Ваймо роботаксилари сув тошқинларига доц. беролмай Атланта хизматини тўхтатди

Ваймо компанияси кучли ёмғир ва сув босган йўллар сабабли ўзининг роботаксилари хизматини икки шаҳарда тўхтатишга мажбур бўлди. Ушбу муаммо ўтган ҳафтада компанияни дастурий таъминотни қайта чақириб олишга ундаган эди. Жорий ҳафтада Жоржия штатининг Атланта шаҳрида Ваймо автомобили сув босган кўчада ҳаракатланиб, тахминан бир соат давомида тиқилиб қолгани маҳаллий ОАВларда хабар қилинди. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Компания вакилларининг TechCrunch нашрига маълум қилишича, ҳозирда Атланта ва Техаснинг Сан Антонио шаҳарларида хизматлар вақтинча тўхтатилган. Ваймо баёнотида хавфсизлик устувор вазифа эканлиги, йўловчисиз ҳаракатланаётган автомобил кучли ёғингарчилик вақтида сув тошқинига дуч келиб, тўхтаб қолгани таъкидланган. Автомобил воқеа жойидан эвакуация қилинган.
Ўтган ҳафтада эълон қилинган дастурий янгиланишда Ваймо сув босган ҳудудлардан қочиш учун "якуний ечим"ни ҳали ишлаб чиқмаганини тан олган эди. Бунинг ўрнига, НҲТСА ҳужжатларига кўра, компания хавфли ҳудудларда ҳаракатланишни чекловчи вақтинчалик янгиланишни жорий қилган. Бироқ, бу чоралар Атлантадаги роботаксини сув босган чорраҳага кириб кетишидан тўхтатиб қола олмади.
Ваймо вакиллари Атлантадаги бўрон Миллий об-ҳаво хизмати расмий огоҳлантириш беришидан олдинроқ сув тошқинларини келтириб чиқарганини айтишмоқда. Маълум бўлишича, компания флоти чуқур сув ҳавзаларидан қочиш учун айнан мана шундай расмий билдиришномаларга таянади. Бу Ваймо роботаксилари билан боғлиқ биринчи муаммо эмас; ўтган йили автомобиллар мактаб автобусларини ноқонуний қувиб ўтиш ҳолатлари билан ҳам диққат марказига тушган эди.
Ҳозирда НҲТСА ва НТСБ ташкилотлари Ваймо фаолияти бўйича бир нечта текширувларни олиб бормоқда. Бунга мактаб автобуслари билан боғлиқ маневрлар ва жорий йилнинг 23-январида Санта Моникада содир бўлган, роботакси ёш болани уриб юборган ҳодиса сабаб бўлган. Компания ушбу ҳодисалар бўйича қўшимча маълумотларни тақдим этиши талаб қилинмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!