20:46 / 08.01.2025
92

Давлат сирлари тўғрисида қонун қабул қилинди

Давлат сирлари тўғрисида қонун қабул қилинди
Ўзбекистон президенти 2024 йил 27 декабр куни «Давлат сирлари тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонун имзоланганидан 3 ой ўтгач, 2025 йил 29 мартдан қонуний кучга киради.

Ҳужжатда давлат сирлари билан боғлиқ асосий тушунчаларга қуйидагича таъриф берилган:
  • давлат аҳамиятига эга бўлган сир ‒ ошкор этилиши Ўзбекистоннинг мудофаа қобилиятига, давлат хавфсизлигига, иқтисодий ва сиёсий манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маълумотлар;
  • давлат сирлари ‒ ошкор этилиши Ўзбекистоннинг хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган давлат аҳамиятига эга сирни ва (ёки) хизмат сирини ташкил этадиган, давлат томонидан ҳимоя қилинадиган ва махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотлар;
  • хизмат сири — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар фаолиятининг ҳар қандай соҳасига, шу жумладан ҳарбий, иқтисодий, сиёсий, илмий-техник, ишлаб чиқариш, разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолиятига тааллуқли бўлган, ошкор этилиши ушбу ташкилотларнинг манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган маълумотлар. Хизмат сири давлат аҳамиятига эга бўлган сирнинг таркибий қисми бўлиши мумкин.

Давлат сирлари соҳасидаги ягона давлат сиёсати Ўзбекистон президенти томонидан белгиланади. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси давлат сирлари соҳасидаги норматив-ҳужжатларни ишлаб чиқиш, тартиб-қоидаларни белгилаш каби ваколатлари бор. Ҳукумат, шунингдек, давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг давлат сирларини чет давлатларга, халқаро ташкилотларга ёки юридик шахсларга беришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаларини кўриб чиқади ва қарор қабул қилади.

Қонунга кўра, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати давлат сирлари соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир. Қонунни ҳам ДХХ ишлаб чиққан. Махсус ваколатли давлат органи давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш учун бошқа ташкилотларга рухсат беради, бу ташкилотларнинг соҳадаги фаолияти, махфийлик режими устидан назорат қилади. ДХХ давлат сирлари тўғрисидаги қонунчилик бузилиши билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олади, уларни аниқлайди, фош этади ва тергов қилади.

Давлат сирлари жумласига киритиладиган маълумотлар 4 та соҳага бўлинади:
  • ҳарбий соҳадаги давлат сирлари;
  • ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодиёт соҳасидаги давлат сирлари;
  • разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолияти ва давлат хавфсизлигига доир давлат сирлари;
  • иқтисодиёт, таълим, фан ва техника соҳасидаги давлат сирлари.

Ҳарбий соҳадаги давлат сирлари кенг қамровли бўлиб, булар жумласига 20 хил турдаги маълумотлар киритилган. Хусусан, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг сони, стратегик ёйилиши, жанговар таъминоти ва таркиби, қурол-яроғ, ҳарбий техникалар ва уларнинг ҳолати, ёқилғи, алоқа тармоғидан тортиб давлат мудофаа буюртмаси, объектлари ва мудофаа учун ажратилган харажатларга доир барча маълумотлар давлат сирлари ҳисобланади.

Ҳужжатда келтирилган ташқи сиёсатга оид ва ташқи иқтисодий соҳадаги давлат сирлари тоифаси ҳам жуда кенг олинган – 6 турдаги маълумотлар. Хусусан, барвақт тарқатилиши Ўзбекистон манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган, ташқи сиёсат стратегияси ва тактикасига доир маълумотлар давлат сири ҳисобланади. Бундан ташқари, халқаро дипломатик музокаралар маълумотлари – манбанинг аниқланишига олиб келса ёки тарафлардан бири учун дипломатик мураккабликларга сабаб бўлиши мумкин бўлса, бундай маълумотлар давлат сири ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг хавфсизлигига, сиёсий ва бошқа манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган халқаро шартномалар ҳақидаги, қурол-яроғ ва ҳарбий аслаҳа экспорти ва импортига доир маълумотлар, чет давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан Ўзбекистоннинг алоҳида даврдаги иқтисодий ҳамкорлиги ҳажми ҳамда мазмунини фош этувчи маълумотлар ҳам махфийлаштирилмоқда.

Разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолияти ва давлат хавфсизлигига тааллуқли давлат сирлари 9 турга бўлинган. Улар қаторига ушбу ташкилотларнинг куч-воситалари, режалари, кадрлар таркиби, улар билан ҳамкорлик қилаётган шахслар ҳақида маълумотлар, давлат органларининг ҳимояланган алоқа тармоқлари, криптографик ҳимоя воситаларининг калитли ҳужжатлари, Ўзбекистон суверенитетига қарши жиноятларнинг терговига доир айрим маълумотлар киритилган.

Давлат томонидан қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашга доир маълумотлар ҳам махфийлаштирилган.

Иқтисодиёт, таълим, фан ва техника соҳасидаги давлат сирлари жумласига киритиладиган маълумотлар энг кенг қамровли бўлиб, жами 25 турга бўлинган. Булар қаторида Ўзбекистон иқтисодиётининг уруш даврида барқарор ишлашига тайёргарлик кўрсаткичлари, айрим турдаги нодир металларни ишлаб чиқариш ҳақидаги маълумотлар, ер қаъридаги ресурслар ҳақидаги маълумотлар, давлат ҳужжатларини қалбакилаштиришдан ҳимоялаш усулларига доир маълумотлар, фуқаро муҳофазаси куч-воситаларига доир маълумотлар ва бошқалар киради.

Қонун билан давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар махфийлиги 3 даражага бўлиниб, мазкур маълумотларни ташувчилар учун махфийлик грифлари белгиланди:
  • Махфийликнинг 1-даражаси: «Алоҳида аҳамиятли»
  • Махфийликнинг 2-даражаси: «Мутлақо махфий»
  • Махфийликнинг 3-даражаси: «Махфий»

Бунда:
  • давлат аҳамиятига эга бўлган сирни ташкил этувчи маълумотларга «Алоҳида аҳамиятли» ёки «Мутлақо махфий» грифларидан бири берилади;
  • хизмат сирини ташкил этувчи маълумотларга «Мутлақо махфий» ёки «Махфий» грифларидан бири берилиши мумкин;
  • давлат сирлари жумласига киритилмаган маълумотлар учун юқорида кўрсатилган махфийлик грифларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Маълумотларни давлат сирлари жумласига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан тегишли маълумотлар махфийлаштирилган ҳисобланади. Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни махфийлаштириш муддати:
  • давлат аҳамиятига эга бўлган сир учун — 30 йилдан;
  • хизмат сири учун — 10 йилдан ошмаслиги керак.

Алоҳида ҳолларда, давлат аҳамиятига эга бўлган сирни махфийлаштириш муддати узайтирилиши мумкин. Мазкур ҳолларда тегишли экспертлар комиссиясининг хулосаси талаб этилади.

Ҳужжатга кўра, қуйидаги маълумотлар махфийлаштирилмайди:
  • фавқулодда вазиятлар ҳамда фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа ҳоллар ва уларнинг оқибатлари, табиий офатлар, уларнинг расмий прогнозлари маълумотлари;
  • экологиянинг, соғлиқни сақлашнинг, санитария, демография ва бошқа ижтимоий хизматларга доир маълумотлар;
  • жиноятчилик ҳолати тўғрисидаги маълумотлар;
  • Ўзбекистоннинг макроиқтисодий кўрсаткичлари, бюджет параметрлари;
  • инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишига оид маълумотлар;
  • давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунчиликнинг бузилишлари ҳақидаги маълумотлар;
  • фойдаланилиши, тарқатилиши ва тақдим этилиши қонун билан чекланмаган бошқа маълумотлар.

Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар раҳбарлари жисмоний шахсларнинг ёки ташкилотларнинг мулкида бўлган маълумотларни ва уларни ташувчиларни махфийлаштириши мумкин. Ушбу мулклар шартнома-келишув асосида ёки суд қарори билан мажбурий олиб қўйилади. Иккала ҳолатда ҳам мулкдорга компенсация тўланади.

