
Марказий банкда Хитойнинг нуфузли технологик компанияси — Tencent Holdings Ltd таркибига кирувчи Tencent Cloud International компанияси делегацияси билан муҳим музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашувда Ўзбекистонда рақамли технологияларни кенгайтириш ва булутли инфратузилмаларни яратиш ҳамда такомиллаштириш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар музокаралар давомида Tencent компаниясининг WeChat Pay рақамли тўлов тизимини Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган маҳаллий тўлов тизимлари билан бирлаштириш масалаларини атрофлича кўриб чиқди. Жумладан, QR-код орқали рақамли тўловларни амалга ошириш имкониятлари ҳамда бу йўналишда икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишиб олинди.
Марказий банкнинг таъкидлашича, учрашув якунида тўлов тизимлари ва рақамли молия соҳасидаги икки томонлама ташаббуслар қўллаб-қувватланди ҳамда келгусида амалга ошириладиган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Қисқача маълумот тариқасида айтадиган бўлсак, Tencent Holdings Ltd – 1998 йилда ташкил этилган, Хитойдаги энг йирик хусусий инвестиция ҳолдингларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда бу компания нафақат Хитойда, балки бутун дунёда ҳам инвестиция ва венчур соҳасида етакчи ўринларда туради. Tencent’нинг шуъба компаниялари интернет хизматлари, сунъий интеллект, рақамли тўлов тизимлари ҳамда электрон ўйин-кулги соҳаларида замонавий ишланмаларни амалга оширмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар