Тошкентдаги "Ҳумо арена"да бокс бўйича эркаклар ўртасида жаҳон чемпионати давом этмоқда. Бугун ярим финал жанглари бўлиб ўтди.
-57 кг вазн тоифасида Абдумалик Халоков Мунарбек Сеитбек Уулу (Қирғиз Республикаси) билан рингга кўтарилди. Жанг биринчи раундда якунланди. Абдумалик Халоков рақибига зарба билан жароҳат етказиб, муддатидан олдин ғалабага эришди.
Жангдан сўнг Абдумалик ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Ростини айтсам, бу рақибим билан олдин тўқнаш келганмиз. Ўшанда Қирғизистонда, ўз ватанида ютганман. Шукурки, бу сафар ҳам чиройли ғалаба қозондим.
Агар биз тўғри юрсак, яхши ният билан ҳаракат қилсак ҳаммаси зўр бўлади. Мураббийимга катта раҳмат. Шу даражага етишимга у киши асосий сабабчидир. Мухлисларга ҳам алоҳида ташаккур.
Бу рақибимни жангларини кузатгандик. Мураббийим шундай тактика қўйди: Биринчи раундда битталик зарбалардан бошлайсан, керакли жойда иккиталик урасан. Эртага ҳам чиройли ғалаба қозонамиз", - деди Халоков.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг