Yandex роботлари нейротармоқ ёрдамида тезроқ етказиб беришни бошлади

Yandex ўзининг етказиб берувчи роботларига маршрутларни режалаштириш ва йўл ҳаракати ҳолатини башорат қилиш учун махсус трансформатор-нейротармоқни жорий этди. Янги тизим туфайли буюртмаларни етказиб бериш тезлиги ўртача 10 фоизга ошди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Алгоритм пиёдалар, велосипедчилар ва транспорт воситаларининг хатти-ҳаракатларини таҳлил қилади. Бу эса роботларга йўлда камроқ тўхташ ва ҳаракат траекториясини янада самаралироқ танлаш имконини беради. Аввалроқ роботлар классик алгоритмларга таянган бўлса, эндиликда нейротармоқ мураккаб вазиятларда ҳам хавфсизликни таъминлаган ҳолда ҳаракатни давом эттиради.
Компания вакилларининг таъкидлашича, янги тизим аввалги алгоритмлар билан биргаликда ишлайди. Ҳар бир тизим ўз маршрутини таклиф қилади ва якуний қарор энг мақбул вариант асосида қабул қилинади. Шунингдек, роботлар ўз яқинлашуви ҳақида огоҳлантирувчи махсус товушли сигналлар билан жиҳозланди.
Янги технология аллақачон барча етказиб берувчи роботларда қўлланилмоқда. Роботлар ўз йўлининг қарийб 80 фоизини нейротармоқ бошқаруви остида босиб ўтади. Муҳими, барча ҳисоб-китоблар интернетга боғлиқ бўлмаган ҳолда, бевосита роботнинг бортида амалга оширилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!