Ромелу Лукаку Белгия сафида ўзининг 90-голини урди

Белгия терма жамоаси 2026-йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Хорватия устидан 2:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Рижекадаги "Ружевика" стадионида кечган баҳсда Наполи ҳужумчиси Ромелу Лукаку захирадан майдонга тушиб, ўзининг халқаро миқёсдаги 90-голини киритди ва жамоасининг муваффақиятини мустаҳкамлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Учрашувнинг биринчи бўлимида белгияликлар устунликка эга бўлишди. 38-дақиқада Астон Вилла ярим ҳимоячиси Ёури Тиелеманс ҳисобни очди. Жеремй Доку томонидан етказиб берилган хавфли узатмадан сўнг, тўп ҳимоячиларга тегиб Тиелемансга келиб тушди ва у имкониятдан унумли фойдаланиб, "қизил иблислар"ни олдинга олиб чиқди.
Ўйиннинг асосий воқеаси ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда юз берди. 73-дақиқада майдонга тушган Ромелу Лукаку 96-дақиқада Ҳанс Ванакеннинг узатмасидан унумли фойдаланиб, дарвозабон Доминик Котарски устидан кучли зарба билан тўпни дарвозага жойлади. Бу гол тажрибали ҳужумчи учун терма жамоа либосидаги юбилей 90-гол бўлди.
Белгия бош мураббийи Руди Гарсиа ўйиндан сўнг ўз ҳужумчисининг ўйинини юқори баҳолади. "Лукаку голлар уриш учун туғилган. Мен ундан доим кўпроғини талаб қиламан, чунки у юқори даражадаги футболчи. У майдонга тушган заҳоти рақибга босим ўтказа бошлади ва ўз вазифасини аъло даражада бажарди. Ҳамма унинг учун хурсанд", — деди мураббий.
Шунингдек, Гарсиа жамоасининг тактик тартиб-интизомидан мамнунлигини билдирди. Лука Модрич бошчилигидаги Хорватия терма жамоасининг босимига қарамай, Белгия ҳимояда мустаҳкам ўйнади. Мураббийнинг таъкидлашича, танаффус вақтида киритилган ўзгаришлар жамоа ўйинини янада кучайтирган ва рақибга деярли ҳеч қандай жиддий имконият қолдирилмаган.





























Изоҳлар 0
…