21:32 / 19.03.2025
357

Тимур Кападзе: Нариги ўйинларда нима бўлаётгани менга умуман қизиқмас!

Тимур Кападзе: Нариги ўйинларда нима бўлаётгани менга умуман қизиқмас!
Эртага "ЖЧ-2026" саралаши доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қирғиз Республикасига қарши баҳс олиб боради. Ушбу ўйин олдидан Ўзбекистон Миллий терма жамоаси устози Тимур Кападзе ҳамда Одилжон Ҳамробеков иштирок этиб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Қуйида термамиз бош мураббийининг фикрлари билан танишиб чиқишингиз мумкин.

- Ассалому алайкум, эртага бизни қизиқарли ўйин кутиб турибди. Ўйлайманки, тайёрмиз. Мухлислар кўз ўнгида ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

- 2011 йилда ўйинчи сифатида Ўзбекистон билан бўлган учрашувларда 3:0, 4:0 бўлган. Ҳозир Қирғиз Республикаси термасидаги ўсиш ҳақида нима дея оласиз?

- Албатта, у пайтдаги ўйинлар билан ҳозиргини солиштириш қийин. Сабаби, ҳамма ерда ҳам футбол ривожланиб бормоқда. Ўша пайтда ҳам кўп тўқнаш келганмиз ва устун келганмиз. Қирғизистонда ўзгаришлар бор ва футбол ривожланмоқда. Ўйлайманки, эртага яхши ўйин бўлади.

Қирғизистонга қарши учрашувга тайёргарлик ҳақида

- Ўйлайманки, ҳаммаси жойида. Ҳамма соғ-саломат. ФИФА кунларига футболчилар эртароқ келса, яхши бўларди. Бироқ бу бизнинг қўлимизда эмас.

Алиқуловнинг йўқлиги ҳақида

- Бу катта йўқотиш. Бироқ бу футбол. Футболда баъзан шундай ҳолатлар бўлиб туради. Бу терма жамоа ва ҳар бир футболчи бу каби ҳолатларга тайёр туриши керак. Менимча, бу муаммо бўлмаслиги керак ва биз эртага майдонга чиқиб ўз вазифамизни бажаришимиз керак.

Остоннинг ҳолати ва Ҳожиматнинг термага чақирилиши ҳақида

- Кеча у ўзини бироз дискомфорт ҳис қилди. Бугун, эрта яна қараймиз. Албатта, бизга ҳар қандай ҳолатда ижрочилар керак бўлади. Шунинг учун, ҳам биз Ҳожиматни термага чақирдик.

- Маҳаллий футболчиларнинг ҳолатидан кўнглингиз тўляптими? Сабаби, бизда мавсум энди бошланди. Таркибда эса етарли маҳаллий футболчилар бор. 90 дақиқа ўйнаш учун кучимиз етадими?

- Албатта, етади. Ҳозир майдонга чиқиб, натижа қайд этишимиз керак. Айтганимдек, тайёргарлик учун кўп вақт бўлса, яхши бўларди. Ўз майдонимизда ҳаракат қиламиз ва ҳаммамиз ўз ўйинимизни кўрсатишимиз керак.

Яна бир тарих яратиш ҳақида

- Тўғрисини айтсам, тарих яратиш ва бошқа нарсалар ҳақида ўйламаяпман. Менда битта вазифа бор ва шуни қилиш ҳаракатидаман. Олимпиада каби ЖЧга чиқиш нафақат биз учун, балки ҳаммамиз учун муваффақият бўлади.

- Футболчи сифатида ЖЧ-2014 саралашида қатнашгансиз. Охирги турда Ж. Корея ва Эрон ўртасидаги баҳсда ўзига ҳос "ўйин" бўлган. Бу сафар ҳам шундай ҳолатлар қайд этилиши эҳтимоли катта. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Тўғрисини айтсам, нариги ўйинларда нима бўлаётгани менга қизиқмас. Биз ўз ўйинимизга эътибор қаратишимиз керак. Бизни хурсанд қиладиган жиҳат - ҳаммаси ўз қўлимизда.

Темур Кападзе ўз олдидаги масъулият ҳақида

- Ҳар бир учрашув ўзига яраша масъулият. Олимпиадага чиқаётганимизда ҳам ўзига яраша масъулият бор эди. Дам олганим анча фойдали бўлди. Тажриба йиғдим.

- Биринчи даврадаги баҳс асабий ўтганди. Бу ўйин ҳам шундай бўлмаслиги учун нима қилиш керак?

- Ҳар бир учрашув ўзига яраша асабий ўтади. Насиб этса, эртага биз ўз футболимизни намойиш этиб, уларга ўйин бермасликка ҳаракат қиламиз. Бироқ энг асосийси ғалаба. Учрашув асабий ўтадими ёки йўқ, биринчи навбатда ғалаба қозонишимиз керак.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт