Ўзбекистонда ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳаво совийди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Республика бўйлаб ҳафта давомида беқарор об-ҳаво кузатилиб, айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.
- Чоршанба ва жума кунлари орасида ҳаво ҳарорати 3-4 даражага пасаяди.
- Шунингдек, баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиб, чанг бўронлари кузатилиши, тоғолди ва тоғли ҳудудларда эса сел-сув тошқинлари юзага келиши эҳтимоли бор.
Ўзбекистонда ушбу ҳафта давомида беқарор об-ҳаво кузатилиши, ҳарорат пасайиши ва айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши кутилмоқда.
“Ўзгидромет” маълумотларига кўра, 15 июнь куни кундуз пайти Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий вилоятида, куннинг иккинчи ярмида Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ҳамда кечга яқин Фарғона водийси ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида эса ёғингарчилик кутилмайди.
16—17 июнь кунларида Ўзбекистон бўйича ноустувор об-ҳаво сақланиб қолади. Кўпчилик вилоятларда айрим жойларда момақалдироқ билан бирга қисқа муддатли ёмғир ёғади. 18—19 июнь кунларида эса фақат марказий ва шарқий вилоятларда айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилади, қолган ҳудудларда ёғингарчилик бўлмайди.
Душанба ва сешанба кунлари кундузги ҳарорат 35–38 даража, чўл ҳудудларда 39–41 даража, энг жанубий чекка ҳудудларда эса 41–43 даража атрофида бўлади. Чоршанба—жума кунларида ҳаво ҳарорати 3–4 даражага пасаяди.
Шамол 7–12 м/с тезликда эсади, баъзан 13–18 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг бўронлари билан кузатилади. 15—17 июнь кунларида шимолий ва чўл ҳудудларда баъзида шамол тезлиги 20–22 м/с гача етиши мумкин.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида вақт-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилади. Айрим жойларда сел-сув тошқинлари юзага келиши эҳтимоли мавжуд.
Тошкент шаҳрида 15—16 июнь кунлари кечга томон қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кундузи 36–38 даража атрофида бўлади. 17—19 июнь кунларида куннинг иккинчи ярмида ҳам момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғирлар кузатилиши кутилмоқда. Ҳарорат асосан 31–34 даража атрофида бўлади.






























Изоҳлар 0
…