Бокс. Жалолов икки карра жаҳон чемпиони, Дўсматов ва Мўйдинхўжаев жаҳон чемпионига айланди
Тошкентда ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий жамоасининг уч нафар аъзоси финалга чиқиб, 3та олтин медалига эга чиқди.
Дастлабки жангда Асадхўжа Мўйдинхўжаев Ўзбекистон миллий жамоаси ҳисобида турнирдаги биринчи чемпионликни келтирди. -67 кг вазн тоифасидаги ҳамюртимиз қозоғистонлик Дулат Бекбауовга қарши рингга кўтарилиб, рақибидан устунлигини кўрсата олди (5:0) ва олтин медалга эга чиқди.
Иккинчи финал жангида -51 кг вазн тоифасидаги Ҳасанбой Дўсматов франциялик Билол Беннамага қарши рингга кўтарилиб, 1-раунддаёқ рақибини нокаутга учратиб, ЖЧ-2023 олтин медалига эга чиқди.
«Ҳумо Арена»да ўтган куннинг сўнгги финал жангида энг оғир вазн тоифасидаги ўзбекистонлик чармқўлқоп устаси Баҳодир Жалолов кубалик Алехандро Арзола Лопесга қарши рингга кўтарилди. Биринчи раунддаёқ рақибидан яққол устунлик қилган 28 ёшли боксчи нокдаун эвазига турнирнинг олтин медалини қўлга киритди. Натижада, Баҳодир икки карра жаҳон чемпионига айланди. У ЖЧ-2019да ҳам олтин медалга эга чиққанди.
Қайд этиш жоиз, финал жанги олдидан боксчиларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам «Ҳумо Арена» саройига ташриф буюрди.
Шу тариқа, Жалолов финалнинг дастлабки кунида Ўзбекистон ҳисобига 3-олтин медални келтирди. Унгача Ҳасанбой Дўсматов ва Асадхўжа Мўйдинхўжаев фаолиятида илк марта жаҳон чемпионига айланганди. Боксчилар олтин медаль билан бирга турнирнинг мукофот пули – 200 минг АҚШ долларига ҳам эга чиқишди. Кумуш медали соҳиблари – 100 минг АҚШ доллари, бронза эгалари эса 50 минг АҚШ доллари пул мукофотини қўлга киритди. Лазизбек Мулложонов ва Аълохон Абдуллаев юртимиз ҳисобига бронза медалини ёзиб қўйишди.
Маълумот учун, эртага, 14 май куни ўзбекистонлик яна 4 нафар боксчи - Ойбек Жўраев, Абдумалик Халoков, Руслан Абдуллаев ва Саиджамшид Жаъфаров финал жангида рингга чиқишади.
Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Ҳасанбой Дўсматов, Баҳодир Жалолов, Жаҳон чемпиони «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг