Байдачний мундиал умуман бекор бўлиши мумкинлигини айтди

Москванинг «Динамо» клуби ва Собиқ Иттифоқ терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Анатолий Байдачний Мексикада ўтадиган жаҳон чемпионати учрашувларини ташкил этиш атрофидаги хатарлар ҳақида фикр билдирди. Мексика келаси ёз мундиалнинг 13 та ўйинини қабул қилиши керак, бироқ мамлакатдаги ҳозирги тартибсизликлар фонида мусобақани ўтказиш масаласи шубҳа остида қолмоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Байдачнийга кўра, сиёсий қарорлар тақдирида ўйинлар АҚШга кўчириб юборилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. У турнирга ҳали вақт борлигини, вазият ўзгариб қолиши мумкинлигини ҳам таъкидлади. Шу билан бирга, дунёдаги умумий беқарорликни эслатиб, жаҳон чемпионати умуман ўтмай қолиши эҳтимолини ҳам тилга олди.
Маълум қилинишича, Мексикадаги мундиал ўйинлари уч шаҳар — Мехико, Монтеррей ва Гвадалахарада бўлиб ўтиши белгиланган. Турнир 11 июндан 19 июлгача давом этади, учрашувларни Мексика ва АҚШ билан бирга Канада ҳам қабул қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!