13:16 / 04.11.2021
1 891

Абдумалик Ҳалаков: "Айрим жойларда ноҳақ қарорларга кўзим тушмоқда" (интервью)

Абдумалик Ҳалаков: "Айрим жойларда ноҳақ қарорларга кўзим тушмоқда" (интервью)
Айни дамда Сербиянинг Белград шаҳрида бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионати ярим финал иштирокчиси Абдумалик Ҳалаков билан SPORTS.uz сайти журналистлари уюштиртган интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Қуръа сизга қулай келгани ростми?
- Тўғриси, бунга умуман эътибор қаратмайман. Бир қарадим япония, куба ва Россиялик боксчилар бор эди. Насиб қилса, ҳаммасидан ўтаман дедим. Аслида, қуръа тўлиқ омадга боғлиқ. Куба аъзоси мағлубиятга учради ва россиялик боксчи билан тўқнаш келдим. Мақсадим фақат олтин медал.

- Ёшлар ўртасидаги турли мусобақаларда иштирок этиб олтин медалга эга бўлгансиз. Айтингчи, катталар ўртасида иштирок этаётган Абдумалик ва ёшлар билан куч синашган Абдумалик ўртасида қандай фарқ бор?
- Фарқ катта эмас, аммо у бор. Ҳозир жисмонан ва техник жиҳатдан ўсдим. Ёшликдаги хатолардан тўғри хулоса чиқарган мураббийлар мен билан ишлашда давом этмоқда. Уларга бунинг учун миннатдорчилик билдираман.

- Нима учун стилингиз бундай? Бу рақибларнинг асабига тегмайдими?
- Менга бу саволни жуда кўп бор беришган. Тўғриси, бу ҳеч қандай мақтанчоқлик ёки рақибни масқара қилиш эмас. Бошқача бокс тушсам, завқ олмайман. Натижада, жангни бой беришим мумкин. Ёшликдан шундай услубда ҳаракат қиламан. Бир бундан воз кечмоқчи ҳам бўлдим, аммо буни тўғрилашни имкони йўқ. Аслида, буни камайтиришга ҳаракат қиляпман, аммо ҳозирча катта ютуқларга эришганим йўқ.

- Нима учун жанглардан сўнг, салтони амалга оширасиз? Бу нимани англатади?
- Жанг давомида кучли ҳаяжон бўлади. Рефери ғолибни эълон қилгач ҳам бу ҳис мени тарк этмайди. Битта салто ва қарабсизки жанг якунланганини руҳан ҳис этаман. Шу тариқа, рингда барча ортиқча эмоцияларни ташлаб кетаман. Баъзан бу уринишларим омадсиз чиқиб қолиши ҳақида сира ўйламайман. "Ғолиблар" муҳокама қилинмайди.

- Қайси боксчиларнинг рингдаги ҳаракатлари сизга манзур келади?
- Бокс оламида кумирим йўқ. Шунга қарамай, Кубалик чарм қўлқўп усталарининг ҳаракатларидан завқланаман. Ла Круз, Энди Крузларнинг бокс тушиш стили жуда ҳам чиройли. Бокс бу жанг эмас, у санъат. Рингда бор кучи билан муштлашишга интиладиган спортчилар узоқ муддат фаолият олиб боришни уддалай олмайди. Кучли зарбалар кейинчалик ўз асоратини кўрсатади. Мен биринчи навбатда зарба йўллагандан сўнг, рақибнинг ҳамласидан қочиб қолишга интиламан. Бу менинг бокс стилимдаги биринчи омил.

- Ҳакамлар сизни жиддий тарзда огоҳлантирганда, бироз тушкун кайфиятга тушиб қолаётганга ўхшайсиз. бу нима билан боғлиқ?
- Айниқса, рақибим қўпол ҳаракат қилса ҳам мени огоҳлантиришса, бироз асабим бузилади. Биласизми, устозим Даврон ака билан бу борада ҳам ишладик. Аввалари ноҳақликларни кўрсам, дарров реакция билдирар эдим. Ҳозир эътибор берсангиз, реферилар билан умуман сан-манга бормай қўйдим. Қўлим кўксимда, юзимда табассум. Уларга норози эканлигингизни сездирсангиз, бундан ҳеч қандай наф йўқ. Шу боис, улар билан энди ишим йўқ. Ўртадаги ҳурмат йўқолмаслиги керак.

- Бухорода бокс билан шуғулланишни бошлагач, бироз муддатдан сўнг уни ташлаб кетган экансиз. Тошкентга келгач, яна спортга қайтингиз. Бунинг сабаби нима?
- Бухорода вилоят чемпионлигини қўлга киритгач, негадир боксдан безиб қолдим. Кейин Тошкентга кўчиб келдик. Дадам билан кўп вақт ўтказа бошладим. Ана шундай кунларнинг бирида, улар менга яна бокс билан шуғулланишим кераклигини айтдилар. Келажакда улкан мақсадларга эришиш учун бугун меҳнат қилиш кераклигини таъкидладилар.

- Сизнинг жанг қилиш стилингиз профессионал боксга мос тушадими?
- Бу ҳақида ҳеч ҳам ўйлаб кўрмаган эканман. Менга бир неча бор таклифлар бўлган, аммо бу умуман бошқа олам. У ерда зарбаларнинг сони эмас, унинг салмоғи муҳим. Шоуменлик қилиш билан биргаликда, рақибларни чуқур нокаутга туширишни ҳам билиш шарт. Шу боис, ҳозир бу ҳақида фикр билдирмоқчи эмасман.

- Жаҳон чемпионатимизни кучли ва номдор боксчиларимиз тарк этмоқда. Уларнинг кетиши ёшларни янги даражага кўтарилиши учун имкониятми?
- Барча боксчининг ўз даври бўлади. Биз акаларимизга ҳавас қилиб бу спорт билан профессионал тарзда шуғулланишни бошлаганмиз. Улар бизни тўлиқ қўллаб-қувватлашади. Йиғинларда гаплашиб қолсак, доимо юлдузли онларимиз келганини, бундай имконият кейин бўлмаслигини айтишади. Бу ҳаёт. Бир неча йилдан сўнг, биз ҳам улар сингари кейинги авлод вакилларини қўллаб-қувватлашимиз аниқ. Ўзбекистонда рақобат кучли. Битта боксчи билан спортимиз тўхтаб қолмайди.

- Қайси боксчимизнинг иштирокини эрта якунлаши сизни ҳайрон қолдирди?
- Миразиз Мирзаҳалилов. Улар билан кўп бор спарринг тушганмиз. Миразиз акамнинг имкониятларини яхши билганим учун, бу даражада эрта турнирни тарк этишлари тасаввур ҳам қилмаган эдим. Жангларини томоша қилдим. Тўғри, баҳсли вазият, лекин мағлубиятга лойиқ эмас эдилар. Биринчи жангдан ўтиб олиш жуда муҳим. Афсус, бу сафар насиб этмади.

- Эътибор бериб қараймиз, доимо боксчиларимиз мағлубиятга учраганидан сўнг, сиз рингга кўтариляпсиз. Бу руҳий босим юклайдими?
- Йўқ. Аксинча, мотивация беради. Уларнинг аламли мағлубиятини кўргач, ҳакамларга ҳеч қандай имконият қолдирмасликка ҳаракат қиляпман. Насиб қилса, Ўзбекистонда ёруғ юз билан қайтишни ният қилганмиз.

- Жаҳон чемпионатидаги ҳакамлик борасида фикрингиз қандай? Бизни жангчиларга нисбатан адолациз қарорлар чиқариляптими?
- Айрим жойларда ноҳақ қарорларга кўзим тушмоқда. Мисол учун Шаҳрам Ғиёсовнинг жангини олайлик. Икки бор қозоғистонлик боксчи зарбадан сўнг мувозанатни йўқотганига қарамай, рефери ҳисобни очгани йўқ. Бунақа вазиятлар жуда кўп бўлмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдумалик Ҳалаков: "Айрим жойларда ноҳақ қарорларга кўзим тушмоқда" (интервью)