Боруссия Дортмунд Серу Гирассини олиб қолиш учун янги юлдуз сотиб олади

Боруссия Дортмунд раҳбарияти жамоа тўпурари Серу Гирассини клубда қолишга кўндириш учун улкан трансфер режасини ишлаб чиқди. Sport Bild нашрининг хабар беришича, ҳужумчига келажакда унинг самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган юқори савиядаги янги ҳужумкор ўйинчи сотиб олиш вада қилинган. Sport директори Оле Боок ва ижрочи директор Ларс Риккен футболчи билан учрашиб, клубнинг келгуси трансфер режалари билан таништиришган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
30 ёшли Гвинея терма жамоаси аъзосининг 2028-йилгача мўлжалланган шартномасида топ-клублар учун тахминан 35 миллион евро миқдорида товон пули кўрсатилган. Гирасси бир мунча вақтдан бери клубни тарк этиш ҳақида ўйламоқда. Хусусан, Истанбулнинг Фенербахче клуби президентлигига номзод Азиз Йилдирим агар сайловда ғалаба қозонса, собиқ ВфБ Стюттгарт ҳужумчисини жамоага олиб келиш бўйича келишувга эришганини маълум қилган эди.
Оле Боок Гирассининг жамоада қолишига тўлиқ кафолат бермади. Унинг сўзларига кўра, футболчининг голлари жамоа учун жуда муҳим ва клуб уни қўйиб юбормоқчи эмас, бироқ рад этиб бўлмайдиган таклиф тушса, бу масала кўриб чиқилиши мумкин. Боруссия Дортмунд янги трансферларни амалга ошириш учун Жоане Гадоу, Кауа Пратес ва Жустин Лерма каби ёш футболчиларнинг сотувидан тушган маблағларга таянмоқда.
Шунингдек, Карим Адееми трансфери ҳам янги харидлар учун маблағ манбаи бўлиши мумкин. Агар 24 ёшли футболчи 2027-йилгача бўлган шартномасини узайтирмаса, клуб уни текинга қўйиб юбормаслик учун ёзда сотишга мажбур бўлади. Ҳозирча Гирассига ким ҳамроҳлик қилиши аниқ эмас, бироқ Жадон Санчўнинг қайтиши ҳақидаги миш-мишлар деярли инкор этилган.





























Изоҳлар 0
…