Эмери "Эвертон"га мағлубиятдан кейин асабийлашди, интервью совуқ ўтди

АПЛнинг 22-турида «Астон Вилла» ўз майдонида «Эвертон»га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлганидан кейин жамоа бош мураббийи Унаи Эмери матбуот олдида одатдагидан анча кескин кайфиятда кўринди. Ушбу мағлубият бирмингэмликлар учун оғир зарба бўлгани, интервью жараёнида ҳам яққол сезилди.
Sky Sports маълумотига кўра, испаниялик мутахассис берилаётган саволларга кўп ҳолларда бир-икки сўз билан жавоб қайтарган. Айрим пайтларда эса саволлар умуман жавобсиз қолган. Студиядагиларга ҳам, эфирни кузатаётган мухлисларга ҳам Эмерининг бу ҳолати “ички алам” ва “асаб”ни яширмаган кўринишда таъсир қилди.
Эмери ўйиндан кейинги мулоҳазасида жамоанинг реал мақсадларини ҳам очиқ айтди. Унинг таъкидлашича, «Астон Вилла» ҳозирча чемпионатнинг кучли бешлиги учун курашаётган асосий даъвогарлар сафида эмас.
«Биз кучли бешликка кириш учун даъвогарлар қаторида эмасмиз. Ҳамон уларнинг сафида йўқмиз. Биздан кўра салоҳияти юқори бўлган бошқа жамоалар бор», — деди бирмингэмликлар устози.
Sky Sports студиясида ўйинни таҳлил қилган собиқ футболчилар — Эшли Янг ва Жейми Реднапп ҳам бу интервьюга алоҳида эътибор қаратди. Улар Эмерининг чиқишини «ғалати» ва «ноодатий» деб баҳолаб, мураббий одатдаги тиниқ ва вазмин услубидан анча узоқда бўлганини қайд этишди.
Қисқаси, «Эвертон»дан учралган минимал мағлубият майдонда фақат ҳисобни эмас, кайфиятни ҳам ўзгартирди. Энди «Астон Вилла» учун энг муҳим савол — шу синовдан кейин жамоа ўзини қандай тўплаб олади: чунки АПЛда бир “қовоқ солиш” билан иш битмайди, кейинги турда жавоб беришга тўғри келади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!