Дастурчилар сунъий интеллектсиз ишлашдан бош тортмоқда

2026-йилга келиб, дастурчиларнинг кундалик фаолиятини сунъий интеллект (AI) воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, мутахассислар ушбу технологияларга шунчалик боғланиб қолганки, уларни бу воситалардан айириш деярли имконсиз. Бироқ, AI код ёзиш тезлигини ошираётган бўлса-да, бу ҳар доим ҳам сифатнинг яхшиланишини англатмайди, деб огоҳлантирмоқда экспертлар. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Феврал ойида нуфузли МEТР лабораторияси кутилмаган ҳисоботни эълон қилди: аксарият дастурчилар ҳатто кичик вазифаларни ҳам AI ёрдамисиз бажаришни исташмаяпти. Лаборатория 2025-йилда ўтказилган тадқиқотни янгиламоқчи эди, бироқ дастурчилар тажрибада иштирок этишдан бош тортишди. Бунинг сабаби эса оддий — улар ҳатто қисқа муддатли синов учун ҳам сунъий интеллектсиз ишлашга рози бўлишмаган.
Қизиғи шундаки, аввалги тадқиқотлар AI аслида иш жараёнини секинлаштириши мумкинлигини кўрсатган эди. Дастурчилар кодни тезроқ яратишса-да, кейинчалик ундаги хатоларни топиш, тузатиш ва AIни йўналтириш учун кўпроқ вақт сарфлашган. Шунга қарамай, сўровномаларда техник ходимлар сунъий интеллект уларнинг самарадорлигини икки баравар оширганини таъкидлашмоқда.
Ҳозирда соҳада "токенмаххинг" — яни фойдаланилган токенлар миқдорини иш унумдорлиги ўлчови сифатида кўриш трендга айланган. Аммо мутахассислар бу ёндашув хавфли эканидан огоҳлантирмоқда. AIга ҳаддан ташқари ишониб қолиш ва фақат миқдорга эътибор қаратиш келажакда дастурий таъминот сифатига жиддий зарар етказиши ва компаниялар учун ортиқча харажатларни келтириб чиқариши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!