Эртага мамлакатнинг айрим ҳудудларида ёмғир кутилмоқда

Эртага мамлакатнинг айрим ҳудудларида ёмғир кутилмоқда

Эртага Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ҳамда момақалдироқ кузатилиши эҳтимоли бор. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда эса сел-сув тошқинлари юзага келиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу ҳақда “Ўзгидромет” 5 июнь куни учун эълон қилинган об-ҳаво прогноз маълумотларида хабар берилган.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида ҳаво ўзгарувчан бўлиб, куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Ҳарорат кечаси 17–19 даража, кундузи эса 30–32 даража атрофида бўлади. Шамол шарқий йўналишда 3–8 м/с тезликда эсади, айрим ҳудудларда 10–12 м/с гача кучайиб, чанғ ва тўзонлар кузатилиши эҳтимоли бор.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кундузи 28–33 даражагача кўтарилади. Худди шундай об-ҳаво Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам сақланиб, кундузги ҳарорат 35 даражагача етиши мумкин.

Тошкент вилояти, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида асосан қуруқ об-ҳаво сақланади. Фақат Тошкент вилоятининг айрим туманларида куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши эҳтимоли мавжуд. Ҳарорат 28–33 даража атрофида бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида энг иссиқ об-ҳаво сақланиб қолади. Бу ҳудудларда кундузи ҳаво ҳарорати 33–38 даражагача кўтарилиши прогноз қилинган.

Фарғона водийси — Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам куннинг иккинчи ярмида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ҳамда момақалдироқ кузатилиши мумкин. Ҳарорат кундузи 28–33 даража атрофида бўлади.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида эса вақти-вақти билан ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши кутилмоқда. Ҳарорат кечаси 10–15 даража, кундузи 18–23 даража атрофида бўлади. Шу билан бирга, ушбу ҳудудларда сел ва сув тошқинлари юзага келиши хавфи сақланиб қолмоқда.

Синоптиклар 4–5 июнь кунлари тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли ҳамда дам олувчиларни эҳтиёткорликка чақирди. Сел келиши эҳтимоли бор жойларда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш тавсия этилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар