16:48 / 24.11.2021
2 470

Ақлли уй қандай бўлади? Ёш дастурчи янги лойиҳа ҳақида гапириб берди

Ақлли уй қандай бўлади? Ёш дастурчи янги лойиҳа ҳақида гапириб берди
Тошкент шаҳридаги Халқаро анжуманлар залида ўтказилаётган халқаро форумда Президент таълим мактаблари ўқувчилари ўзларининг ақлли уй лойиҳаси билан қатнашмоқда. Бу ҳақда Xabar.uz маълум қилди.

Бугун 24 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Халқаро анжуманлар залида Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан ҳалқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Янги Ўзбекистон таълими: ислоҳотлар йўлида муваффақиятли ҳамкорлик» форуми бошланди.

Унда таълим соҳасидаги халқаро ва маҳаллий экспертлар ҳамда давлат арбоблари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлик ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова, Массачусетс технологиялар институти J-Well директори Vijay MS Kumar, Мюнхен техника университети фахрий президенти Volfgang Herman, UNESCOнинг таълим масалалари бўйича диреcтор ўринбосари Стефаниа Жианини (видеомурожаат), Cambridge Assessment халқаро таълим ташкилотининг таълим йўналиши бўйича Бош маслаҳатчиси Stive King, Cambridge Assessment халқаро ташкилоти Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Megan Thomas ва Times Higher Education Бош тижорат директори Nick Davis иштирок этмоқда.

30 дан ошиқ давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар форум очилиши аввалида ўтказилаётган кўргазмалар билан қизғин танишди.

Форумда Муҳаммад Ал-Хоразмий мактаби ўқувчилари ўзларининг ўнлаб ишланмалари билан иштирок этишди. Уларнинг ҳар бир ишланмаси кузатувчиларда қизиқиш уйғотди.

«Бу бизнинг Smart-Hous проектимиз. Буни биз ўз гуруҳимиз билан ишлаб чиққанмиз. Бу аққли уй лойиҳамиз барча қулайликларни ўз ичига олади. Масалан, ҳовлига киришдан бошлаб, ҳаммаси автоматлаштирилган бўлади. Эшиклар инсон ҳаракатини аниқлаши билан ўзи очилади. Шунингдек, автотураргоҳ ҳам худди шундай очилади. Бундан ташқари уй ичкарисидаги ҳарорат ҳам ҳам назорат остида бўлади. Ортиқча совуқлик ёки иссиқлик ҳолати сезилиши билан уйда ҳаво айланиш тизими ишга тушади ва ҳарорат қониқарли кўрсатгичга олиб келинади», — дейди Муҳаммад Ал-Хоразмий мактаби ўқувчиси Муҳайёхон.

Шунингдек мактабнинг яна бир қатор ўқувчилари ўзларининг ишланмалари билан иштирок этишмоқда. Бунда улар томонидан яратилган сурат чизувчи, ичимлик қуювчи, футбол ўйнайдиган ва яна бир неча турдаги роботлар меҳмонларга намойиш қилинмоқда. Улар ўз ишланмаларининг хусусиятлари, бажарадиган вазифалари ва аҳоли учун нима қулайликларни олиб келиши ҳақида айтиб беришди.

«Биз синфимиз билан кубик-рубик йиғадиган робот ва юк кўтара олиш қобилиятига эга бўлган робот фил билан қатнашяпмиз. Бу роботларимизнинг қисмларини чет элдан буюртма асосида чақиртирамиз. Роботни қисмлари асосида ўзимиз йиғамиз. Шу билан бир қаторда биз бу роботларга керакли дастур тилида кодларни ёзиб, уларнинг бажариш функцияларини ўрнатамиз. Робот филимиз юра олади, бир неча юкни кўтариб, бир жойдан иккинчи жойга ташиш қобилиятига эга. Кубик-рубик йиғадиган роботга биз ўзимиз код ёзганмиз ва унинг энг юқори кўрсатгичи 4 секундда исталган чалкашликдаги кубик-рубикни йиғиб чиқади. Бунда ўйинчоқ ичига ўрнатилган узатгич юборган сигналлар орқали робот керакли рангни қаерда жойлашинини ўзи аниқлаб олади», — дейди мактабнинг 7-синф ўқувчилари.

Форум давомида юқори мартабали меҳмонлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда, жумладан «Глобал таълимда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими: хориж тажрибаси ва интеграция» мавзуси, хусусан:
- Замонавий меҳнат бозори талабларига мувофиқ таълим беришнинг аосий омиллари;
- Иқтидорли ёшлар учун сифатли таълим шароитлари яратиш;
- Глобал миқёсдаги таълимий янгиликларни маҳаллий шароитда жорий этиш;
- Куннинг иккинчи ярмида, шунингдек Агентлик томонидан Ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган ташкилот ва элчихоналар билан меморандум имзоланди.

Иккинчи кун, 25 ноябрь куни Президент таълим муассасалари агентлиги ва Ҳалқ таълими вазирлиги тизимидаги ўқитувчилар учун малакали хорижий мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ва тақдимотлар ташкил этилади.

Шу куни форум иштирокчилари учун ялпи мажлис бўлиб ўтади, унда, жумладан рақамлашган даврда чет тилларни ўқитиш кўникмалари ва СТEМ фанлари жорий қилишнинг ҳозирги муаммолари ва келажакдаги стратегиялари каби масалалар муҳокама қилинади.

Шу куни, иштироклар учун интерактив ўйинлар ташкил этилиб, сертификатлар тақдим этилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Ақлли уй қандай бўлади? Ёш дастурчи янги лойиҳа ҳақида гапириб берди