Нидерландия ҳукумати АҚШ компаниясига Сольвинитйни сотиб олишни тақиқлади

Нидерландия ҳукумати Американинг IT-гиганти Кйндрйл компаниясига мамлакатнинг булутли хизматлар провайдери Сольвинитйни сотиб олишни тақиқлаб қўйди. Гаага маъмурияти ушбу келишувни "жамоат манфаатларига хавф туғдириши мумкин" деб баҳолади. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Рақамли иқтисодиёт вазири Виллемижн Аердтс томонидан эълон қилинган расмий хатда айтилишича, ҳукумат ушбу харидга нисбатан "тўлиқ тақиқ" жорий этган. Сольвинитй компанияси Нидерландия фуқаролари давлат хизматларидан фойдаланишда ўз шахсини тасдиқлаш учун қўллайдиган ДигиД платформасига хизмат кўрсатади.
Ушбу келишув ДигиД маълумотларининг хорижий назорат остига ўтиб кетиши ва АҚШ расмийлари томонидан талаб қилиниши мумкинлиги борасидаги хавотирларни келтириб чиқарди. АҚШ қонунчилиги ҳуқуқ-тартибот идоралари ва разведка хизматларига Америка компанияларидан хорижий маълумотлар марказларида сақланаётган маълумотларни тақдим этишни талаб қилиш ҳуқуқини беради.
Ҳукумат қарори Европа давлатлари АҚШ технологик гигантларига қарамликни камайтиришга интилаётган бир пайтда қабул қилинди. Кйндрйл вакиллари ушбу қарордан "ниҳоятда ҳафсаласи пир бўлганини" маълум қилди. Ҳозирча келишувнинг молиявий тафсилотлари очиқланмаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!