Ўзбекистон фуқароларига, чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома – махсус ваколатли давлат органи, яъни ДХХ томонидан берилади. Давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома 18 ёшга тўлган, айрим ҳолларда 16 ёшга тўлган шахсларга расмийлаштирилади.

Давлат сирларидан фойдаланишга рухсат берилаётган шахс – уларни ошкор этмаслик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси олдида ёзма мажбурият қабул қилиши, ўзининг айрим ҳуқуқлари чекланишига розилик бериши, ДХХ томонидан ўзига нисбатан текширув ўтказилишига ёзма розилик бериши, қонун талабини бузганлик учун жавобгарлик билан танишиши шарт.

Қуйидаги мансабдор шахсларга сайланган ёки тайинланган кунидан эътиборан ваколат муддати тугагунига қадар давлат сирларидан фойдаланиш учун текширув тадбирлари ўтказилмасдан рухсатнома расмийлаштирилади:

- президент;
- бош вазир;
- Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар;
- судялар;
- Олий Мажлис палаталари томонидан сайланган ёки тайинланган шахслар;
- Президент давлат хавфсизлик хизмати ходимлари;
- Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари;
- Президент томонидан лавозимга тайинланган шахслар.

Қасддан содир этилган жинояти учун судланганлик тугалланмагани, муомалага лаёқатсизлик, Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳаракатлари (ДХХ белгилайди) аниқлангани ёки текширув тадбирларидан бўйин товлаши – шахсга давлат сирларидан фойдаланиши учун рухсатнома бермасликка асос бўлади.

Давлат сирларидан хабардор шахсларнинг ҳуқуқлари қуйидаги ҳолатларда вақтинча чекланиши мумкин:
  • давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома ва меҳнат шартномаси амалда бўлган муддатда Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқиш ҳуқуқи (фақат фуқаролар учун);
  • давлат сири бўлган маълумотларни ўз ичига олган кашфиёт-ихтиролардан фойдаланиш ва бундай маълумотларни тарқатиш ҳуқуқи;
  • рухсатномани расмийлаштириш даврида текширув тадбирларини ўтказиш чоғида шахсий ҳаёт дахлсизлигига бўлган ҳуқуқи чекланиши мумкин.

Давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома муддати якунлангач ҳам Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқишга доир чеклов қолади, бунда:
  • «Алоҳида аҳамиятли» грифли махфий маълумотлар учун — узоғи 3 йил;
  • «Мутлақо махфий» грифли махфий маълумотлар учун — узоғи 2 йил;
  • «Махфий» грифли махфий маълумотлар учун — кўпи билан бир йил.

Ўзбекистон, шунингдек, чет давлатларнинг ва халқаро ташкилотларнинг берилган махфий маълумотларини, уларнинг биргаликдаги фаолияти давомида шакллантирилган махфий маълумотларни қонунчилик ва халқаро шартномаларига мувофиқ ҳимоя қилади. Давлат сирларини ҳимоя қилиш учун ажратиладиган бюджет маблағларининг сарфланиши устидан назорат давлат сиридан фойдаланиш билан боғлиқ бўлса, назоратни амалга оширувчи шахслар ҳам рухсатномага эга бўлиши керак.

2025 йил 29 мартда – мазкур қонун кучга кирган пайтдан бошлаб 1993 йил 7 майда қабул қилинган «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги қонун ўз кучини йўқотади. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу ҳужжатнинг моҳияти, аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириши лозим. Ҳукумат 3 ойдан 6 ойгача бўлган муддатда ушбу қонунда назарда тутилган соҳадаги янги тартибларни ишлаб чиқиши керак.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 162-моддасида давлат сирларини ошкор қилганлик учун 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 163-моддасида эса давлат сири ёки ҳарбий сир ҳисобланган ҳужжатларни йўқотганлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Бундан ташқари, жиноят қонунчилигига кўра, давлат сирлари давлатга хоинлик қилиш (157-модда) ва жосуслик (160-модда) ҳаракатлари билан очиқланса, 20 йилгача озодлик маҳрум қилиш билан жазоланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон