
Бугун 3 декабрь куни Тошкентда Осиё чемпионати U20 мусобақасининг Марказий минтақа саралаш баҳслари гуруҳ босқичида сўнгги тур ўйинлари ўтказилди.
Ўзбекистон U20 терма жамоаси Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш имкониятини шармандаларча бой берди. Тожикистондан 2:7 ҳисобида мағлубиятга учраган жамоа Қирғизистон ва Тожикистон жойлашган В гуруҳида энг охирги ўринни эгаллади.
Майли, тўп думалоқ, футзал майдони футболникидан ҳам теп-текис, ҳар қандай кутилмаган натижалар бўлиши мумкин. Аммо, муваффақиятсизликка мураббийларимизнинг оддий ҳисоб-китобни билмаслиги ҳам сабаб бўлса, ҳайрон қолар экансиз.
Ўзбекистон 1-турда Қирғизистонни 6:3 ҳисобида ютган бўлса, кейинги ўйинда қирғизистонликлар Тожикистон устидан 6:1 ҳисобида устун келганди.
Демак, оддий ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, Ўзбекистон футзалчилари дурангга эришса ёки 1та тўп фарқи билан мағлубиятга учраса, гуруҳда биринчи ўринни, агар 5та тўп фарқи билан мағлубиятга учраса, охирги ўринни эгаллаши аниқ эди.
Ўйин пайтида, ҳисоб тожиклар фойдасига 2:5 бўлиб тургандан бошлаб, Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари вақти вақти билан дарвозабон ўрнига бешинчи футзалчини тушира бошлашди. Буни тушунса бўлади, ҳисобни тенглаштириш, ғалаба қозониш орқали гуруҳдаги 1-ўринни сақлашга уриниш табиий ҳол. Чунки, 2-ўринга тушиб қолсак, А гуруҳининг 2-жамоаси (Афғонистон) билан ўтиш ўйинида майдонга тушишга тўғри келар эди.
Аммо, ўйин тугашига 19 сония қолганда, ҳисоб рақиб фойдасига 2:6 бўлиб турганда, дарвозабон ўрнига бешинчи футзалчини туширишдан қандай фойда бор эди? Ахир бу вақтда ҳисобни тенглаштириш тугул, ўша бизни гуруҳда 1-ўринда қолдирадиган ҳолатга қайтиш учун ҳам 3та гол талаб қилинарди-ку?
Аксинча, 2:6 ҳисоби бизга ҳеч бўлмаса, 2-ўринни олиб, кейинги босқичга чиқиш имкониятини қолдирарди. Тожикистон футзалчилари эса 7-голни уриб, ҳисобдаги фарқни керакли 5тага ошириши зарур эди.
Вазият рақиб эмас, бизнинг фойдамизга бўлиб турганида, бундай ўзгаришни амалга ошириш учун икки сабаб бўлиши мумкин: ё мураббийларимиз қандай ҳисоб бизни қониқтириши борасида маълумотга эга бўлишмаган, тўғри ҳисоблай олишмаган. Ёки, шунчаки, Осиё чемпионатига боришни исташмаган. Биринчи вариантга, анча кулгили бўлса-да, ишонгимиз келади.
Қаҳрамон Асланов
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар