Марказий Осиёда Осиё ўйинлари медаллари учун қанча пул берилади?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Тожикистонда Осиё ўйинлари олтин медали учун 150 минг сомони (тахминан 16,3 минг доллар) берилади.
- Қозоғистонда ҳозирги мукофот олтин медал учун 10 минг долларни ташкил этади, аммо 2026 йилги ўйинлар учун 50 минг долларгача ошириш таклиф қилинган.
- Қирғизистонда Ханчжоу-2022 чемпионларига 1,25 млн сомлик сертификатлар берилган, Ўзбекистонда эса давлат буджетидан ташқари маҳаллий буджетлар ҳисобидан ҳам қўшимча мукофотлар мавжуд.
Японияда 19 сентябрдан 4 октябргача ХХ ёзги Осиё ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Aichi-Nagoya-2026 мусобақаларида 45 мамлакат ва ҳудуддан спортчилар 43 спорт тури бўйича медаллар учун курашмоқда.
Марказий Осиё давлатлари вакиллари ҳам қитъа миқёсидаги мусобақада иштирок этмоқда. Спортчиларнинг натижаси билан бир қаторда, улар учун белгиланган давлат мукофотлари ҳам қизиқиш уйғотади. Хўш, минтақа мамлакатларида Осиё ўйинлари медаллари учун қанча пул берилади?
Тожикистон: олтин учун 150 минг сомони
Тожикистонда 2015 йилда таъсис этилган Президент мукофоти халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни рағбатлантиришни назарда тутади. Осиё ўйинлари ҳам ушбу тизимга киради.
Амалдаги тартибга кўра, Осиё ўйинлари олтин медали соҳибига 150 минг сомони, кумуш медал учун 100 минг сомони, бронза медал учун эса 50 минг сомони берилади. Бу мос равишда тахминан 16,3 минг, 10,9 минг ва 5,4 минг долларга тенг.
Қозоғистон: ҳозирча 10 минг доллар, 50 минг долларгача ошириш таклиф қилинган
Қозоғистонда Осиё ўйинлари медаллари учун амалдаги мукофот миқдори олтин медал учун 10 минг, кумуш учун 5 минг ва бронза учун 3 минг долларни ташкил этади. Мураббийларга мос равишда 5 минг, 3 минг ва 2 минг доллар берилади. Мазкур суммалар Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларидан кейин ҳам тўланган.
2026 йилги Осиё ўйинлари олдидан мукофот пулларини сезиларли ошириш таклифи ишлаб чиқилган. Унга кўра, спортчилар учун олтин медалга 50 минг, кумушга 15 минг ва бронзага 10 минг доллар белгиланиши мумкин. Мураббийлар учун эса мос равишда 10 минг, 7 минг ва 5 минг доллар таклиф қилинган.
Бироқ бу ўзгаришлар ҳозирча расман кучга киргани ҳақида маълумот йўқ. Шу сабабли амалдаги ставка 10 минг, 5 минг ва 3 минг доллар бўлиб қолмоқда.
Қирғизистон: Ханчжоу чемпионларига 1,25 млн сом берилган
Қирғизистонда айнан 2026 йилги Осиё ўйинлари учун медал соҳибларига бериладиган янги мукофот миқдорлари очиқ эълон қилинмаган.
Шу боис аввалги Осиё ўйинлари натижалари мўлжал бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ханчжоу-2022дан сўнг қирғизистонлик олтин медал соҳибларига 1 млн 250 минг сомлик сертификатлар топширилган. Кумуш медал учун 750 минг, бронза медал учун эса 500 минг сом миқдорида мукофот берилган.
Ўзбекистон: асосий мукофотга қўшимча тўловлар ҳам бор
Ўзбекистонда Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари учун спортчиларни рағбатлантириш икки босқичда белгиланган.
2022 йилги Президент қарорига кўра, давлат бюджетидан олтин медал учун 5 минг, кумуш учун 3 минг ва бронза учун 2 минг доллар миқдорида бир марталик мукофот кўзда тутилган. Бундан ташқари, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан спортчиларга олтин медал учун БҲМнинг 300 баравари, кумуш учун 200 баравари ва бронза учун 100 баравари миқдорида қўшимча мукофот белгиланган.
2023 йил декабрида Ханчжоу Осиё ва Пара Осиё ўйинлари ғолибларини тақдирлаш маросимида эса спортчиларга олтин медал учун 10 минг, кумуш учун 5 минг ва бронза учун 2,5 минг доллар миқдорида мукофот топширилгани расмий манбаларда қайд этилган. Мураббийларга мос равишда 5 минг, 2,5 минг ва 1 250 доллар берилган.
Туркманистон: мукофот миқдори очиқ эмас
Туркманистонда Осиё ўйинлари медаллари учун бериладиган пул мукофотлари бўйича очиқ ва расмий тасдиқланган маълумотни топишнинг имкони бўлмади.
Мамлакатнинг спорт идоралари терма жамоалар иштироки ва натижалари ҳақида хабар бериб боради, бироқ олтин, кумуш ва бронза медаллари учун аниқ пул мукофоти миқдорлари очиқ расмий материалларда эълон қилинмаган. Шу сабабли Туркманистон бўйича аниқ сумма келтириш ҳозирча тўғри бўлмайди.
Шундай қилиб, Марказий Осиёда Осиё ўйинлари медаллари учун мукофот тизимлари бир-биридан сезиларли фарқ қилади. Айрим давлатларда амалдаги ставкалар аниқ бўлса, айрим мамлакатларда 2026 йилги Ўйинлар учун янги миқдорлар ҳали расман эълон қилинмаган.






























Изоҳлар 0
…