09:10 / 21.09.2019
2 416

Ўзбекистон ёшлари ўртасида дзюдо оммалаштирилади

Ўзбекистон ёшлари ўртасида дзюдо оммалаштирилади
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигида Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирликда маълум қилинди.

Хорижий делегация таркибига IJF медиа директори ва Judo for Peace комиссияси директори Николас Месснер, “Болалар учун дзюдо” лойиҳаси вакили Эстер Стам кирган. Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон дзюдо федерацияси бош котиби Дониёр Илҳомов ҳам иштирок этган.

Учрашув давомида Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва IJF вакиллари Ўзбекистон ёшлари орасида дзюдо спорт турини оммалаштириш масалаларини муҳокама қилишди.

Учршувда Ўзбекистонда спортнинг ривожланиши учун катта аҳамият берилаётгани ва мактабларда спорт билан шуғулланиш маданиятини шакллантириш лозимлиги таъкидлаб ўтилган.

IJF вакилларининг таъкидлашича, дзюдочи ор-номус кодекси хушмуомалалик, жасурлик, самимийлик, тўғрисўзлик, камтаринлик, ўзини назорат қила билишлик, дўстларга садоқатли бўлиш, ён-атрофдагиларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш каби ижобий сифатларни ўз ичига олади.

Учрашув давомида “Болалар учун дзюдо” лойиҳасини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинган. Ўзбекистон дзюдо федерацияси билан амалга оширилаётган лойиҳа Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги 20 та мактабни ўз ичига қамраб олган. Бу мактабларда дзюдо секциялари очилиб, у ерда 900 ўқувчи машқ қилади. IJF бу мактабларга бепул татами ва кимонолар тақдим қилган, шунингдек, мураббийларнинг иш ҳақи бўйича сарф-харажатларни қоплайди.

Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон дзюдо федерацияси IJF кўмагида лойиҳада иштирок этувчи мактаблар сонини 40 тага етказмоқчи. Шу муносабат билан томонлар ёшлар ўртасида дзюдони мактабларда спорт секциялари ташкил этиш билан илгари суриш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, қабул қилишга келишиб олишди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон ёшлари ўртасида дзюдо оммалаштирилади