Иззат Шукуровнинг исмини ким қўйган? Отаси маълум қилди (видео)

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Хонанда Иззат Шукуровнинг отаси Тоживой Шукуров ўғлининг исмини марҳум Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов қўйиб берганини маълум қилди.
- Обид Асомов Иззат Шукуровни катта саҳнага олиб чиқишда ҳам муҳим рол ўйнаган.
- Тоживой Шукуров ўғлининг консертини томоша қилиш ва унинг ютуқларига гувоҳ бўлишни кўп йиллар орзу қилганини таъкидлади.
Хонанда Иззат Шукуров 10 октябрь куни Тошкентдаги Humo Arena'да концерт берди. Концертнинг энг таъсирли лаҳзаларидан бири хонанда отаси Тоживой Шукуровни саҳнага таклиф қилиб, унга автомобил совға қилгани бўлди.
Саҳнада сўзга чиққан Тоживой Шукуров фарзандининг концертини кўриш ва унинг ютуқларига гувоҳ бўлишни кўп йиллар орзу қилганини айтди. Унинг таъкидлашича, бир вақтлар таниқли санъаткорларнинг оталари фарзандлари концертини томоша қилиб ўтирганини кўриб, ўзи ҳам шундай кунларга етишни ният қилган.
“Мен фарзандларимдан жуда ҳам хурсандман. Ҳар бир инсонга шундай фарзанд ўстириш насиб қилсин. Бир пайтлар ўзим ҳам шундай кунларни орзу қилган эдим. Катта санъаткорларнинг оталари ўғилларининг концертларида ўтирганини кўрсам, қачондир менга ҳам шундай кунлар насиб қилармикан, деб ўйлардим. Мана, ўша кунлар ҳам етиб келди”, — деди у.
Шунингдек, Тоживой Шукуров ўғли Иззатнинг исмини ким қўйганини ҳам маълум қилди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, марҳум Обид Асомов хонандага исм қўйган ва уни катта саҳнага олиб чиқишда муҳим рол ўйнаган.
“Бу орзулар ҳақида гапирганда, битта санъаткорни эсламасликнинг иложи йўқ. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ҳаммамизга таниқли санъаткоримиз Обид Асомовнинг руҳлари шод бўлсин. Мен ҳамиша бу инсонни ёдга оламан. Иззатнинг исмини айнан шу инсон қўйиб берган ва уни катта саҳнага олиб чиққан. 'Агар мен кўра олмасам, сен ўзинг кўрасан, Худо хоҳласа катта саҳналарда', деган эди. Мана, ўша кун ҳам етиб келди. Мен бундан жуда миннатдорман”, — дея таъкидлади Тоживой Шукуров.
У сўзининг якунида устоз санъаткорни доимо ҳурмат билан ёдга олишини айтиб, фарзанди келажакда ҳам халқнинг хизматида бўлишини тилади.






























Изоҳлар 0
…