23:15 / 15.01.2020
2 262

Тошкент илк марта дзюдо бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади

Тошкент илк марта дзюдо бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади
Бугун, 15 январь куни Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) президенти Мариус Визер расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.
Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад - Ўзбекистон ва Халқаро дзюдо федерацияси ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, «Дзюдо мактабларда» дастури доирасида икки томонлама Меморандум имзолаш ва энг муҳими - 2021 йили катталар ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионати мезбонлигини Ўзбекистонга топширишдан иборат эди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида белгиланган барча тадбирлар бўлиб ўтди.
Тадбирлар доирасида Халқаро дзюдо федерациясининг «Дзюдо мактабларда» дастури юзасидан тўрт томонлама меморандум имзоланди. Шартнома имзолаш жараёнида Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси президенти Азизжон Камилов ҳамда Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер иштирок этди.

«Дастур доирасида IJF томонидан ҳар бир мактабга бир дона татами ва болалар учун 50та кимоно тақдим этилади. Бу эса Ўзбекистонда дзюдо спортининг янада ривожланишига, ўқувчилар бўш вақтларини унумли ўтказишларига имкон беради. Бугунгача юртимиздаги 20та мактабда дзюдо тўгараклари фаолият юритган бўлса, меморандумга кўра уларнинг сони 40тага етказилади. Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги ушбу мактаблар қошида ташкил этиладиган тўгаракларда жами 900 нафарга яқин ўқувчиларнинг дзюдо билан мунтазам шуғулланиши таъминланади. IJF 40та мактабга татами ва кимоно тақдим этади ҳамда мураббийларга маош тўлайди», дейилади Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати хабарида.

Шундан сўнг Мариус Визер Тошкент шаҳрини 2021 йилги катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати мезбони сифатида эълон қилди. Тошкент шаҳри илк марта дзюдо бўйича бу даражадаги нуфузли мусобақага мезбонлик қилади. 2021 йилнинг сентябрь ойида кўптармоқли «Ҳумо Арена»да жаҳон чемпионати ҳамда шу билан бирга IJF нинг йиллик Конгресси ҳам ўтказилади.

Тадбир сўнгида маросимда ҳозир бўлган оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Мариус Визер ва Азизжон Камилов мавзу юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди.

«Аслида 2021 йилги жаҳон чемпионати Австрия пойтахти Вена шаҳрида ўтказилиши керак эди. Лекин у ердаги сиёсий вазият, аниқроғи сиёсатнинг спортдан холи эмаслиги қароримизни ўзгартиришга сабаб бўлди. Биз бошқа спорт федерациялари қатори сиёсатнинг спортга аралашувига қаршимиз. Бу орада биринчилардан бўлиб Ўзбекистон томони жаҳон чемпионати мезбонлиги учун ўз номзодини илгари сурди. Биз федерация раҳбари Азизжон Камилов билан Будапештда учрашиб, бу борада гаплашиб олгандик. Мана бугун мамнуният билан 2021 йилги жаҳон чемпионати Тошкентда ўтказилишини эълон қиламиз. 2022 йилги жаҳон чемпионати Венгриянинг Будапешт, 2023 йилги чемпионат Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилади. 2025 йилги мусобақа мезбонлигига эса ҳозирда 5-6та давлат даъвогарлик қилмоқда», дейди IJF президенти.

«Ўтган йили «Ҳумо Арена»да Тошкент Гран Приси юқори савияда ташкил этилди. Буни мусобақага келганлар ҳам эътироф этишди. Халқаро дзюдо федерациясининг жаҳон чемпионати мезбонлигини бериш қарорига келишига ҳам айнан шу омил сабаб бўлган деб ўйлайман. Қолаверса, юртимиз бундай катта мусобақаларни ўтказишда тажрибага эга. Ўйлайманки, 2021 йилги жаҳон чемпионатини ҳам барчанинг ёдида қоладиган даражада ўтказамиз», деди А.Камилов.

Шу тариқа, Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визернинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди. Мартабали меҳмон бугун тунда Истанбул орқали Будапешт шаҳрига жўнаб кетади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тошкент илк марта дзюдо бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади