинчини сўз билан тўлиқ ифода эта олмаганини таъкидлади.
“Мен дадамга соғинчимми, уларни яхши кўришимми тўлақонли айта олмаганман, билдира олмаганман. Балки ҳозир кўраётган бўлсалар, шуни билсинлар: кичкина малика будурингиз ҳали ҳам ўша кичкина ҳолида яхши кўради. Кичкина болалардай соғинаман. Тезроқ келишингизни кутяпман. Келсангиз, энг бахтли инсон мен бўламан”, — дея дадасига мурожаат қилди Нозанин Ғаффорова.






























Изоҳлар 0
…