АҚШ миллий хавфсизликни рўкач қилиб хорижий роботлар ва инверторларни тақиқлади

АҚШ ҳукумати миллий хавфсизликка “қабул қилиб бўлмайдиган” таҳдид солиши мумкинлигини важ келтириб, хорижда ишлаб чиқарилган янги гуманоид роботлар, робот-итлар ва қувват инверторлари импортини тақиқлади. ixbt.com маълумотига кўра, бу чеклов асосан Хитой маҳсулотларига қаратилган бўлиб, расмий Пекин ҳозирда мазкур глобал бозорнинг мутлақ қисмига эгалик қилмоқда. АҚШ Федерал алоқа комиссияси (ФКК) пайшанба куни эълон қилган ушбу қарор мамлакат инфратузилмасини киберҳужумлар ҳамда потенциал жосуслик хавфидан ҳимоя қилишга қаратилган. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Комиссия баёнотида таъкидланишича, чет элда ишлаб чиқарилган қурилмалар хорижий ҳукуматлар томонидан масофадан туриб бошқарилиши, жосуслик мақсадида фойдаланилиши ёки киберҳужумлар уюштириш учун ишлатилиши мумкин. Бироқ регулятор агар муайян қурилма АҚШ миллий хавфсизлигига хавф туғдирмаслиги исботланса, истиснолар қилинишини маълум қилган. Вашингтон узоқ йиллардан бери Хитойни АҚШ бизнес тузилмаларига киберҳужумлар уюштириб, маълумотларни ўғирлашда ва келгусидаги ҳарбий мақсадлар учун тайёргарлик кўришда айблаб келади.
Технологиялар бозори ва тақиқ кўлами
Мазкур тақиқ таъсир доирасига тушган технологиялар турл турлича ривожланиш босқичида турибди. Хусусан, одаmsимон ҳаракатланувчи гуманоид роботлар ҳали оммавий тус олмаган ва асосан дастлабки ривожланиш босқичида қолмоқда. Маълумотларга кўра, 2025-йилда жаҳон бўйлаб атиги 15 мингга яқин шундай роботлар етказиб берилган бўлиб, уларнинг асосий қисми Хитойнинг икки йирик ишлаб чиқарувчисига тўғри келади. Шу билан бирга, қувват инверторлари АҚШ хонадонларида қуёш панеллари ва бошқа қайта тикланувчи энергия манбаларини умумий тармоққа улашда жуда кенг фойдаланилади.Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу чеклов фақатгина янги импорт қилинадиган қурилмаларга тааллуқли бўлиб, хонадонлар ва инфратузилмаларда аллақачон ўрнатилиб ишлатилаётган мавжуд қурилмаларга таъсир кўрсатмайди. АҚШ сўнгги йилларда Хитой компанияларига қарши қатор чоралар кўриб келмоқда. Бунга мисол тариқасида TikTok иловасининг АҚШ инвесторлари қўлига ўтишига мажбур қилингани, шунингдек, хорижий истеъмолчи роутерлари ҳамда инсон ҳуқуқлари бузилишида айбланган Ҳиквисион ва Даҳуа каби Хитой видеокузатув ускуналари ишлаб чиқарувчиларига қўйилган тақиқларни келтириш мумкин.






























Изоҳлар 0
…